Кириш Регистрация
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол
24/11 00:45 Парма - Аталанта
24/11 01:00 Сельта - Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид

Матбуот хизмати ва журналистика

Баҳо:
+1 | -

Журналистика ва матбуот хизматини (ёки жамоатчилик билан алоқалар) танганинг икки томони. Биринчиси, яъни журналист, ўзи истаган янгиликларни суғуриб олишни истаса, иккинчи томон, яъни матбуот хизмати, уйдаги гапнинг кўчага чиқиб кетмаслиги учун ишлайди. Фарқи катта, лекин бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

Матбуот хизматининг вазифаси нималардан иборат эканлигини оддий футбол мухлиси билмайди. Буни эса баъзи обрўпарвар журналистлар суистеъмол қилишади. Балки, ўзлари билмаган ҳолатдадир, билолмадим. Ўзи қилиши керак бўлган ишни бошқалардан талаб қилиши ва шу каби бошқа ишбилмасликлардан журналистика жабр кўряптики, “журналист бўлиш учун диплом шарт эмас” деган нотўғри тенденция шаклланиб бўлди, аллақачон.

Ўрмонлар яна кўпайишни бошлаган вақтдаги журналистика
Электрон ОАВ ривожланиб кетди. Ахборот олиш ва тарқатишнинг энг тез, осон ва (бугунги кунда муҳим бўлган) арзон йўли ҳам шу. Одамлар газета ўқимай қўйди. Аслида эрталаб остонага ирғитиб кетилган ёки кўча эшиги ручкасига илиб кетилган кундалик газеталардан яхшиси йўқ, лекин бугунги кунда кундалик газета чиқариш учун фақат яхши ишлашнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун камида ёмон ишлаётган электрон нашрлар рақобатини енгиб ўтиш керак. Фотоальбомларнинг бир асргина яшагани, китобнинг қоғоздан планшетга кўчаётгани каби газеталар ҳам қоғозлардан воз кечаяпти. Дунёнинг энг машҳур нашрларидан бири “Newsweek” ҳам 79 йил ўтиб, электронлаштирилди. Планшетлар замонида ҳеч ким журнални сотиб олмай қўйди. Электрон обунага талаб ошди.

Яқинда қўлимга “Ўзбекистон футболи”нинг 1996 йилги сони тушиб қолди. Адади 15,000 дан кўп бўлган газетанинг ичи унинг ҳозиргисидан деярли фарқ қилмайди. Ҳозиргисида ҳатто устун тарафлари ҳам бор. Адади нари борса 3,000 та. Зеро, Ўзбекистонда ҳам кун сайин кўпайиб бораётган футбол веб-cайтларига бўлган қизиқиш кучайиб кетди. Янги даврга қадам ташлаяпмиз.

Келажакни ўзимча тасаввур қилиб ўтириб ўйлаб қоламан. Технология инсониятнинг ҳаётини осонлаштириш учун шундай мафтункорлик билан ўсиб бораяптики, ўлгинг келмайди инсоннинг. Ахборотга эҳтиёжи бор фуқарога бугун смартфон ёки планшетнинг ўзи ҳам етарли. Социал медиа пайдо бўлди. Бугунги кунда катта куч. Бизда ҳам социал медиага осон ўрганишди. Газета ўқиш тугул, ҳатто телевизор кўрмайдиганлар кўпайиб бораяпти.

Шоирлик — журналистика эмас
Бизда, аввалдан, кўпчилик гапга чечан, сўз устаси бўлганларни ва аксарият ҳолларда шоиртабиатларни журналистикага уқуви бор деб ҳисоблайди. Умуман, журналистикага адабиётнинг бир қисми сифатида қаралишига ва унга шундай муносабатда бўлинишига қаршиман. Жуда таққослашни яхши кўрадиганларга журналист сўз устаси бўлишдан кўра кўпроқ терговчи ёки изқувар (детектив) типидаги одам дейиш мумкин бўлса керак. Менимча, журналист изқувар ёки ўша таққосланаётган терговчидан ҳам кучли бўлиши керак. Унда жамоатчиликка ўлгудек қизиқ, ҳатто ўзи яхши билмайдиган тугунни ечиш қобилияти бўлмаса матндан нарига ўтолмайди. Диплом учун ўқилган китобларнинг кучи мана шу ерда билинади.

Матбуот хизмати ва журналистика
Урғулайман, матбуот хизмати ахборот агентлиги эмас. Матбуот хизмати, айрим ҳолларда эса, жамоатчилик билан алоқалар хизмати ташкилот ёки компания номидан гапиради. У омма истаган хабарни эмас, омма эшитиши керак бўлган хабарнигина беради. Ўзи хизмат қилаётган ташкилот ҳақидаги ахборот вакуумига йўл қўймайди. Демак, истеъмолчи янгиликни матбуот хизматидан эмас, янгиликлар журналистикасидан қидириши керак.

