«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ва спорт директори Деку жамоанинг ёш футболчиларидан бири борасида турлича фикрда. Гап ёзда «Брюгге» фарм-клубидан каталонияликлар сафига қўшилган Жессе Бисиву ҳақида кетмоқда.
El Nacional нашри Бисиву атрофидаги вазият ҳақида материал эълон қилди. Унда айтилишича, Деку 18 ёшли футболчида Ламин Ямалга ўхшаш тарзда ривожланиб, яқин вақт ичида асосий жамоага яқинлаша оладиган иқтидорни кўрмоқда. Аммо Фликнинг бу борадаги фикри бошқача.
«Флик футболчини машғулотларда кўргач, бу кутилмаларни анча совутди. Германиялик мутахассиснинг фикрича, Бисиву ҳозирча асосий жамоада мунтазам ўрин учун рақобат қилиш даражасига етмаган», — дейилади материалда.
Фликнинг фикрича, 18 ёшли футболчини асосий таркибга эрта жалб қилиш унга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин. Мураббийнинг режасига кўра, бельгиялик футболчи аввало ёшлар жамоасида ўйнаб, испан футболига мослашиши керак.
«Флик, энг аввало, Бисиву бўш ҳудудлар кам бўлган вазиятларда қандай ҳаракат қилишини кўрмоқчи. Унда тезлик ва рақибни бирга-бир вазиятда ортда қолдириш қобилияти бор. Аммо асосий жамоада фақат рақибдан ўтиб кетишнинг ўзи етарли эмас. У прессинг, тактик фикрлаш, жамоадошлар билан ўзаро ҳаракат ва қарор қабул қилишни яхшилаши керак», — деб ёзади нашр.
Умуман олганда, Флик Бисивуга катта умидлар борлиги учунгина асосий жамоада ўйин вақти бериш ниятида эмас. «Барселона» Жессенинг салоҳиятига ишонади, аммо у асосий таркибдаги ўрнини аввало резерв жамоадаги ўйини билан исботлаши керак.













