Таниқли спорт ҳуқуқшуноси Пол Гилрой «Манчестер Сити» молиявий қоидаларни бузган тақдирда, клуб футболчилари жамоани текинга тарк этиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини айтди.
Гилройнинг таъкидлашича, муайян ҳолатларда шартномани бекор қилиш имконини берувчи махсус банд меҳнат шартномасида албатта бўлиши шарт эмас. У клуб ва футболчи ўртасида доимо ўзаро ишонч бўлиши кераклигини қайд этди.
«Агар сиз менга ишонмасангиз ёки мен сизга ишонмасам, ёки сиз мени ёлғончи деб атасангиз, мен сиз учун ишлашдан бош тортишим мумкин. Футболчи шундай дейиши мумкин: «Сиз ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган шартларни буздингиз. Сиз менинг иш берувчимсиз ва ушбу шартни буздингиз. Бу эса менга шартномамни бекор қилиб, кетиш ҳуқуқини беради», — деди Гилрой Stick to Football подкастида.
Шундан сўнг «Ливерпуль»нинг афсонавий собиқ футболчиси Жейми Каррагер ҳазил тариқасида:
«Демак, «Ливерпуль» Холандни текинга ўз сафига қўшиб олиши мумкинми?» — деб сўради.
Гилрой эса шундай жавоб берди:
«Бу мумкин. Кўплаб шарҳловчилар бу эҳтимолдан йироқ эканини айтаётганини кўрдим, аммо ҳаммаси жуда кўп омилларга боғлиқ. Шунга қарамай, бу ҳақиқатан ҳам амалга ошиши мумкин бўлган вариант».













