Германия Бундеслигасининг 6-тури доирасида Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" клуби ўз майдонида "Хоффенхайм"ни қабул қилди. Учрашув меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Баҳснинг 11-дақиқасида Бамбазе Конте рақиб дарвозасини ишғол этиб, "Хоффенхайм"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Ўтказиб юборилган голдан сўнг мезбонлар ҳужумда фаолроқ ҳаракат қила бошлашди. Бироқ биринчи бўлим якунига қадар "Боруссия" ҳисобни тенглаштира олмади.
Иккинчи бўлимда мёнхенгладбахликлар босимни кучайтириб, 49-дақиқада мақсадларига эришишди. Ваэль Мохиа меҳмонлар дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди.
Шундан сўнг майдондаги кураш янада кескинлашди. Бироқ ҳал қилувчи голни "Хоффенхайм" футболчилари киритишди.
Александер Прасс рақиб дарвозасини ишғол этиб, меҳмонларни иккинчи бор олдинга олиб чиқди.
Учрашувнинг қолган қисмида "Боруссия" ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди, аммо бунга муваффақ бўла олмади.
Шу тариқа, Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" клуби Германия чемпионатида кетма-кет олтинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.
Германия Бундеслигаси. 6-тур.
"Боруссия" Мёнхенгладбах — "Хоффенхайм" — 1:2
Голлар: Ваэль Мохиа (49) — Бамбазе Конте (11), Александер Прасс.













