Франция Лига 1 мусобақасининг 6-туридан ўрин олган учрашувда «Монако» ўз майдонида «Тулуза» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Мезбонлар ярим ҳимоячиси Александр Головин ушбу баҳсда голли узатма муаллифи бўлди. 29-дақиқада россиялик футболчининг узатмасидан сўнг Эдан Диоп ҳисобни очди. Орадан 9 дақиқа ўтиб, Матти Аблен «Монако»нинг устунлигини икки тўпга етказди.
Бироқ иккинчи бўлимда меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. 48-дақиқада Каспер Тенгстедт пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди. 59-дақиқада эса Сьон Оппонг жамоасининг иккинчи голини киритиб, мувозанатни тиклади.
Шу тариқа, «Монако» икки тўплик устунликни сақлаб қола олмади ва ўз майдонида бир очко билан чекланди.
Ушбу дурангдан сўнг «Монако» 14 очко билан Франция чемпионати турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Ҳисобида 6 очко бўлган «Тулуза» эса 13-ўринни эгаллаб турибди.
Франция чемпионати. Лига 1. 6-тур.
10 октябрь, 23:45. «Луи II» (Монако)
«Монако» — «Тулуза» — 2:2
Голлар: Диоп, 29 (1:0), Аблен, 38 (2:0), Тенгстедт, 48 — пенальтидан (2:1), Оппонг, 59 (2:2).
«Монако» таркиби: Градецки, Дайер, Сане, Назинью, Вандерсон (Тезе, 75), Закария (Бензахра, 51), Камара, Головин, Детурбе (Идумбо, 58), Диоп (Балогун, 58), Аблен (Фати, 75).
«Тулуза» таркиби: Ресте, Маккензи, Коумбасса, Тапе, Мессали (Диалло, 77), Восса (Деннум, 84), Кассерес (Идальго, 84), Тенгстедт, Азизи (Сигур, 71), Йоргенсен, Рассел-Роу (Оппонг, 46).
Сариқ карточкалар: Назинью (47), Головин (54) — Кассерес (70), Оппонг (90).













