"Локомотив" ва "Нефтчи" ўртасидаги баҳсдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида темирйўлчилар спорт директори Равшан Муқимов иштирок этди.
— 3:1 ҳисобида ютганимиздан хурсандман. Ўйин ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсам, биринчи бўлимда яхши ўйнашимиз учун "Нефтчи" бизга имкон бермади. "Нефтчи" иккинчи даврада энг кўп очко жамғараётган жамоа ҳисобланади. Танаффусда мураббий футболчиларга тегишли кўрсатмаларни берди ва иккинчи бўлимда ўйин тақдирини ҳал қилдик.
— Терма жамоалар ўйини туфайли юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, футболчиларни яхши формада бўлишини таъминлаган кўринади. Боиси, натижалар ижобий кўриниш ола бошлади. Бу иштиёқ мавсум охиригача етадими?
— Ҳақиқатан ҳам юзага келган танаффус бизга қўл келди. Лекин ҳозирги пайтга келиб, захира ўриндиғимиз қисқа эканини айтиш лозим. Бугунги ўйинда Карпенко ва Нагаев жароҳат олишди. Шу боис бугун ўринбосарлар жамоасидан бир футболчи захирадан майдонга тушди.
— Евгений Гоголь нима учун асосий таркибда майдонга тушмаяпти?
— Бу рақобат билан боғлиқ. Битта ўйинда Гоголь жароҳат олгани учун унинг ўрнида Бобур Йўлдошев ҳаракат қилганди. Ўшандан бери Бобур яхши ўйин кўрсатмоқда.
— Александр Оника юртимизга келган пайтда яхши ўйнаётганди. Ҳозир эса у қадар ажралиб тургани йўқ. Келаси йили ушбу футболчи жамоада қоладими?
— Яқинда Саша билан шу ҳақда гаплашгандик. Унга барчаси ўзига боғлиқлигини тушунтирдик. Шундан кейин у ўтган ўйинда яхши ўйнади. Бугун эса ёмон ўйнамадию, аммо маҳаллий футболчилардан ажралиб турмаса, уни жамоада олиб қолишдан маъно йўқ.
— Карпенко нима учун биринчи бўлимда алмаштирилди?
— Унинг ўзи алмаштиришни сўради. Жароҳат олгани боис ўйинни охиригача етказа олмади.
— Нагаевнинг соғлиги қай даражада?
— Биринчи бўлимда унинг оёғини босиб олишди. Шунга қарамай, у иккинчи бўлимда ҳам ўйнашни давом эттиришганди. У ҳам гол урганидан кейин ўзини алмаштиришни сўради. Кейинги ўйинга тайёр бўлса керак.
— "Локомотив" мавсум давомида жуда кўп ўйинларда яхши ўйнай олмай, иккинчи бўлимда ўйин тақдирини ҳал қилмоқда. Бу нима билан боғлиқ?
— Бу йигитларнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ. Ҳақиқатан ҳам бир нечта ўйинларда икки хил бўлим юзага келяпти. Йигитлар ҳам рақиб имкон бергунча ўйнашади.