2025 йилги Африка миллатлар кубогининг Работ шаҳрида ўтказилган можароли финалидан қарийб тўққиз ой ўтиб, Марокаш ва Сенегал яна бир-бирига қарши баҳс олиб бормоқда. Бу сафар икки мамлакат вакиллари футбол майдонида эмас, балки Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги суд мажлисида тўқнаш келади.
Foot Mercato нашри хабар беришича, 8 октябрь, пайшанба куни Марокаш ва Сенегал футбол федерациялари ҳамда Африка футбол конфедерацияси (CAF) вакиллари Спорт арбитраж судида (CAS) ўз далилларини тақдим этди.
Ишни Франция вакили Жеральд Симон раислигидаги уч кишилик ҳайъат кўриб чиқади. Унинг таркибига Луиджи Фумагалли ва Ульрих Хаас ҳам киритилган.
Можаро қандай бошланган?
Баҳсларга 18 январь куни бўлиб ўтган Африка миллатлар кубоги финалидаги воқеалар сабаб бўлган.
Марокаш ва Сенегал ўртасидаги ҳал қилувчи учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда VAR текширувидан сўнг Марокаш фойдасига пенальти белгиланган.
Бунга норозилик билдирган Сенегал футболчилари тахминан 16 дақиқа давомида майдонни тарк этган.
Ўйин давом эттирилгач, Марокаш футболчиси Браим Диас пенальтидан фойдалана олмаган.
Қўшимча бўлимларда эса Пап Гейе гол уриб, Сенегалга 1:0 ҳисобидаги ғалабани келтирган.
Бироқ март ойида CAF апелляция қўмитаси Сенегал футболчиларининг майдонни тарк этишини мусобақа қоидаларининг бузилиши деб топган.
Натижада Сенегалнинг ғалабаси бекор қилиниб, Марокашга 3:0 ҳисобида техник ғалаба ва чемпионлик унвони берилган.
Сенегал футбол федерацияси 25 март куни мазкур қарор устидан шикоят киритган.
Томонлар қандай далилларни келтирмоқда?
Марокаш томони мусобақа қоидаларида ҳеч қандай истисно назарда тутилмаганини таъкидламоқчи. Уларнинг фикрича, жамоа майдонни қанчалик қисқа муддатга тарк этганидан қатъи назар, қоидабузарлик учун белгиланган чора қўлланиши керак.
Сенегал эса Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) қоидаларининг 5-моддасига таяниб, учрашув бош ҳаками ваколатларини асосий далил сифатида келтирмоқчи.
Ҳозирча якуний қарор қачон эълон қилиниши белгиланмаган.













