Саудия Арабистонининг "Ан-Наср" клуби ҳимоячиси Наваф Бушал Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирининг 2-туридан ўрин олган Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасига қарши учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди.
Саудиялик футболчи жамоасининг қитъа мусобақасидаги мақсадлари, мухлислар қўллаб-қувватлови ва клуб билан шартномасини узайтириш масаласи ҳақида ўз фикрларини билдирди.
"Барча мусобақаларда чемпионлик учун курашамиз"
Бушал "Ан-Наср" иштирок этаётган ҳар бир мусобақада энг юқори натижани кўзлашини таъкидлади. Унинг фикрича, жамоа учун ички чемпионат ва халқаро турнирлар бирдек муҳим аҳамиятга эга.
"Биз қатнашадиган ҳар бир мусобақада ғолиб чиқишни мақсад қиламиз. Бир турнирани бошқасидан устун қўймаймиз. Барчасида чемпионликни қўлга киритишга интиламиз", — деди Бушал.
Футболчи Саудия Арабистони терма жамоаси билан Форс кўрфази кубогида эришилган муваффақият ҳам унга қўшимча иштиёқ бағишлаганини қайд этди. У бу ютуқ клуб миқёсида ҳам янги совринлар учун курашишга ундаётганини билдирди.
"Мухлислар — бизнинг асосий таянчимиз"
"Ан-Наср" ҳимоячиси "Нефтчи"га қарши учрашувда ўз майдони ва мухлислар омили муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратди.
Бушал клуб мухлисларининг жамоа натижаларидаги ўрнини юқори баҳолаб, уларнинг қўллаб-қувватлови футболчиларга қўшимча куч бағишлашини таъкидлади.
"Мухлисларимиз ҳақида қанча яхши гапирсам ҳам кам. Улар бизни доимо қўллаб-қувватлаб келишади. Уларнинг ёрдами билан қийин вазиятлардан чиқиб, яна ўз ўйинимизни топдик. Худо хоҳласа, келгусида ҳам мухлисларимизни хурсанд қилишга муваффақ бўламиз", — деди футболчи.
Ҳимоячи "Нефтчи"га қарши баҳсга жамоа жиддий тайёргарлик кўраётганини ҳам билдирди. Унинг сўзларига кўра, биринчи турдаги мағлубиятдан кейин "Ан-Наср" ўз мухлислари қаршисида ижобий натижа қайд этишни мақсад қилган.
Шартномани узайтириш масаласи
Матбуот анжуманида Бушалдан "Ан-Наср" билан амалдаги шартномасини узайтириш бўйича музокаралар ҳақида ҳам сўралди.
Футболчи бу масала фақат ўзига боғлиқ эмаслигини таъкидлаб, музокаралар клуб раҳбарияти ва вакили иштирокида олиб борилаётганини маълум қилди.
"Бу масалада клуб раҳбарияти ва агентимга тегишли жиҳатлар бор. Ҳаммаси ижобий ҳал бўлишига ва масала имкон қадар тезроқ ўз ечимини топишига умид қиламан", — деди Бушал.
Шунингдек, ҳимоячи ўйинидаги камчиликлар юзасидан билдирилаётган танқидларни қабул қилишини ва ўз савиясини ошириш устида ишлашда давом этишини қайд этди.
"Нефтчи"га қарши учрашув
"Ан-Наср" Элит ОЧЛнинг дастлабки турида БААнинг "Ал-Айн" клубига 0:4 ҳисобида мағлуб бўлган. Саудия Арабистони жамоаси энди ўз майдонида дастлабки ғалабасини қўлга киритишга интилади.
Фарғонанинг "Нефтчи" клуби эса мусобақани муваффақиятли бошлаган. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги жамоа биринчи турда Ироқнинг "Ал-Қува Ал-Жавия" клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этган.
"Ан-Наср" — "Нефтчи" учрашуви бугун, 12 октябрь куни Ар-Риёддаги "Ал-Аввал Парк" стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Ўзбекистон вақти билан соат 23:15 да бошланади.