Матбуот хизмати ва журналистика муҳокамасини журналистикадан бошладик.

Ҳаёт антоним тушунчалар билан тўла ва қизиқ. Кунга тун, оққа қора, оламанга қарши бермайманлар бор. Журналистика “оламан”лар қаторига кирса, матбуот хизмати “бермайман”лар тоифасидан.

Журналистикада ишлаётганларнинг асосий мақсади аудиторияни жамият ҳаёти учун эҳтиёжли бўлган тўғри, аниқ ва ишончли ахборот билан таъминлашдан иборат. Мавзуимизнинг қизил ипи бўлган ньюсмейкерлик, яъни, янгиликлар журналистикаси бугун кенг тарқалган касблардан биридир.

Ньюсмейкер ўзбекча қилиб айтганда, янгиликтопар журналист дегани. Фақат янгилик топишнинг ўзи кифоя эмас. У айнан аудитория кутаётган хабарни топа олиши ва вақт, мавзу, ҳудуд нуқтаи назаридан саралаган ҳолда оммага етказиши ишнинг боши ҳисобланади. Бугунги кун янгиликлар журналистикасига “ньюспег” тушунчаси кириб келган. Мақоладан деярли фарқ қилмайдиган ушбу материал ҳам ньюсмейкерликка даҳлдор. Унда ўқувчини тортадиган даражадаги (вақтида ва ўрнида ёзилган) мавзу биринчи планга чиқади. Масалан, бугун футбол ўйини. Ҳамма стадионга боришни хоҳлайди. Лекин, чипталар чайқовчилар қўлида қимматлашиб кетган. Бу муаммо ҳақида йилнинг ҳар қандай ойидан кўра, ўйин куни ёзиш айнан ньюспегга хос.

Хўп, янгилик ва ахборотни турли кўринишда оммага тақдим этиш журналист зиммасида экан, матбуот хизмати (шунингдек, жамоатчилик билан алоқалар, яъни пиар хизмати) нима қилади деган савол туғилади. Матбуот хизмати одамларнинг муайян бир ташкилот ҳақидаги фикрига ижобий таъсир ўтказиш ва уни пиар қилиш, шунингдек, ташкилот имиджини ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу бизнес фаолиятда, айниқса, ўта керакли структура. Жумладан, футболда ҳам. Фақат буни биладиган ва ҳис қиладиган раҳбарлар керак футбол клубларига.

Матбуот хизмати одамлар учун ишламайди, аксинча, журналистларни одамлар учун ишлатади. Пресс-релиз, матн, аудио ёки видео материаллар бериб, журналистларга ташкилот ҳақида мақола ёзиш ёки хабар беришга ундайди. ОАВ вакиллари билан алоқани телефон, смс хизматлари, мулоқот тармоқлари, шу билан бирга иш жойларига бориб ёки уларни таклиф қилган ҳолда матбуот анжумани ўтказади. Ташкилот ва журналистлар ўртасидаги алоқани ошкоралик асосида ривожлантиради.

Матбуот хизмати, шунингдек, расмий сайтда пресс-релиз ёки унинг шаклидаги хабар ва янгилик чоп этиш, уларни факс ёки электрон почта манзилига жўнатиш, бугунги кунда самарали ҳисобланган фейсбук, твиттер каби мулоқот тармоқларига жойлаштиради. Зарур вақтда мансабдор шахсларнинг иқтибослари орқали орқали ташкилотнинг имиджини яхшилайди. Ҳаммага бирдек ёқиш имконсиз, албатта, шунга қарамай, асоссиз равишда ривожланган ёки қасддан тарқатилган ёлғон ахборотлардан ташкилот обрўсини ҳимоя қилиш ҳам матбуот хизматининг вазифаси.

Матбуот хизмати ташкилот имиджини бузадиган инқирозли даврни бошқара билиши керак. Бу қандайдир норасмий хабар ёки айблов чиқса ҳаммасига жавоб ёки раддия ёзиш дегани эмас. Ўрнида ишлатилган сукунат ҳам жавоб ўрнини ўтайди.

Матбуот хизмати муайян бир ходим ёки хизматчи эмас, бутун бошли ташкилотнинг обрўси учун жавобгар. Бунинг учун ташкилотнинг ижобий имиджи ҳақида ёзиш билан шуғулланадиган матбуот хизмати билан бирга ишлайдиган журналистлар ёрдамга келади.

