Миланнинг «Интер» клуби ярим ҳимоячиси Кёртис Жонс жароҳат олди. Англиялик футболчи Италия А Серияси доирасида «Парма»га қарши бўлиб ўтадиган учрашув олдидан сафдан чиқди.
«Интер» матбуот хизмати 25 ёшли футболчининг соғлиғи билан боғлиқ вазият юзасидан расмий баёнот эълон қилди.
«Кёртис Жонс бугун эрталаб Роццано шаҳридаги Humanitas тиббиёт институтида клиник ва инструментал текширувлардан ўтди.
Текширувлар натижасида унинг ўнг сонидаги яқинлаштирувчи мушаклар соҳасида миофасциал чўзилиш аниқланди.
Футболчининг ҳолати яқин кунларда қайта баҳоланади», — дейилади «Интер»нинг расмий баёнотида.
Дастлабки маълумотларга кўра, англиялик ярим ҳимоячининг тикланиши уч ҳафтагача давом этиши мумкин.
Шу сабабли Жонс «Интер»нинг «Парма», «Брюгге», «Болонья», «Фиорентина», «Шахтёр» ва «Венеция»га қарши бўлажак учрашувларини ўтказиб юбориши кутилмоқда.
Шунингдек, футболчининг Италия чемпионати доирасида «Милан»га қарши ўтказиладиган дербида иштирок этиши ҳам сўроқ остида қолмоқда.













