Кириш Регистрация

Андрей Шашков: «Оқ-тепа»га омад тилайман!»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, “Оқ-тепа”нинг тажрибали ҳимоячиси Андрей Шашков икки ҳафта муқаддам Россияга йўл олганди. Биз сафар олдидан футболчи билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олгандик. Қуйида мазкур интервьюни ўқишингиз мумкин.

— Андрей, Россияга жўнаб кетаётганингиз ҳақида эшитдик. Бу қанчалик ҳақиқат эканлигига ўзингиз ойдинлик киритсангиз.
— Тўғри, 17 сентябрь куни ҳаётимнинг қолган қисмини ўтказиш учун Россия пойтахти Москвага кўчиб кетяпман. Бундан кейин ўзимнинг оилам, яъни, турмуш ўртоғим ва фарзандим билан Россияда истиқомат қиламиз. У томонларда қариндошларим бор. Насиб қилса, маҳаллий муҳитга мослашиб олишим у қадар қийин кечмайди, деб ўйлайман.

— Москвада ҳам футбол ўйнаб турасизми? Ёки футболчилик фаолиятингизни якунлаб, бошқа иш билан шуғулланасизми?
— Ҳозирги режамда футбол ўйнаш жой олган. Сабаби, ҳали ёшман, аниқроғи, қари эмасман. Режамга кўра, камида Россия чемпионатининг иккинчи лига баҳсларида тўп тепмоқчиман. Қолганини вақт кўрсатади. Даставвал, Москвага етиб олай, балки режага ўзгартириш киритарман. Аммо қандай бўлишидан қатъий назар, ҳали бир неча йил тўп тепмоқчиман.

— Сўзларингиздан Россияга бутунлай кўчиб кетишингиз сабабини тушунмадим? Ота-онангиз ва аксар қариндош ҳамда дўстларингиз Ўзбекистонда бўлса, сизни Москвада яшашингизга нима туртки бўлмоқда?
— Буни қандай тушунасиз билмадим, шунчаки, у томонларда ҳам тўп тепсам футболчи сифатида янада ўсмоқчиман. Ўзбекистон менга ҳар доим ёққан. Буни инкор қилмайман. Туғилиб ўсган юртимни ташлаб кетиш осон эмас, лекин мен ҳаётимнинг қолган қисмида нималаргадир эришмоқчиман?! Ҳеч бўлмаса тўп тепиш орқали. Инкор қилмайман, молиявий томонимни ҳам яхшилаб олмоқчиман. Шукр, бу ерда олий ва 1-лиганинг кўзга кўринган клублари сафида ўйнадим, деярли ҳеч нарсага эришганим йўқ.

— Энди болалик йилларингизни эсласак. Футболга кириб келишингиз қандай бўлган?
— Хабарингиз бор, дадам ўз вақтида таниқли ҳакам бўлганлар. Шунинг учун оиламизда футбол муҳити ҳукмрон эди. Миллионлар ўйинига илк қадамларимни Тошкентдаги футболга ихтисослашган мактаб-интернатида қўйганман. Дастлабки мураббий дадам саналадилар. Интернетни битиргач пойтахт иккинчи лигасида иштирок этадиган жамоа шарафини ҳимоя қилдим. Шундан сўнг профессионал фаолиятим бошланди. Аниқроғи, менга олий лига вакили “Металлург”дан таклиф бўлди.

— Фаолиятингизни ярим ҳимоячи сифатида бошлагансиз. Ҳимоячи ролига ўтишингизга нима сабаб бўлган?
— Ҳақиқатдан ҳам аввал марказий ярим ҳимояда ўйнаганман. “Металлург”да худди амплуада тўп сурганман. “Қизилқум”га ўтгач, бош мураббий Игорь Шквириннинг талаб ва таклифига биноан фаолиятимни чап қанот ҳимоячиси сифатида давом эттирганман.

