"Реал" бош мураббийи Жозе Моуриньо "эл-класико" олдидан "Барселона"нинг фаворит сифатида кўрилаётганига муносабат билдирди.
"Одамлар бир ҳафта олдин ҳам "Барселона" бизни йирик ҳисобда енгиши мумкин деб ўйлашган ва ҳозир ҳам шундай фикрда. Бу мени безовта қилмайди. Каталонияликлар айрим ўйинларда ҳақиқатан ҳам мақтовга лойиқ футбол намойиш этишмоқда.
Аммо бизни тўлиқ шаклланган жамоа сифатида баҳолашяпти. Аслида, уч ойдан бери ишлаётган бўлсак-да, мавсумолди тайёргарлиги ва халқаро танаффусларни ҳисобга олмаганда, биргаликда атиги бир ярим ой ишладик.
Ҳозирча шаклланишнинг дастлабки босқичидамиз. Мен футболчиларни, улар эса мени ўрганмоқда. Шу сабабли бизни бир неча йилдан бери бирга ўйнаётган жамоа билан солиштириш адолатдан эмас", — деди Моуриньо.













