Босния ва Герцеговина футбол федерацияси спорт директори Эмир Спаҳич «Барселона Атлетик» жамоаси ярим ҳимоячиси Мирза Чатовичнинг ўйинини шахсан кузатди. Бу ҳақда SPORT нашри хабар бермоқда.
Айни пайтда Жулиано Беллетти қўл остида тўп сураётган ёш футболчи ўзининг ишончли ҳаракатлари билан мутахассислар эътиборини тортмоқда.
Германиянинг «Штутгарт» клубидан ижара асосида келган 19 ёшли Чатович жорий мавсумда «Барселона» захира жамоасининг энг ёрқин кашфиётларидан бирига айланди.
Футболчи дисквалификация ва терма жамоа йиғини сабаб бир нечта учрашувни ўтказиб юборганидан сўнг, «СД Логроньес»га қарши баҳсда яна асосий таркибга қайтди.
Чатовичнинг жисмоний имкониятлари ва майдондаги ҳаракатлари «Барселона» асосий жамоаси ярим ҳимоячиси Марк Берналникига ўхшатилмоқда.
Қайд этилишича, ёш футболчи халқаро миқёсда Германия, Сербия ёки Босния ва Герцеговина терма жамоаларидан бирини танлаш ҳуқуқига эга.
Эмир Спахичнинг учрашувга ташрифи Босния ва Герцеговина футбол федерацияси Чатовичнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганидан далолат беради.
Бироқ 19 ёшли ярим ҳимоячи ҳозирча катталар даражасида қайси миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилиши борасида якуний қарор қабул қилмаган.