Буларни эса, раҳбарнинг қўллаб-қувватлашисиз амалга оширишнинг иложиси йўқ. Матбуот хизматининг таклифлари раҳбарият томонидан катта қизиқиш билан ривожлантирилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яхши мутахассис ғоя ва режалар билан раҳбар олдидан “ҳозир эмас, кейин” билан қайтиб чиқса, бу энг кўп ташкилотнинг зарарига ишлайди. Халқ ташкилотни айнан журналистлар орқали таниганлиги учун ҳам бугун ОАВ билан дўст тутиниш керак.

Пресс-конференциялар ҳам матбуот хизматининг иши бўлиб, унинг ташкилот манфаатлари асосида ўтишини назорат қилади. Дейлик, футбол учрашувида ҳакам кўп хуштак чалавериб, эътиборни тортди ва ўйинда энг кўп эсда қолган унинг қарорлари бўлди. Ўйиндан кейин матбуот анжуманига бош мураббий кириб келди. Шу пайтда матбуот хизмати вазиятни назоратга олиши керак. Чунки, у дарди бирларнинг ичида қолиб кетган. Журналист мақоласини қизитиш учун ҳакамлар ҳақидаги саволни бераман деб турса, ҳиссиётларини жиловлай олмаётган мураббий “қанийди ҳакамлар ҳақида савол бўлса-ю, боплаб едирсам” деб кутиб турган бўлади. Ахир, бош мураббий ҳам эртага у эмас, ўйин бош ҳаками газеталарнинг мавзуси бўлишидан манфаатдор эмасми?

Мана шундай вақтда матбуот хизмати ходими моҳирлик билан матбуот анжуманини бошқариши талаб этилади. Йўлини қилиб, матбуот анжумани бошланишидан олдинми, ишқилиб, бош мураббийга ҳакамлар ҳақидаги саволга жавоб беришдан тийилиши кераклигини айтади. Бош мураббий ҳам профессионал бўлса, унинг гапларига қулоқ солади, чунки, бу ерда матбуот котиби “бош мураббий”, бош мураббий эмас. Агар журналист ҳакам ҳақидаги провокацион саволини берган тақдирда ҳам, матбуот хизмати ходими матбуот анжуманининг бошловчиси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ҳакамлар ҳақидаги саволларга жавоб берилмаслигини алоҳида урғулаб, кейинги саволга ўтиши керак. Шунда ҳаммаси силлиқ кечиб, ақл ҳиссиётлардан устун келади. Бош мураббийга ҳам, у ишлаётган клуб ёки жамоага ҳам бош оғриғи бўлмайди. Бежизга Моуринью “15 дақиқа матбуот анжуманида ўтиргандан кўра, 45 дақиқа тўп тепиш осонроқ” демаган.

Кимдан нима талаб қилишни билинг
Ўқувчилар, одатда, қандайдир ахборотнинг йўқлиги учун матбуот хизматини айблашади. Бизда, шунингдек, журналистлар ҳам шундай қилишганининг гувоҳи бўлганман. Ўзбекистон терма жамоалари четга чиқса, матбуот котиби нега ёзмайди, нима қилиб юрипти деган эътирозлар бўлди. Матбуот котиби сиз сотиб фойда қиладиган ёки реклама қўйиб даромад қиладиган нашрингиз учун мақола ёзиш, ёки фотосурат юбориш учун сафарга бормайди. Унинг ФИФА ёки ОФК регламенти асосида ўз мажбуриятлари бор ва бу ҳақда биз юқорида айтиб ўтдик. Терма жамоа матбуот котиби одамларнинг кўзига кўринмайдиган ишлар билан машғул бўлади. Масалан, матбуот анжуманига бош мураббий ва футболчининг ўз вақтида келиши, мусобақа даврида жамоа вакиллари, бош мураббий ва футболчилар билан интервью, суҳбат ва учрашувларни ташкил қилиш, жамоанинг стадионга келиш ва кетишда микст-зона орқали юриши ва уларнинг ОАВ билан муносабатга киришуви, сафардаги журналистларнинг аккредитация олиши билан боғлиқ турли ташкилий масалалар учун масъул саналади. Терма жамоанинг ҳаёти, машғулотлар ва бошқа мавзуларда эса журналистлар ёзади. Матбуот котиби уларнинг ёзиши учун шароит яратиб беради.

Баъзан твиттерда ҳам менга нега фалончини танқид қилмайсизлар деган оддий ишқибозлар бўлади. Бу мурожаат матбуот хизмати эмас, журналистларга деб жавоб бераман. Зеро, матбуот хизмати ташкилотга, журналист эса халққа хизмат қилади.

Модомики, сиз истаган ахборот чиқмаётган экан, бу матбуот хизматининг яхши ишлаётганидан бўлиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, янгилик йўқми, демак, журналистлар яхши ишлашмаяпти.

Санжар Ризаев

Манба: www.sanjarrizayev.blogi.uz
Киритилди: 18:58, 04.10.2013.
Ўқилди: 5647 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.