Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ажойибот доимо ёнимизда!

Баҳо:
+ | -

Ҳа, «Интерфутбол»нинг 29 октябрь куни нашрдан чиққан сони (ҳам ўзбекча, ҳам русча варианти)да эълон қилинган Т.Насибуллаевнинг мақоласи менда айнан ҳайратланиш ҳиссини уйғотди. Унда муаллиф икки мураббий - Миржалол Қосимов ва Дилшод Нуралиевни ўзаро таққослаган.

Яъни уларнинг хусусиятларига тўхталиб, очиқ-ойдин Нуралиевнинг устунлигини қайд этган. Боз устига, содда қилиб миллий жамоа бошқарувини Дилшодга топшириш таклифини илгари сурган. Ўсмирлар терма жамоасидаги иши билан ўз иқтидорини яна бир бор намо­йиш этган мураббийнинг салоҳиятига шубҳа қилмаган ҳолда, мен ҳам шахсий нуқтаи назаримни билдиришни лозим топдим. Бу билан ушбу вариант тарафдорларининг ҳовурларини сал пасайтирарман, эҳтимол...

 

Дарҳол Насибуллаевнинг таққослашида кўрсатилган бандларга ўтаман.

 

1. «Қосимовда ўйин чизгиси йўқ, Нуралиевда бор».

 

Ўйин чизгиси нима ўзи, буни қандай тушунасиз? Гап холст (сурат матоси)даги чизгилар ҳақида кетмаётгани барчага ойдек равшан. Лекин яна бир нарсани ойдинлаштириб олиш зарур. Жамоа ўйини даражаси қанчалик юқори бўлса, унинг захирасида чизги намуналари шунчалик кўпаяди. Соддароқ айтганда, ўйинда ҳеч қандай аниқ чизги бўлмайди, лекин хилма-хил тасвирлар ва ўйланган манзараларни сезиш мумкин. Умуман, юқоридаги термин, яъни чизгини футболга ўйинларни шарҳлаб борувчи интеллектуал салоҳияти бой кишилар олиб киришган. Шунингдек, тактика, стратегияларни бемалол муҳокама қиладиган, назариядан таълим берадиганлар ҳам ушбу терминни тез-тез тилга олишади. Фарқи шуки, улар том маънода эмас, балки тасаввурни ифодалаш учун ишлатишади. Жамоа ўйин­да қўллайдиган хилма-хил тактик услублар - уларда қандай чизги бўлиши мумкин? Бунда «доғ», «эгри чизиқ» ва «тўғри чизиқ»лар кўплигидан рақиблар учун чинакам бошқотирма бошланади: жамоа уларга яна нимани «чизиб» бериши мумкин? Албатта, бу ҳам образли ифода этиш усули, бироқ биз кўпроқ қўлланиладиган атамаларга кўникиб боряпмиз (тўғри, тор доирада асосан жаргонлардан фойдаланамиз ва кўпинча бу фикримизни баён этиш учун етарли бўлади). Хуллас, «чизги»ларни ўзгариб туриши - бу ЎЙИННИНГ ЯХЛИТ ТАСВИРИ ЭМАС, БАЛКИ ЖАМОА САВИЯСИ демакдир. Албатта, у кўплаб омилларга боғлиқ. Мақола муаллифи омиллардан айримларини ўзича муҳокама этишга уриниб кўрган. Қосимов қўл остидаги миллий жамоада тажрибали йигитлар ўйнашади. Ишонинг, улар бундай «бадиий»ликни етарлича кўришган. Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб ва бошқа далиллар асосида баралла гапирмоқдаман. 2-3 кунлик тафовут билан 3-4та ўйинда майдонга тушган футболчилардан ўзларини қандай ҳис қилишларини сўранг, улар сизга буни ажойиб тарзда «чизиб» беришади...!

 

Шундан иккинчи банд келиб чиқади: «Таркиб барқарорлиги: Нуралиевда бор, Қосимовда йўқ».

