Африка футбол конфедерацияси (CAF) таркибига кирувчи барча 54 та миллий футбол ассоциацияси ФИФА президенти Жанни Инфантинони сўзсиз қўллаб-қувватлашини билдирди.
Мазкур қарор 2027 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган ФИФА президентлиги сайлови арафасида қабул қилинди.
CAF президенти Патрис Мотсепенинг маълум қилишича, Инфантинони қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарор бир овоздан қабул қилинган.
Мотсепе буни ФИФА раҳбарининг Африка футболи ривожига қўшган ҳиссаси билан изоҳлади.
Жанни Инфантино эса сўнгги ўн йил давомида FIFA Forward дастури орқали Африка футболига 1 миллиард доллар сармоя киритилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мазкур маблағлар қитъадаги 124 та турли лойиҳага йўналтирилган.
«Биз Африкани жаҳон футболида энг юқори поғонага олиб чиқиш учун зарур ресурсларни излаш ва молиялаштириш ҳажмини оширишда давом этамиз», — деди ФИФА раҳбари.
Аввалроқ Швейцария миллий терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Рамон Вега ҳам ФИФА президентлиги сайловида иштирок этиш ниятини маълум қилган эди.













