Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Асосий рақибим — ўзим!»

Баҳо:
+3 | -

Руслан Нуриддиновнинг оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлганини эшитиб, шу йилнинг июль ойи ўрталарида полвон билан бўлган суҳбатимиз эсимга тушди. Ўшанда Руслан Россиянинг Қозон шаҳрида ўтган Жаҳон универсиадасининг икки рекордини уриб, олтин медалини қўлга киритгани учун моҳир спортчи билан яқиндан танишиш учун Чирчиққа боргандим.

Чирчиқ олимпия захиралари коллежининг оғир атлетика залига келганимда терма жамоамиз аъзолари эндигина машғулотларга киришган экан. Уларга ҳалақит бергим келмади ва бир четда ўтириб, қарийб икки соат мобайнида машғулот жараёнини кузатдим. Табиийки, асосий эътиборни Русланга қаратгандим.

Одатда, оғир атлетикачилар ўз касбидан келиб, чиқиб анча оғир-вазмин бўлади. Илгари Игорь Халилов, Фурқат Саидов, Шерзод Юсупов каби оғир атлетикачилар билан суҳбатлашганимда улардан гап олиш анча қийин кечган. Берган саволингизга “ҳа”, “йўқ”, “шунақа бўлса керак”, “билмадим”, “ҳаракат қиламан” деган қисқа иборалари билан жавоб қайтаришади. Шуларни ўйлаб, бир неча дақиқадан сўнг Руслан билан бўладиган суҳбатимиз қай тариқа кечишини ҳаёлдан ўтказдим. Ҳар ҳолда ундан гап олиш учун нимадир қилиш кераклигини ўзимча режалаштириб ўтирдим.

Мана сўнгги машқлар ҳам тугаб боряпти...

Руслан машғулотни тугатгани, топшириқларни тўлиқ бажаргани ҳақида мураббийга билдирги берди ва секин мен томон юзланди. Ёнимдаги ўриндиққа жойлашиб, куттириб қўйгани учун узр сўради.

— Жаҳон универсиадаси қаҳрамонига бир неча кун дам берилмадими? – деб сўрадим.
— Мен учун мавсумнинг энг қизғин ва муҳим палласи энди бошланди. Олдинда жаҳон чемпионати бор, унда олтин медаль олишни ният қилганман. Шунинг учун режа асосида пухта тайёргарлик кўришим лозим. Универсиадада эса ўз имкониятларимни синовдан ўтказдим холос.

Руслан билан суҳбатимиз анча қизиқарли кечди. Гапга чечан ва ҳазилкаш йигит экан. Саволларга атрофлича ва мисоллар билан жавоб бергани менга маъқул келди. Суҳбат чоғида унинг ғалабаларини сирини билишга интилдим. Ҳар ҳолда Руслан оғир атлетикачиларимиз ўртасида кўп ютуқларни биринчи бўлиб қўлга киритмоқда. У 2011 йили Францияда ўтган жаҳон чемпионатида ўзбек оғир атлетикачилаи ўртасида биринчи бўлиб, кумуш медални қўлга киритганди. Бу йил эса Универсиадагача Осиё чемпионатида ҳам бирваракайига учта олтин медалга сазовор бўлганди. Албатта, бу каби юқори нуфузли мусобақалардаги ютуқларнинг асоси спортга бефарқ бўлмаганларга қизиқарли бўлса керак.

Руслан 2012 йилги Лондон Олимпиадаси унга катта дарс бўлганини айтди. Совринли ўринларга жуда яқин келган спортчимиз кутилмаганда ўзи машғулотларда бир неча маротаба кўтарган оғирликни бўйсиндира олмагач, тўртинчи ўрин билан чекланишга мажбур бўлди. Гарчи бунгача ҳеч бир оғир атлетикачимиз Олимпиадада тўртинчи ўринга кўтарилмаган бўлса-да, Нуриддинов бу натижадан қониқмади.

Тўғрисини айтсам, энг асосий рақиб ўзимман, — деганди Руслан суҳбатимиз чоғида. — Курашни мисол қиладиган бўлсак, кўп нарса рақибнинг тайёргарлиги, маҳорати, мураббийлар кўрсатмаси, баъзан ҳакамга ҳам боғлиқ. Оғир атлетикада эса фақат ўзинг ва қаршингда штанга бўлади. Нима юз беришини олдиндан билмайсан. Баъзан доимо осонлик билан кўтарган оғирликни бўйсиндиролмайсан, баъзан эса шахсий кўрсаткични рекорд даражага олиб чиқасан. Хуллас, супага чиқдингми, буёғига ҳаммаси ўзингга боғлиқ. Штангани кўтарсанг ғолибсан, кўтаролмасанг секин ерга қараб ортга қайтасан...

Руслан спортчи сифатида энг олий мақсади – 2016 йили Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларида ғолиб чиқиш эканини айтди. Бунинг учун тайёргарлик жараёнларини тўғри ташкил этиш, Олимпиадага ҳар жиҳатдан пухта тадориг билан бориш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, у 2013 йилги спорт мавсуми учун ўз олдига учта мақсад – Осиё чемпионати, Жаҳон универсиадаси ва энг асосийси – жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишни вазифа қилиб қўйганди. Ҳар қанча мураккаб бўлмасин у ҳар учала ниятини амалга ошира олди. Бунгача машғулотларда қанча тер тўкканини айтмайсизми. Ҳар ҳолда биттагина машғулотини кузатиб, оғир атлетика бекорга оғир дейилмасилигига амин бўлгандим. Турли вазндаги штангаларни бир неча маротаба кўтариб, ҳолдан тойган спортчи икки дақиқалик танаффусдан кейин яна ҳаммасини бошидан бошлайди. Ана сабр-тоқат, куч-қувват, иродаю бардош.

Албатта, буларнинг барчаси бўлажак Олимпиада учун мустаҳкам пойдевор холос. 2016 йилгача Руслан яна бир неча нуфузли мусобақаларда қатнашади. Насиб қилса, 21 ёшли полвонимиз Бразилиядаги Олимпия ўйинларида ҳам энг юқори натижани қайд этиб, яна кўп бор мухлисларини хушнуд этишига ишонамиз.

Ғалабанг муборак, Руслан полвон!

Зоҳир Тошхўжаев, журналист 

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 21:39, 27.10.2013.
Ўқилди: 6308 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.