Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Дилшод Нуралиев: «Испаниядаги йиғин биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди»

Баҳо:
+ | -

Бир ҳафтадан Бирлашган Араб Амирлигида ўсмирлар (U17 ) ўртасида жаҳон чемпионати бошланади. Унда Дилшод Нуралиев бошчилигидаги ўсмирларимиз ҳам иштирок этишади. Терма жамоамиз 14 октябрь куни БААга йўл олишади. Бугун эса сафар олдидан бош мураббий ва ОАВ вакиллари ўртасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

— Осиё чемпионатидан кейин ЖЧга тайёргарликни бошлагандик. Ҳар ойда йиғинлар ўтказилди. Йиғинларнинг 5таси хорижда, 5таси эса Тошкентда ўтказилди. Йиғинлар давомида турли жамоалар билан ўртоқик ўйинлари ўтказилди. Йил давомида кўрилган тайёргарлик ишлари ўзининг маҳсулини ЖЧда бериши керак.

— Терма жамоа сафида жароҳатлар борлигидан хабаримиз бор эди. Ушбу муаммо қанчалик ечилди ва уларнинг ўрни муносиб футболчилар билан тўлдирилдими?
— Январь ойида янги номзодларни терма жамоага таклиф қилдик ва уларни кўрикдан ўтказдик. Дастлабки йиғинда 23 нафар янги футболчиларни синовдан ўтказдик. Умуман олганда, ҳар бир йиғинда янги футболчиларни таклиф этиб турдик. Умумий ҳисобда 75 нафар янги футболчиларни йиғинларга жалб қилдик. Уларнинг сафига ОЧда қатнашган футболчиларни ҳам қўшиб, энг кучлиларини танлаб олдик. Жаҳон чемпионатига эса 21 нафар футболчини олиб кетяпмиз.

Йиллар давомида биз асосий таркибнинг ўйинини мукаммаллаштириб келаётгандик. Осиё чемпионатида ҳам бошқа жамоаларга нисбатан устунлигимиз шундан иборат эди. Афсуски, ЖЧда жўнаб кетиш арафасида 5 нафар футболчимиз жиддий жароҳатларга дуч келишди. Бугунги кунга келиб, Отабек Шукуров ва Достонбек Ҳамдамов сафимизга қайтишди. Испаниядаги йиғинда ҳам уларга оз-оздан юклама бериб бордик. Уч нафар футболчимиз эса сафга қайта олмади. Муҳиддин Одилов, Улуғбек Давлатов, Илҳом Абдуғаниев эса ЖЧга бора олмайдиган бўлди. Илҳомнинг соғлиги устида охиригача курашдик. Аммо шифокорлар томонидан унга рухсат тегмади.

— Ёшлардан натижа талаб қилиш натижасига қандай қарайсиз?
— Сизга бир гап айтаман. Финалда Японияни кўриб, ҳайрон қолдим. Японлар биз билан ўйинда пенальтилар сериясида ютқазган бўлишса-да, улар узоғи билан 2-3 дақиқа хафа бўлишдию, кейин буни тезда унутишди. Асло тушкунликка тушишмади. Демак, уларнинг олдига натижа қўйилмаган, уларда босим йўқ. Ўзимнинг шахсий фикрим, ёшлар терма жамоалари олдига вазифа қўйиш тўғри эмас. Энг асосий мақсад миллий терма жамоага номзод тайёрлашдан иборат бўлиши керак. Масалан, Сервер Жепаров 1998 йили 16 ёшлилар ўртасидаги ОЧ саралашида иштирок этган. Ҳозир эса у терма жамоанинг етакчиси ҳисобланади. Ёшларга кўпроқ эркинлик бериш керак.

— Аҳмаджон Мусаев шогирдлари чорак финалда йирик ҳисобда ютқазишган бўлса-да, лекин ўйин сифати у қадар яхши бўлмади.
— Бизда бундай ўйин бўлмайди, насиб қилса.

— Рақиб жамоаларни ўрганидингизми? Улар ҳақида нима дея оласиз?
— Қуръа ташлаш маросимига борганимизда футбол агентларидан рақибларимизнинг ўйинлари ёзилган дискларини топиб беришни илтимос қилдик. Тошкентга келганимиздан кейин ҳам рақибларнинг ўйинларини топдик. Гуруҳимизда барча 4та терма жамоанинг имкониятлар тенг. Ҳар бир жамоанинг имконияти - 50/50. Ким яхшироққа тайёргарликка эга бўлса, ким руҳий жиҳатдан ғалабани кўпроқ истаса, ўша жамоалар гуруҳдан чиқа олади.

