"Рома" Италия А Сериясининг навбатдаги турида "Женоа"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалаба Рим клуби бош мураббийи Жан Пьеро Гасперини учун юбилей аҳамиятига эга бўлди.
Гап шундаки, мазкур ғалаба тажрибали мутахассиснинг Италия А Сериясидаги мураббийлик фаолияти давомидаги 300-ғалабаси бўлди.
Қайд этиш жоиз, Гасперини ушбу ғалабаларнинг бир қисмини "Женоа" бош мураббийи сифатида қўлга киритган. Кейинчалик у "Аталанта"ни бошқариб, Бергамо клубини сезиларли даражада кучайтиришга муваффақ бўлган.
2025 йилнинг ёзидан буён Гасперини "Рома"ни бошқариб келмоқда. Айни пайтда Рим клуби Италия чемпионлиги учун курашишга тайёрдек кўринмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Рома" сўнгги бор 2001 йилда Италия чемпиони бўлган эди.