— Ўзингизга қайси чизиқда тўп суриш кўпроқ ёқади?
— Ҳимояда. Шунинг учун ҳам бир неча йиллардан буён шу амплуада тўп суриб келяпман. Чап қанот ҳимоясида ўзимни анча эркин, яхши ҳис қиламан.

— Айни ўйнайдиган ёшингизда 1-лига клуби шарафини ҳимоя қилдингиз. Фаолиятингиздаги бу пасайишни нима билан изоҳлаган бўлардингиз?
— Характерим билан боғлиқ бўлса керак?! Боиси, мен ҳар қандай мураббийга хатосини очиқ гапирвораман. Гарчи айбдор бўлса-да, мураббий ўзига шогирди томонидан эътироз билдирилишини ҳазм қила олмайди. Қолаверса, бу футбол этикасига ҳам тўғри келмайди. Бу ерда менинг ҳам айбим бор. Бундан ташқари, мен захирада ўтиришни ёқтирмайман. Олий лига клубининг захира ўриндиғини тўлдириб ўтирганда кўра, биринчи лигада асосий таркибда тўп сурган маъқул.

— Олий лига клублари таркибида барқарор ўйнаб кетиш учун инсонда қандай хислат бўлиши зарур?
— Характер. Фақат мураббийларга очиқ гапирадиган характер эмас, балки майдонда ўзини кўрсата оладиган характер. Аслида бу футболчининг асосий хислати бўлиши лозим. Акс ҳолда у фаолияти давомида ҳеч нарсага эриша олмайди. Яширмайман, олий лига жамоаси сафида мунтазам равишда ўйнаб кетиши учун ўзингизнинг мураббийингиз ҳам бўлиши керак. Бу ўзбек футболининг оғриқли нуқтаси. Сабаби, раҳбарият ҳар қандай мураббийдан қисқа муддат ичида натижа талаб қилади, у табиийки, ўзи билган ва таниган шогирдларига ишонч билдиради. Оқибатда клуб шарафини кўп йиллар ҳимоя қилган футболчи ҳам четга чиқиб қолади. Оддий мисол, 2011 йил Виктор Жалилов “Динамо”га таклиф қилди. Виктор Романович даврида асосий таркибда доимий равишда ўйнаб келаётган эдим. Кейин у истеъфога чиқарилди. Янги бош мураббий клубга Аҳмад Убайдуллаев ўз шогирдларини олиб келди. Натижада биз четга чиқдиқ. Хусусан, Дониёр Усмонов, Шаҳзод Нурматов ва мен. Хуллас, мураббий билан яхши муносабатда бўлиш шарт экан.

— “Локомотив”дан кетишингизга нима сабаб бўлган?
— “Темирйўлчилар” билан икки йиллик шартномага имзо чеккандим. Амалда яна бир мавсум мазкур клуб шарафини ҳимоя қилишим лозим эди. Лекин мураббийлар менга ишонч билдиришмади. Ўринбосарлар сафида ўтказишди, бу орада “Локомотив”нинг мини-футболдаги жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилдим. Бироқ бу ҳолатларнинг ҳеч бири менга маъқул келмади ва клубдан кетиб, “Оқ-тепа”га қайтдим.

— Ўринбосарлар сафида ўйнаб юрсангиз бўлмасмиди? Ҳар ҳолда биринчи лигадан кўра, ўринбосарлар таркибидан олий лигага қайтиш осонроқ. 
— Ўринбосарлар жамоаси таркибида ўйнаш ёшидан ўтгандим. Бунга қадар “Металлург” ва “Қизилқум”да ҳам ўринбосар футболининг таъмини тотиб кўргандим. Айни ўйнидиган ёшимда яна ўринбосарлар билан шуғулланишни истамадим. Унда кўра, биринчи лигада тўп тепишни лозим деб топдим.

— “Оқ-тепа” сизга нимаси билан ёқади?
— Бу жамоада режали ўйин бор бор. Бошқа клубларда буни сезганим йўқ. Агар жамоада режали ўйин бўлмаса, уни кўча футболидан фарқи қолмайди.

