«Барселона» Испания Ла Лигасининг жорий мавсумида ҳужумдаги юқори самарадорлиги билан тарихий натижа қайд этди.
Каталонияликлар чемпионатнинг 8-туридан ўрин олган учрашувда «Хетафе»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, дастлабки саккизта баҳсда урган голлари сонини 34 тага етказди.
Бу Испания чемпионатида сўнгги 85 йил ичида дастлабки саккизта тур бўйича қайд этилган энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Сўнгги бор бундан юқори натижа 1940/1941 йилги мавсумда кузатилган. Ўшанда «Севилья» дастлабки саккизта учрашувда рақиблар дарвозасига 41 та гол урган эди.
Шунингдек, 1930/1931 йилги мавсумда Бильбаонинг «Атлетик» клуби ҳам саккизта ўйинда 34 та гол киритишга муваффақ бўлган.
Энди «Барселона»ни Испания чемпионатида навбатдаги жиддий синов кутмоқда. Каталонияликлар кейинги турда сафарда «Бетис»га қарши майдонга тушади.
Севилья клуби айни пайтда турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. «Бетис» шу вақтга қадар ўз дарвозасидан еттита гол ўтказиб юборган. Қизиғи, «Барселона» ҳам жорий мавсумда айнан шунча гол ўтказган.