— Руҳий томондан футболчиларни тайёрлаш устида иш олиб борилдими?
— Футболчиларни нафақат ўйин амалиёти, тактик ва техник жиҳатдан тайёрлаяпмиз, балки қўлдан келганча болаларни тарбия қилишга, хулқини тарбиялашга ҳаракат қиляпмиз.

— Қолган қитъа чемпионлари савияси ҳақида нима дея оласиз?
— Бизга қарши ўйин ўтказган Кот-д'Ивуар, Мексика ва Аргентина терма жамоалари ҳам ўз қитъаларининг чемпиони ҳисобланади. Ушбу мамлакатлар футболчилари бўй-басти, гавда тузилиши, футболчиларнинг тез фикрлаши, тез қарор қабул қилиши, чаққонлиги, тезкорлиги борасида устунлик борлиги сезилди. Бизнинг ҳам ўзимизга яраша устунлигимиз бор. Техник жиҳатдан эса биз улардан қолишмадик, жамоавий ўйин, тактик тайёргарлигимиз борасида ҳам яхшироқ кўриндик.

Мексикага ҳам, Аргентинага ҳам ютқазган бўлсакда, ўйиннинг бориши 50/50 кўринишда бўлди. Биздан фарқли равишда улар кичик имкониятлардан фойдаланиб, гол ура олишди. Масалан, бизнинг футболчимиз битта гол уриши учун 5та вазият керак бўлса, уларнинг ҳужумчилар ҳар иккитадан вазиятдан бирини голни айлантира олади. Мен ушбу ўйинлар орқали ўзим учун шу нарсани олдимки, бутун ўйин давомида бир сснияга бўлса ҳам концентрацияни йўқотмаслик керак экан.  Назаримда, уларднинг чемпионатида юқори савиядаги ўйинлар кўп бўлиши керак. Боиси, бу нарсани фақат машғулот орқали чиқариб бўлмайди.

— Уч нафар етакчи футболчининг ЖЧга бормаслиги сизни хавотирга солмаяптими?
— Хавотирга соляпти. Муҳиддин Одиловнинг ўрнига 10дан ортиқ ҳужумчини таклиф қилдик ва синаб кўрдик. Футболчининг қайсидир жиҳати ёқади, қайсидир томони ёқмайди. Номини айтмайман, бир футболчини кўрикдан ўтказдик. Ўз жамоасида энг зўр футболчи, аммо терма жамоа таркибида ўзини йўқотиб қўйдик. Уни Австрияга олиб бордик, Эрон билан ўртоқлик ўйинларида синаб кўрдик. Аммо, унинг ўз клубидаги ва терма жамоадаги унинг ўйини бутунлай бошқача. Бундай ўйинчилар тарихда бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.

— Футболчиларнинг ўз клубида яхши ўйин кўрсатиб, терма жамоада ўзини кўрсатмаслиги Биринчи лига ўйинларида келишилган ўйинларнинг кўплиги билан боғлиқ эмасми?
— Келишилган ўйинлар бор-йўқлигини билмадим, аммо бизнинг биринчи лига даражаси ЖЧ савиясидан паст. Шуниси аниқ.

— Аргентина билан Испаниядаги ўйин давомида футболчиларимиз ҳакамнинг нотўғри қарорлари учун ҳакамга кўп эътироз билдиришди. Бу нарса ЖЧ пайтида халал бериши мумкин...
— Аргентина ўйинчилари футболчимизни сездирмасдан туртган, юзига тупурган ҳолатлар бўлди. Бундай ҳолатлар ЖЧда ҳам бўлади. Испаниядаги йиғинлар бу жиҳатдан бизга фойдали бўлди. Бу ҳолатга руҳий жиҳатдан тайёр бўлиб олдик.

