Франциянинг «Лилль» клуби ҳимоячиси Тьяго Сантоснинг жиддий жароҳат олиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан судга даъво аризаси киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
24 ёшли португалиялик футболчи Франция Лига 1 мусобақасининг 6-турида «Гавр»га қарши ўтказилган учрашувда (1:0) оғир жароҳат олган.
Биринчи бўлимда «Гавр» ярим ҳимоячиси Амир Ричардсон Сантосга нисбатан сирпаниб ташланиш усулида қўпол ҳаракат қилган. Натижада ҳимоячининг ўнг тиззасидаги олдинги хочсимон боғлам ва мениск шикастланган.
Учрашув бош ҳаками мазкур вазиятда қоида бузилганини қайд этган, бироқ марокашлик футболчига ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмаган.
«Лилль» клуби ҳакамнинг ушбу қарорига жиддий эътироз билдириб, воқеа юзасидан расмий баёнот эълон қилди.
«Мазкур ҳолатнинг юз бериши ва унга нисбатан ҳеч қандай интизомий чора қўлланмагани клубимизда жиддий саволлар туғдирмоқда.
Клуб барча мавжуд ҳуқуқий имкониятларни ўрганмоқда ва етказилган зарар учун товон пули ундириш мақсадида зарур ҳуқуқий чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», — дейилади «Лилль» баёнотида.
Шунингдек, клуб Франция Профессионал футбол лигасига (LFP) мурожаат қилиб, мазкур эпизодни интизом қўмитаси муҳокамасига киритишни сўраган.
«Лилль» раҳбариятининг фикрича, Ричардсоннинг қўпол ҳаракати тўғридан-тўғри қизил карточкага лойиқ бўлган ва футболчи майдондан четлатилиши керак эди.
Қайд этиш жоиз, бу Тьяго Сантоснинг фаолиятида иккинчи марта хочсимон боғламидан жиддий жароҳат олишидир.
2024 йил октябрь ойида португалиялик ҳимоячи чап тиззасининг олдинги хочсимон боғламини узиб олган ва шу сабабли қарийб бир йил давомида майдонга туша олмаган эди.
Маълумот учун, «Лилль» айни пайтда Франция Лига 1 турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Франция клуби 13 октябрь куни УЕФА Чемпионлар лигаси доирасида Лондоннинг «Арсенал» жамоасига қарши баҳс олиб боради.













