"Ювентус" ва "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Поль Погба "Монако" билан хайрлашганидан сўнг фаолиятини АҚШда давом эттириши мумкин.
Бу ҳақда трансферлар бўйича инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Манба маълумотига кўра, франциялик футболчининг МЛС чемпионатига ўтиш имкониятлари мавжуд. Унинг хизматларига АҚШнинг учта клуби — "Интер Майами", "Ди-Си Юнайтед" ва "Нью-Йорк Сити" қизиқиш билдирмоқда.
Агар Погба "Интер Майами" таклифини қабул қилса, у аргентиналик юлдуз Лионель Месси билан бир жамоада тўп суриш имкониятига эга бўлади.
33 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсум Франция чемпионатида "Монако" сафида олтита учрашувда иштирок этди. Бироқ у мазкур баҳсларда гол ура олмади ва голли узатма ҳам қайд этмади.
Эслатиб ўтамиз, Поль Погба аввалроқ тақиқланган моддаларни истеъмол қилгани учун узоқ муддатли дисквалификация жазосини ўтаган эди.