 

Қосимов терма жамоада неча нафар футболчини ўйнатди? 20 нафардан кўпроқ. Нуралиев жамоасидаги асосий футболчилар неча нафар? 14-15 нафар. Евстафеевчи, яқинда ўтказилган Осиё чемпионати саралашида у неча футболчидан фойдаланди? Яна 14-15 нафар. Албатта, бу уларнинг айблари эмас (мураббийларники эмас)!!! Гап талаб даражасида бўлмаган селекция ишлари хусусида ҳам кетмаяпти: улар шароит тақозосига қараб иш тутиб, қўлларидан келганини қилишди. Моҳият шуки, ушбу термаларга тенг кучли ёки савия жиҳатидан бир бирига яқин футболчилар етишмайди. Айтайлик, кимдир жароҳатланса (ёки кетма-кет сариқ карточка олса), унинг учун ўринбосар топиш ғоят мушкул. Қосимов шунчаки, «захира сайёҳлари»ни жалб қилмасдан, асосий ижрочилар сафдан чиқмасликлари, таркибда кутилмаган муаммо юзага келмаслигини тилаб, жимгина ўтириши ҳам мумкин эди-ку (номзодлар сафини кенгайтириш - вазият тақозоси эканлигини унутмаслик лозим). У таркибга чақирилган ҳар бир футболчидан ҳар қандай ҳолатда реал фойдаланиши мумкин. Ким нима демасин, Қатар ва Эрондаги ўйинларни вакилларимиз фақатгина тактика ва тартибли ҳимоя эмас, балки яна захирадаги ишонч ҳисобига ҳам ўз фойдаларига ҳал қилишганди. Зеро, у ерда хоҳлаган дақиқа майдонга тушиб, кўпроқ тер тўкиш, наф беришга қодир йигитлар жамланишганди. Рақибнинг чарчагани ва руҳий танг аҳволда бўлгани фикримни асоссиз эмаслигига далил. Айнан шу туфайли Қосимов бу борада бош оғриғидан халос эди ва у бор эътиборини таркибда «тешик» юзага келиши мумкинлиги эмас, балки ўйиннинг ўзига қаратди! Нуралиев эса шароит тақозосига кўра, ҳали бундай тажрибадан ўтгани йўқ, унинг шогирдлари ҳам. Дилшодга яқин келажакдаги ўз тажрибасида таркибни мослаштириш салоҳиятини ўзлаштириб олишини тилайман. Ана шунда 2-3 нафар асосий футболчилардан фойдаланолмаганини айтиши ёки ўта қаттиққўл ҳакамликдан нолишига тўғри келмайди. Унинг жуда иқтидорли мураббий эканлиги маълум . Асосийси, тажрибаси тобора ошиб боряпти ва салоҳияти анча катта. Бир сўз билан айтганда, Нуралиев ЎСЯПТИ, лекин бу жараён ҳали охирига етмади. Қосимов ҳам ўсяпти: мураббийлар бутун умрлари бўйи ўрганишади. Айтмоқчиманки, таркибда турли тажрибаларни ўтказиш, етакчилар йўқлигида ҳам қийин вазиятдан чиқиб кетишни ўрганиш - булар Нуралиевнинг олдида ҳали. Хулоса эса оддий: ихтиёрингизда футболчилар қанчалик кўп бўлса ва улар ҳисобига таркибни мувофиқлаштириш имконини ҳосил қилсангиз, ЖАМОАНГИЗ САЛОҲИЯТИ ШУНЧАЛИК ОШАДИ! Ахир қанча футболчи бўлса, шунча янги ғоя, имконият туғилади. Умуман, бинойидек таркиб танлаш имконияти бевосита номзодлар сонига боғлиқ. Қосимов бу тажрибани синаб кўришга улгурди ва терма жамоада ишлашда давом этаркан, синаб кўраверади. Яна таркибдаги ўрин учун рақобатни ҳам унутмаслик керак, жаноблар. Йўқса, 11-14 киши «осмонга чиқиб олади» ва келажак ҳақида ўйламай қўяди - буниси энди спорт (нафақат спорт, балки ҳаёт) лексионидан.

