"Барселона" клуби скаутлар бўлими раҳбари Жоау Амарал жамоанинг мисрлик ҳужумчиси Ҳамза Абдулкаримнинг ўйин услуби ва салоҳияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Каталония клуби ўтган ёзда футболчини Қоҳиранинг "Ал-Аҳли" жамоасидан тўлиқ сотиб олган эди. Бунга қадар Абдулкарим олти ой давомида ижара асосида "Барселона"нинг захира жамоасида тўп сурган.
"Ҳамза — анча тўғридан-тўғри ҳаракат қиладиган, классик марказий ҳужумчи. Одатда, "Ла Масия" академиясида бундай услубдаги ҳужумчилар етишиб чиқмайди.
У жамоамизга айни керакли пайтда келди, ўз олдига қўйилган синовлардан муваффақиятли ўтди ва нисбатан арзон нархда амалга оширилган фойдали трансферга айланди", — деди Амарал. Унинг сўзларини Barca Buzz нашри келтирмоқда.
Ҳамза Абдулкарим ҳозирга қадар "Барселона"нинг асосий жамоаси сафида атиги иккита учрашувда майдонга тушган.
Истиқболли мисрлик футболчи 1 январь куни 19 ёшга тўлади.