— Давом этаётган мавсум ҳақида фикрингиз?
— Ўйлашимча, мавсум “Оқ-тепа” учун ёмон ўтаётгани йўқ. Ёш бўлса-да, бош мураббийимиз ажойиб коллектив туза олди. Жамоанинг ўйини ва натижасига қараб, Александр Султанович клубда қандай ишлаётганини билиб олса бўлади. Тўғри, майдонда барча ишни футболчилар амалга оширади, лекин улар мураббийнинг кўрсатмасини бажаришади. “Оқ-тепа”да худди шу нарса кўзга кўринмоқда. Бунда футболчилар бир-бири билан аҳил эканлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Натижаларимизга эътибор қаратадиган бўлсангиз, биз етакчиларнинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйганимизга гувоҳ бўласиз. Демак, жамоада барча ўз ишини бажармоқда. Бизда юқори ўринларни эгаллаш учун имконият бор.

— Лекин жамоа сафардан фақат “қуруқ қўл” билан қайтмоқда?
— Юқорида таъкидлаганимдек, футболда характер муҳим роль ўйнайди. Таркибимизда ёш ўйинчилар ҳаракат қилмоқда. Балки уларга ўйин тажрибаси билан бир қаторда характер ҳам етишмаётгандир?! Энг асосийси, мағлубиятларимизга учрашувга ўйин куни етиб бораётганимиз ҳам сабаб бўлмоқда.

— Лига етакчилари ниманинг ҳисобига мағлуб этилди?
— Мақтаниш деманг, агар чемпионат баҳслари битта стадионда ўтказилса, “Оқ-тепа” бемалол олий лигага чиқади. Сабаби, биз ўзимиз тўп сурадиган сунъий майдонга шу қадар мослашганмизки, ўз-ўзидан янада яхши ўйнаймиз. Майли, учрашувлар бизнинг стадионда эмас, ЎФФ майдонида ўтказилсин, фарқи йўқ. Чунки майдон жуда текис. Бундай майдонда ўйлаган режангизни бажара оласиз. Бошқа стадионларга мослашгунимизча мезбонларга истаганча гол уришади. Қолаверса, айтганимдек, бизда жуда аҳил коллектив йиғилган.

— “Оқ-тепа” мавсумни қайси ўринларда якунлайди деб ўйлайсиз?
— Иккинчи босқичнинг иккинчи даврасини бизни қийин учрашувлар кутиб турибди. Шуни инобатга олган ҳолда холисона айтсам, “Оқ-тепа” мавсумни камида 7-ўринда якунласа керак.

— Энди собиққа айланган жамоадошларингиз ва клуб раҳбариятига тилакларингиз!
— Барча жамоадошларимнинг кейинги фаолиятига омад тилайман! “Оқ-тепа” мавсумни юқори ўринларда якунлаб олсин. Клуб босқичма-босқич ривожланиб, шу даражага чиқди. Раҳбариятнинг одилона сиёсати туфайли катта қурилишлар амалга оширилди. Жамоа ўз стадиони ва базасига эга бўлди. Кўрсангиз кўзингиз қувнайди. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Буёғига ҳам ишлар шу зайлда давом этиб, “Оқ-тепа” олий лига йўлланмасини қўлга киритиши тарафдориман.

МАЪЛУМОТ УЧУН
АНДРЕЙ ШАШКОВ
Туғилган санаси: 18 май 1986 йил
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: ҳимоячи
Бўйи: 188см. Вазни: 79кг
Биринчи мураббий: Валентин Шашков
Ўйнаган жамоалари: “Металлург” (2005-2006 йиллар), “Қизилқум” (2007 йил), “Сокол” (2008 йил), “Локомотив” (2009 йил), “Оқ-тепа” (2010 йил), “Динамо” (2011 йил), “Оқ-тепа” (2012-2013 йиллар).

Манба: www.oq-tepa.uz
Киритилди: 16:08, 01.10.2013.
Ўқилди: 3515 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.