«Интер» ва Италия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Жампаоло Паццини миланликларнинг жорий мавсумдаги имкониятларини юқори баҳолади.
Мутахассис сифатида фикр билдирган собиқ футболчи А Сериянинг 7-турида «Болонья» устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг «нерадзурри»нинг бошқа рақиблардан ажралиб турадиган жиҳатига эътибор қаратди.
«Интер» — Италия чемпионатида ҳатто 100 фоиз тайёр бўлмаган ҳолатда ҳам ғалаба қозона оладиган ягона жамоа. Бунга таркибнинг кучлилиги ва захирадан сифатли футболчиларни майдонга тушириш имконияти сабаб бўлмоқда», — дея Паццинининг сўзларини келтиради FC Inter News нашри Sport Mediaset'га таяниб.
Эслатиб ўтамиз, «Болонья»га қарши баҳсда миланликлар дастлаб ҳисобда ортда қолди. 10-дақиқада Томмазо Побега мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса, 44-дақиқада Маркус Тюрам мувозанатни тиклади.
Иккинчи бўлимда Карлос Аугусто ва Анж-Йоан Боннининг голлари «Интер»га 3:1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.
Айни пайтда «Интер» 19 очко билан А Серия турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўриндаги «Лацио» ҳам шунча очко жамғарган, бироқ миланликлар қўшимча кўрсаткичлар бўйича устунликка эга.













