Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўзимиздан енгилдик

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси жуда кўпчиликни қанчалик ҳайрон қолдириб гуруҳда 7 очко жамғарган бўлса, нимчорак финалда Гондурасга мағлуб бўлиб, яна шунчалик мухлису мутахассисларни ажаблантирди. Кечаги ўйинни кузата туриб, Дилшод Нуралиевнинг айтган баъзи гаплари ёдимга тушиб кетди.

Ўсмирларимиз Эронда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритиб, юртимизга қайтиб келганидан кейин Дилшод Нуралиев матбуот анжуманида иштирок этганди. Ўшанда унга савол берилганди: “Осиё чемпионатида қайси рақибга қарши ўйин энг қийини бўлди?”

Нима деб ўйлайсиз, ўшанда мураббийимиз қайси рақибни тилга олганди? У бирорта ҳам рақибни тилга олмасдан, энг бўлган иш сифатида 2та ҳолатни тилга олганди.

Биринчиси, Ҳиндистонга қарши ўйин. “Ҳиндларни Тошкентда ўтган саралаш босқичида 9:0 ҳисобида енгганимиздан кейин, қитъа чемпионатида шогирдларимни бу жамоага қарши руҳлантириш қийин бўлишидан хавотирда эдим. Шундай ҳам бўлди. Яхшиямки, ўйин охирида гол уриб, ғалабани ўз томонимизга оғдириб олдик”, деганди Нуралиев.

Дилшод Нуралиев, иккинчи қийин ҳолат сифатида футболчиларни ҳар бир ўйинга руҳан чоғлаш (“настрой”) қийин бўлганини таъкидлади. Биринчи ўйинда Ҳиндистон футболчиларимизнинг индивидуал маҳорати эвазига мағлуб этилди (дарвоқе, ўша ўйинда гол урган Муҳиддин Одилов ва Илҳом Абдуғаниевнинг ўрни ЖЧда сезилди). Иккинчи ўйинда Хитой билан дуранг (1:1) қайд этилганидан кейин, сўнгги турда Ўзбекистонни дуранг натижа ҳам чорак финалга олиб чиқарди. Бироқ ўйиннинг 33-дақиқасида урилган гол туфайли вакилларимиз ютқазиб қўйишди. Мазкур ўйинда ҳам ўсмирларимиз рақибни менсимасдан майдонга тушишганди. Яхшиямки, параллел кечган ўйинда Ҳиндистон 90+4-дақиқада Хитой дарвозасига пенальтидан гол уриб, Ўзбекистонни чорак финалга олиб чиққанди. Фақатгина шундан кейингина Нуралиев шогирдлари “уйғонишганди” ва чорак финалда Корея устидан ҳақли ғалабага эришишганди. Ана шу иштиёқ билан улар Эронни ҳам мағлуб этишди. Бироқ финалда Япония вакилларимизга ўйин бермаганди, очиғи. Терма жамоамиз ЖЧ йўлланмасини қўлга киритганидан кейин финалда қандай мақсад йўлида ўйнашганини ўзлари ҳам билишмаганди. Ўйинда яратилган битта вазиятни Акобир Тўраев голга айлантирди ва пенальтилар сериясида дарвозабонимиз қаҳрамонлик кўрсатди. Ёдингизда бўлса, ўйин давомида японларнинг иккита зарбаси дарвозамиз устуни ва тўсинига текканди.

ЖЧнинг гуруҳ босқичида эса бундай муаммо бизни безовта қилмади. Тартибли ўйин ва кучли иштиёқ эвазига Панама мағлубиятга учратилди, Марокашнинг ҳужумлари бартараф этилди. Ҳали нимчорак финал масаласи ҳал бўлмагани учун ва гуруҳда 3-ўринни эгаллашдан қочиш мақсадида 17 ёшли йигитларимиз Хорватия билан бўшашмасдан ҳаракат қилишди ва ҳаттоки дурангни кўзлаб ўйнаётган рақибни мағлуб этишди.

Гондурас билан ўйин олдидан шогирдларини мана шундай муаммо безовта қилишини Нуралиев сезган бўлиши керак. У имкон қадар футболчиларда иштиёқни уйғотиш учун ҳаракат қилганига ҳам шубҳа йўқ. Аммо кеча гондурасликлардаги иштиёқ ва концентрация вакилларимиздагига нисбатан яхшироқ эди. Ҳа, Гондурас у қадар кучли рақиб эмас. Буни терма жамоамиз 10 киши бўлиб ўйнаб ҳам исботлашди. Аммо улар кучли концентрация эвазига мақсадга эриша олишди.

Аслида руҳий беқарорлик ўсмирлар футболига хос хислат. Бундайин муаммо плей-оффда бўй кўрсатгани эса ёмон бўлди. Боиси, хатони тўғрилаш учун бизда имконият йўқ эди. Натижада ҳеч ким кутмаганда ортга қайтишга мажбур бўлдик.

Ҳакам ҳақида фикр билдиришни истамасдим. Чехиялик ҳакамнинг атайлаб Ўзбекистонни “ўлдиргани”га ишонмайман. Агар биз кеча Гондурас футболчиларига нисбатан бироз тезроқ, бироз эътиборлироқ, бироз иштиёқлироқ бўлганимизда бизнинг ўрнимизда рақиб бўлиши ҳам мумкин эди. Демак, аввало, футболчилариз ўзларини ўзлари енга олишмади. Улар ўзларидан енгилишди, рақибдан эмас.

Умид қиламанки, Осиё чемпионати ва Жаҳон чемпионатидаги сабоқлар беиз кетмайди ва бу футболчилар ушбу ҳолатлардан ўзлари учун яхши хулоса чиқариб оладилар. Зеро, улардан бир нечтаси ҳали Ўзбекистон U19 ва кейинчалик Ўзбекистон U22 терма жамоаларида ўйнашга муяссар бўладилар.

Олимхўжа Бўронов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:27, 29.10.2013.
Ўқилди: 6798 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.