Англия терма жамоаси ва АПЛ клубларининг собиқ ярим ҳимоячиси Жейми Реднапп «Манчестер Сити» иши ҳақида фикр билдирди.
Ўтган ҳафта «шаҳарликлар» Англия Премьер-лигаси молиявий қоидаларини бузиш билан боғлиқ деярли барча айбловлар бўйича айбдор деб топилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
2023 йил февраль ойида АПЛ «Манчестер Сити»ни 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда молиявий қоидаларни 115 марта бузганликда айблаган эди. Кейинроқ The Times нашри қоидабузарликлар сони 115 эмас, 130 та эканини хабар қилди. Бунга Премьер-лига дастлаб айбловларни эълон қилган пайтда айрим қоидалар бўйича юзага келган тушунмовчилик сабаб бўлган. Кейинчалик АПЛ клуб барча айблов бандлари бўйича айбдор деб топилганини маълум қилди.
«Премьер-лига учун бу жуда оғир зарба, чунки бу ерда ғолиблар йўқ. Лига раҳбарияти бу ишда ғалаба қозонганидан маълум маънода қониқиш ҳис қилиши мумкин, аммо якунда барибир ғолиб йўқ.
«Сити»нинг обрўсига ҳам, Премьер-лиганинг имижига ҳам зарар етди. Бундан ташқари, буларнинг барчаси мухлисларга ҳам таъсир қилади. Ахир бу вазиятда энг муҳими айнан улар.
Биз доимо клубнинг трансфер бозоридаги ҳаракатларини кузатардик. Масалан, улар бир вақтнинг ўзида уч-тўрт нафар қанот ҳимоячисини харид қилганида, «Уларга ҳақиқатан ҳам бунга рухсат борми?» деб ўйлардик. Аммо ўша пайтда ҳаммаси жойидадек туюларди.
Энди эса оқибатлар жуда катта бўлади. Апелляция қандай якунланишини кўрамиз, аммо ҳозирги вазият «Манчестер Сити» учун яхши кўринмаяпти», — деди Реднапп.