 

Энди тактика хусусидаги бандга тўхталиш ҳам шарт эмас, ҳаммаси юқорида айтилди. Оддий гапирганда, миллий жамоада вақти-вақти билан майдонга тушадиган футболчининг ҳам тактик уқуви ўсмирлар етакчисиникидан анча баланд бўлади, гарчи у туғма истеъдод саналсада. Муайян ҳолатда мураббий ёрқин ва индивидуал томондан жуда кучли ижрочини майдондан олиб, улкан ҳажмда қора ишларни бажарадиган, тўпни олиб қўйиш, рақиб ҳужумини бузиш, жамоадошларига кўрсатма бериб туришга мойил, қўйингки, иккинчи бўлимнинг 20-30 дақиқасида кўпроқ фойда берадиган, бироқ кўзга ташланмайдиган футболчини тушириши мумкин. Зеро, у ўта кучли дриблингчи (стандарт вазиятлар устаси, заргарона тўп узатувчи), муҳим гол урган ёки бошқа вазиятларда ўзини кўрсатган, бироқ рақиблар учун «ўқилган китоб» бўлиб улгурган футболчининг майдонда қолишидан маъқулроқ ҳисобланади. Бу ҳам тактика, фақат стратегик, чунки бундай алмаштириш қайсидир алоҳида вазият эмас, балки бутун ўйин равишига таъсир этади. Нуралиев бу ҳолатни ҳам назарияда эмас, катталар термасида тажрибадан ўтказиши керак ҳали. Унинг назарий билими етарли, бунга шубҳа йўқ. Лекин назарий ўқув бошқа, катталар термасидаги реал тажриба бошқа...

 

Тўртинчи бандда муаллиф Нуралиев жамоасининг кўрсатмаларни қандай бажаришига тўхталган. Лекин бу борада Қосимов жамоаси ҳақида сўз юритмаган. Шундай экан, кўрсатмалар ижросини мен таққослаб беришга уринаман.

 

