Англия миллий терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель «Челси»нинг ҳужумкор футболчиси Коул Палмер миллий жамоа йиғинидан четда қолганидан сўнг унга нисбатан қатъий фикр билдирди.
Германиялик мутахассиснинг таъкидлашича, Англия терма жамоаси айрим юлдуз футболчиларнинг йўқлигига қарамай, ўз олдига қўйилган мақсадлар сари ҳаракат қилишда давом этади.
Тухель миллий жамоада ўйнашни истаган ҳар бир футболчи чақирувни катта иштиёқ билан қабул қилиши ва жамоа манфаатларини биринчи ўринга қўйиши кераклигини таъкидлади.
«Ҳар бир футболчи терма жамоага келишни чин дилдан исташи, бу ерда ўйнашга қаттиқ интилиши керак. Чунки поезд аллақачон ҳаракатга келган.
Бу жараёнга тўлиқ қўшилган ва ўзини жамоага бағишлаган футболчиларнинг барчаси эътирофга лойиқ.
Биз фақат шу тарзда муваффақиятга эриша оламиз», — деди Тухель журналистларга берган интервьюсида.
Англия терма жамоаси сўнгги учрашувларда юқори натижадорлик намойиш этмоқда. Хусусан, инглизлар УЕФА Миллатлар лигасининг тўртта баҳсида рақиблар дарвозасига жами 16 та гол уришга муваффақ бўлди.
Жамоанинг бундай муваффақиятли ўйинлари Коул Палмер учун миллий терма жамоадаги рақобатни янада кучайтириши мумкин.
Энди «Челси» футболчиси Англия таркибидаги ўрнини қайтадан мустаҳкамлаш учун ўз имкониятларини исботлашига тўғри келади.
Маълумот учун, Коул Палмер жорий мавсумда «Челси» сафида Англия Премьер-лигасининг бешта учрашувида иштирок этиб, иккита гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.













