Лондоннинг «Арсенал» клуби ярим ҳимоячиси Деклан Райс тез орада клуб билан янги шартнома имзолаши мумкин.
Амалдаги келишув 2028 йилда ўз ниҳоясига етади, аммо томонлар шартномани узайтириш бўйича музокараларни бошлаб юборишган, деб хабар беради afcnewsroom. Янги битим 2031 йилгача мўлжалланади. У имзоланган тақдирда, хавбек жамоанинг энг кўп маош олувчи ўйинчилари қаторидан жой олади — унга тахминан Букайо Сака каби маош тўланади.
Деклан Райс 2023 йилнинг ёзида «Вест Хэм»дан 116 млн евродан ортиқ маблағ эвазига «Арсенал»га ўтган эди. Англиялик футболчи «канонирлар» сафида 165 та ўйин ўтказиб, 21 та гол ва 33 та голли узатмага муаллифлик қилди.













