Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 2026 йилги жаҳон чемпионати давомида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабар ва изоҳлар таҳлили натижаларини тақдим этди. Тегишли ҳисобот ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Мусобақа давомида автоматлаштирилган тизим орқали 17 миллиондан ортиқ пост ва изоҳ текширилган. Уларнинг 240 мингтаси ҳақоратли мазмунга эга деб топилган.
Аниқланган ҳолатларнинг 43 фоизи футболчиларнинг ўйини ва жамоалар натижаларига қаратилган салбий фикрлардан иборат бўлган. Шунингдек, 12 фоиз ҳолатда ирқчилик, 9 фоизида коррупцияга оид айбловлар, 8 фоизида зўравонлик билан таҳдид қилиш ва 7 фоизида ксенофобия аломатлари қайд этилган.
Франция терма жамоаси энг кўп ҳақоратга учраган жамоа бўлди. Французларга нисбатан 18 мингдан ортиқ ҳақоратли ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг 33 фоизи ирқчилик мазмунида деб баҳоланган.
Бу кўрсаткич бўйича Англия терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Инглизларга қаратилган ҳақоратларнинг 43 фоизи умумий мазмунда бўлган. Ирқчилик ва ксенофобия билан боғлиқ ҳолатлар эса жами 21 фоизни ташкил этган.
Ҳақоратли хабарларнинг энг катта қисми Европадан (29,7 фоиз) тарқатилган. Кейинги ўринларда Жанубий Америка (28,1 фоиз) ва Шимолий Америка (22,5 фоиз) қайд этилган.
ФИФА таҳлилига кўра, ирқчилик мазмунидаги изоҳларни энг кўп қолдирган фойдаланувчилар Аргентина ҳиссасига тўғри келган.













