Англия полицияси «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги учрашув олдидан хавфсизлик чораларини кучайтирди. Бунга мезбон жамоа мухлисларининг меҳмонлар автобусига ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлди.
Икки жамоа ўртасидаги баҳс 11 октябрь, якшанба куни «Энфилд» стадионида бўлиб ўтади.
The Sun нашрининг хабар беришича, ҳуқуқ-тартибот органлари юқори шайлик ҳолатига келтирилган.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари 2018 йилдаги воқеа такрорланишидан хавотирда. Ўшанда «Ливерпуль» мухлислари «Манчестер Сити» автобусига ғишт ва шишалар улоқтирган эди.
Англия Премьер-лигасининг бешта туридан сўнг «Манчестер Сити» 15 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
«Ливерпуль» эса тўққиз очко жамғарган ҳолда олтинчи ўринни эгаллаб турибди.
«Ливерпуль» — «Манчестер Сити» учрашуви 11 октябрь куни Ўзбекистон вақти билан соат 20:30 да бошланади.