Олдингизда тажрибали ва янги иш бошлаган 2 нафар чилангар турибди. Иш эса бир хил - 3-разряд, яъни даража (касб-ҳунар коллежларининг аксарият битирувчилари дипломига шундай «чизги» қўйилади)га мос. Вазифа: берилган ишни 2 соатда бажариш, ким яхшироқ уддаласа, унга мукофот бор. Нима деб ўйлайсиз, моҳир устага ғилдирак қўчқароғига сабаб бўлаётган шкивни ва редуктор қистирмасини қандай алмаштириш, шунинг баробарида меъёрдаги Luft («люфт» немисча ибора бўлиб таржимаси - «ҳаво»)ни «ушлаш» ҳамда корпус билан қопқоқнинг идеал ҳолатда боғлаб, бутун қурилмани талаб даражасида ишлашини таъминлаш хусусида ақл ўргатиш шартми? Жавоб бераман: «Унинг ўзи хоҳлаган кишига ўргатиб қўяди!» ва бу тўғри. Зеро, у барчасини яхши билади ва қандайдир кўрсатмага эҳтиёж сезмайди. Билганда ҳам, 3-разрядга тортадигандан анча яхши билади. Энди иш бошлаган чилангарга эса деярли ҳар хил жараённи ўргатиш, муҳим ҳисобланган ҳаракатлари устида қараб туришга тўғри келади. Гарчи иш унча мураккаб бўлмасада, унга айтиб туриш, айнан «кўрсатма» бериш ва ишни қандай бажараётганини назорат қилиб бориш керак. Кимдир айтиши мумкин: «Бу ерда чилангарлар ва профессионал футболчилар ўртасида қандай боғлиқлик бор». Саволнинг жавоби эса ўзи билан. Айнан профессионал футболчиларга майда-чуйда элементларни «чайнаш» ортиқча, 17 ёшли йигитчалар учун эса бу ҲАЁТИЙ ЗАРУРАТ ҳисобланади. Акс ҳолда, яъни уларни назорат қилмасдан ўз ҳолларига ташлаб қўйсангиз, «футболчи сифатида нобуд бўлишади». Мана, сизга ёш футболчилар ва уларнинг мураббийлари ҳамда катталар жамоаси ва мураббийлари ўртасидаги ўша LUFT. Ёшлар ва уларнинг устозларига зарур ушбу «ҳаво»ни яна тажриба, маҳорат билан тўлдириш керак. Зеро, бу жиҳатлар жамоа савияси ошишида муҳимдир. Катталар жамоасида эса ўйинга боғлиқ асосий ва захира кўрсатмаларидан ташқари, футболчиларнинг муайян вазиятда қандай йўл тутиш, импровизацион, ижодкорлик хусусиятлари катта ролга эга. Ҳеч бир мураббий захира ўриндиғида ўтирганча муайян ўйин ҳолатига доир энг тўғри қарорни аниқлаб, ўз ғоясини дарҳол шогирдларига телепатик тарзда етказолмайди. Фақат ўйиндан кейинги муҳокамада «поезд кетиб бўлди ва бошни рельсга суқишга энди кеч» ўртасида тушунтиради барчасини. Бироқ футболчи буни айни вақти, яъни ўйин чоғи тушунса ва қандайдир кўрсатмасиз тўғри қарорга келса, демак, у - БЕБАҲО!!! Бунда шаблон - ўша ўйиндан аввалги кўрсатмалардан четга чиққани аҳамиятсиз. Унинг ўзи муайян устамонлик ишлата олади ва жамоадошларига ҳам нимадир айтиб туришга қодир. Худдики, майдонда, ўйин жараёнида МУРАББИЙ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРАДИ. Савияли жамоалар ўйини шу жиҳатга ҳам асосланади. Қисқаси, катталарга ўсмирлардан фарқ­ли ўлароқ, майда-чуйда кўрсатмалар бериш шарт эмас, аксинча, шахсий фикрлари ривожланиши ва миядагиларини амалга татбиқ этишлари йўлида уларни қўллаб-қувватлаш жоиз. Асосийси, ким қандай фикрда бўлмасин, айтаман, бизнинг миллий жамоада ҳам бундай футболчилар бор. «Буюклик ва телбалик ораси бир қадам» - буни ҳаммамиз биламиз. Мақташ ва ҳақоратлаш ораси ҳам шунча экан. Буни амалда кўриб турибмиз. Лекин бу мутлақо бошқа мавзу ва уни ҳозир «кавламайман». Шунингдек, элементар нарсани исбот қилмайман: асосий жамоамиз футболчилари ёшларимиздан минг марталаб тажрибали ва ақлли, яна шунинг учунки, ўз савияларига мос МУРАББИЙ қўл остида ўйнашмоқда. Бу ортиқча тафсилотларга эҳтиёж сезмайдиган ҳақиқат.

 

Якунда кўрсатма ҳақидаги банд бўйича биз ТВ орқали кўрадиган кучли чемпионат мураббийларига эътибор қаратишни маслаҳат бераман. Мураббийнинг майдон четида туриб олиб, футболчиларга бақирганча кўрсатма бераётганини қанчалик кўп кўрасиз? Ўртача олганда 10тадан 1та ҳолатда, бундан кўп эмас. Бу ҳам ўша мураббийнинг соф инсоний хусусиятларига боғлиқ. Ахир одам шунчаки, табиатан эҳтиросга берулувчанроқ бўлиши мумкин - туғма қизиққон: HAIL Юрген Клопп «... шавкатли юриш, кўзойнак, йиртиқ жинси...». Бироқ ўша Клопп ўз шогирдлари имкониятларини яхши билади, Қосимов ҳам, Нуралиев ҳам. Фақат, охиргисининг ҳозирча тез-тез майдон четига яқинлашиб, жамоасини «бошқариши» талаб этилади. Ишонч эса кейинроқ туғилади, қачонки, катталар билан ишлаб, кимгадир ортиқча кўрсатмаларсиз ишонишни ўрганганида. Охирида Дилшод Нуралиевга чин юракдан профессионал сифатида ўсишда давом этиши, келажак фаолиятида қийин, лекин ўзи учун ўта зарур турнирларда тажриба оширишини тилайман! Қосимовга келсак... У ҚОСИМОВ, бу билан ҳаммаси айтилди.

Дмитрий ПОПОВ

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:10, 20.11.2013.
Ўқилди: 5837 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.