— Темур Олимхўжаев жамоаси Тошкентдаги саралаш босқичида Яман билан ўйинда вақт чўзиш, ётиб олиш каби ишларни қилишди. Бу нарса ўзбек футболи имижига обрў келтирмайди...
— Бир нарсани тушунишларингизни сўрардим. Саралаш баҳслари Тошкентда бўлаётгани жуда жамоага катта босим остида бўлади. Балки бу нарсани сизлар яхши ҳис қилмассизлар. Лекин натижа учун босим катта бўлади. Вазифа бажарилмаса, улар танқид остида қолиб кетишади. Қандай бўлмасин натижа кўрсатиб, жамоани кейинги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилинади. Мен ўзим ҳа бу нарсани маъқулламайман. Темур ака шогирдларининг ўйинлармни кўрмадим, балки футболчиларнинг бундай қилишини вазият тақозо қилгандир. Бутун дунёда бор бу нарса. Баъзан мен ҳам натижа бизни қониқтираётганида, ўйин темпи юқори бўлса, баъзида ўйин темпини туширишни шогирдларимдан сўрайман. Буни яширмайман.

— ОЧда Акобир Тўраев чорак финалда кашфиёт бўлганди. ЖЧда ҳам кашфиёт бўладиган футболчилар бор.
— Бир ҳужумчи топдик. Насиб қилса, у ЖЧда ўзини кўрсатади. У йиғинлар давомида ўзини кўрсатди. Худо хоҳласа, у ишончни оқлайди.

— Терма  жамоада ўйин суръатини ўзгартириб юборадиган етакчи футболчилар бўлади. Сиз қайси футболчига умид қиляпсиз?
— Ҳаммага умид билдиряпман. Ёрдамчиларимга, барча футболчиларга умид билдиряпман. Улар нафақат мен учун, балки Ватан учун, ота-онаси, ёру биродарлари учун ҳаракат қилишлари керак. Ҳар бир чизиқда ўзининг лидерлари бор. Улар ўз ўйинини кўрсата олишса, насиб қилса, натижа ёмон бўлмайди.

— Гуруҳдан чиқа олмаслик сиз учун фожиа бўлармиди?
— "Фожиа" — ноўрин сўз бўларди. Ҳар бир одамнинг ўз мақсади бор. Биз ҳам ўз мақсадимизга қараб меҳнат қиляпмиз. Қийинчиликлар чидаб меҳнат қиляпмиз. Яхши ният қилаверайлик. Шунда ҳамма яхши бўларди.

— Авваллари ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари сафида Олий лигада кўзга кўринган футболчилар бўларди. Аммо юлдузлардан иборат жамоаларимиз ЖЧга чиқа олишмасди. Бу жамоада эса бирорта футболчи ҳали ўз жамоасида ҳам таниқли эмас. Ўйин тақдирини ҳал қиладиган шахсиятлар бўлиши керак.
— Етакчи футболчиларимиз ҳар бир чизиғимизда бор. Ҳар бир чизиққа ўз ишининг устасини таклиф қилганмиз. Сарвар Каримов керакли ўйинда бизни қутқарди. Жамшид Болтабоев керакли ўйинда гол уриб, бизни вазиятдан олиб чиқиб кетди. Отабек Шукуров ОЧнинг учинчи ўйинига келиб, ўзида ишонч ҳосил қилди ва унга сардорлик боғини тақдим этдик. У эса бизнинг ишончимизни оқлади. Гуруҳ босқичида Муҳиддин Одилов ҳужум қироли бўлган бўлса, плей-оффдан бошлаб Акобир Тўраев ишончимизни оқлади. Янги футболчилардан "Насаф"нинг асосий таркиб футболчиси Одил Ҳамробековга катта ишонч билдиряпмиз.

— Ёшлар ўйин амалиётига эга бўлиши учун Олий лига жамоаларига ёш футболчиларни таркибга мажбурий киритиш вазифасини қўйиш керакмикан?
— ОЧга кетмасдан олдин шунақа муаммо юзага келишини сезиб, ўша пайтдаги терма жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамовдан бир нарсани илтимос қилгандим. Олий лига клубларининг ёшлар жамоаларини 17 ёшдан 19 ёшгача бўлган футболчилардан иборат қилиш керак. Бу нарса ёшлар ва ўсмирлар терма жамоамизга фойда беради, улар доимий ўйин амалиётига эга бўлишади. Ўринбосарлар сафида 2-3та ёши катта футболчи бўлса, қолганлар унга қараб ўйнашга интилади. Лекин бу нарса амалга ошмади. Балки келажакда амалга ошиб қолар.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:33, 11.10.2013.
Ўқилди: 4818 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.