«Ливерпуль»нинг собиқ сардори Стивен Жеррард жамоанинг «Манчестер Сити»га қарши учрашувида (0:3) майдонга тушган ёш футболчи Льюис Кумаснинг ҳаракатларига юқори баҳо берди.
Кумас ушбу баҳсда Англия Премьер-лигасида илк бор «Ливерпуль»нинг асосий таркибида майдонга тушди ва 75 дақиқа ҳаракат қилди.
Жеррард клуб академияси тарбияланувчиларининг асосий жамоада ўз имкониятига эга бўлиши муҳимлигини таъкидлади.
«Мен унинг учун хурсандман. Ўзим ҳам «Ливерпуль» академиясидан етишиб чиққанман. Шунинг учун ёш футболчиларнинг имкониятга эга бўлиши ва ундан унумли фойдаланишини кўриш менга ёқади. Уни дарҳол энг оғир синовлардан бирига рўбарў қилишди», — дея Жеррарднинг сўзларини келтиради Wales Online.
Шу билан бирга, англиялик собиқ футболчи Кумаснинг ўйинида ҳали такомиллаштирилиши лозим бўлган жиҳатлар борлигини қайд этди. Бироқ у ёш ҳужумчининг салоҳиятига ишонч билдирди.
«Айрим вазиятларда унга аниқлик етишмади. Демак, ҳали ишлаши керак бўлган жиҳатлар бор. Аммо майдондаги фидойилиги, жамоа учун курашишга тайёрлиги ва клуб шарафини муносиб ҳимоя қилишга интилиши нуқтаи назаридан у ёш футболчига ўхшамади. У ҳақиқий катта футболчилардек ўйнади», — деди Жеррард.
Маълумот учун, Льюис Кумас 2024 йил февраль ойида «Ливерпуль»нинг асосий жамоасида дебют қилган. У Англия кубоги доирасида «Саутгемптон»га қарши учрашувда 63 дақиқа майдонда ҳаракат қилган эди.













