Франциянинг «Пари Сен-Жермен» клуби ҳужумчиси Хвича Кварацхелия ўнг тиззасининг олдинги хочсимон боғлами узилгани аниқланганидан сўнг ижтимоий тармоқларда мурожаат эълон қилди.
Кварацхелия 20 октябрь куни Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 3-турида Испаниянинг «Барселона» клубига қарши учрашувда (4:2) жароҳат олган эди.
«Кўпчилик мендан сўради, айримлар эса шундай фикрни ҳам билдиришди: агар дунёдаги барча футболчилар дуо қилса, ҳар бир ўйин дуранг билан якунланарди. Балки шундайдир. Аммо мен ҳар бир учрашув олдидан майдонни соғлом ҳолда тарк этишни сўраб Худога илтижо қилардим. Афсуски, бу сафар дуоларим ижобат бўлмади.
Кўп вақт ўтмади, аммо бир савол ҳамон хаёлимдан кетмаяпти: нега айнан мен?
Мен ҳеч қачон ўзимга ачинмаганман. Қолаверса, бу учрашувга, эҳтимол, бошқа ҳар қандай ўйиндан ҳам яхшироқ тайёр эдим. Менга ҳамма нарсага тайёрдек туюларди, фақат бундай ҳолатга эмас.
Шунга қарамай, мен тушунаман: Худо айнан мени танлади. Агар шу туфайли майдондаги бошқа футболчилар жароҳат олмаган бўлса, мен олдинда кутаётган оғир меҳнат, оғриқ ва кўз ёшларга тўла ойларга бардош беришга тайёрман.
Мен янада кучлироқ бўлиб қайтишим кераклигини биламан. Буни доимо ёнимда бўлган инсонлар учун қилишим шарт.
Мен сизларни уялтирмайман. Бор кучимни ишга солишга ваъда бераман.
Қўллаб-қувватлаган барчангизга раҳмат. Тез орада кўришгунча», — деб ёзди Кварацхелия ижтимоий тармоқда.













