Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида кеча чорак финал жанглари ўтказилиб, ўз вазнларида камида бронза медалларини нақд қилиб қўйган чарм қўлқоп усталарининг номлари маълум бўлди.
Хабарингиз бор, бу йилги совриндорлар сафидан икки нафар ҳамюртимиз Жасурбек Латипов (-52 кг) ва Ойбек Мамазулунов (-81 кг) ҳам ўрин олдилар.
2011 йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори Жасурбек Латипов чорак финалда ирландиялик Патрик Барнес устидан ғалабага эришди ва 25-октябрь куни ўтказиладиган ярим финал жангида азалий рақиби Эндрю Селби (Уэльс) билан баҳс юритадиган бўлди. Ёдингизда бўлса, 2011 йили Боку шаҳри (Озарбойжон)да ўтказилган жаҳон чемпионатида бу икки боксчи айнан ярим финалда рўбаро келганлар ва ўшанда британиялик боксчининг қўли баланд келган эди. Демак, Жасурбек Латиповда икки йил олдинги мағлубият аламини олиш учун яхшигина имконият бор ва бу йўлда унга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Ушбу вазн тоифасининг иккинчи ярим финал жангида жаҳон чемпиони Миша Алоян (Россия) ва Чатчай Бутди (Таиланд) ўзаро куч синашадилар.
Оғирлик вазни 81 кг.гача бўлган боксчилар мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ойбек Мамазулунов ҳам ўзига билдирилган ишончни аъло даражада оқламоқда. Маълумки, ушбу вазн тоифасида узоқ йиллар биринчи рақам остида бўлиб келган тажрибаси спортчимиз, 2011 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Элшод Расулов ўрнига бу сафар мураббийлар ёш, иқтидорли боксчи Ойбек Мамазулуновни синаб қўришга қарор қилишган эди. Эътиборлиси, Ойбек ярим финалга қадар Мўғулистон, Баҳрайн ва Голландия терма жамоалари аъзоларини мағлуб этиб, устозлари ишончини яна бир бора қозонди. Эндиликда, Ойбек финал йўлланмаси учун қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетовга қарши рингга кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йили Озарбойжон пойтахтида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси икки бронза медалига сазовор бўлган. Қизиқ жиҳати, ўшанда ҳам вакилларимиз айнан 52 кг. (Жасурбек Латипов) ва 81 кг. (Элшод Расулов) вазн тоифаларида совринли ўринларга сазовор бўлишган.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари 25 октябрь куни ўтказилади. Ушбу босқичга Қозоғистондан 8 нафар, Кубадан 5 нафар, Россиядан 4 нафар, Италия ва Озарбойжондан 3 нафардан, Ўзбекистон, Германия, Бразилия ва Ирландиядан 2 тадан, Коста-Рика, Венесуэла, Жазоир, Мўғулистон, Англия, Аргантина, Уэльс, Таиланд ва Украина терма жамоаларидан бир нафардан боксчи ярим финалга етиб келдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Алмати шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида аксарият терма жамоалар эксперементал таркиб билан иштирок этишмоқда. Мақсад, ёш спортчиларни 2016 йилги Олимпиада ўйинларига муносиб тайёрлаб бориш.
Ўз навбатида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси Марс Қўчқоров ҳам мазкур жаҳон чемпионатида ёш спортчиларга имконият беришга қарор қилди ва деярли янгиланган таркиб билан Алматига йўл олди.
2011 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиларидан фақатгина Жасурбек Латипов, Фазлиддин Ғоипназаров, Санжарбек Раҳмонов ва Мирзоҳиджон Абдуллаевларга ишонч билдирди. Қолган боксчилар ўрнини эса ёш, истеъдодли спортчилар эгаллашди.
Албатта, деярли янгиланган таркиб билан камида ўтган жаҳон чемпионатидаги натижани такрорлаш, ижобий холат ҳисобланади. Умид қиламизки, Жасурбек ҳам, Ойбек ҳам ушбу муваффақият билан тўхтаб қолишмайди ва ўз натижаларини янада юксалтириш учун бор маҳоратларини ишга соладилар.