Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма марказида ихтисослаштирилган “SportWorld Uzbekistan – 2013” спорт ускуналари, анжомлари ва кийимлари халқаро кўргазмаси бошланди.
Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Акромов, халқ таълими вазири ўринбосари, болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Э.Искандаров, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Зеро, мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур барча шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августда имзоланган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари мазкур йўналишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда болалар спортини, айниқса, қишлоқ жойларда ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, умумтаълим мактаблари ҳузурида замонавий болалар спорт комплекслари барпо этиш, энг янги спорт ускуна ва анжомлари билан жиҳозлаш ва улардан самарали фойдаланишга устувор аҳамият берилмоқда.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўн йил давомида 1113 болалар спорти объекти қурилиб, фаолият кўрсатаётган 262 спорт иншооти реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган.
Айни пайтда умумтаълим мактабларининг 81 фоизи янги барпо этилган ва реконструкция қилинган спорт залларига эга. Барча коллеж ва академик лицейлар замонавий спорт заллари билан тўлиқ таъминланган.
Спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар спорт саноатига янги технология ва инновацияларни жорий этишни ҳам кўзда тутади. Бу эса болалар спорти объектлари ва умумтаълим мактабларининг спорт залларини замонавий спорт инвентарлари билан жиҳозлаш имконини бермоқда. Ушбу жараёнда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар муҳим ўрин тутаётганини қайд этиш жоиз. Ишлаб чиқарилаётган 120 турдаги спорт инвентари ва ускунасининг 114 таси ўз корхоналаримиз томонидан тайёрланмоқда.
Ўзбекистонда бундай кўргазмалар аввал ҳам ўтказилган. Аммо “SportWorld Uzbekistan – 2013” кўргазмасида олдингилардан фарқли равишда нафақат мамлакатимиз, балки хорижий ишлаб чиқарувчилар стендлари ҳам намойиш этилаётир. Бундан ташқари, спорт турларини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам иштирок этмоқда. Ўттиздан зиёд экспонент ўз маҳсулотларини “Спортинвентарь”, “Спорт ускуналари”, “Спорт тренажёрлари”, “Спорт хизматлари ва фитнес” каби турли бўлимларда намойиш этмоқда.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси стендида соҳа корхоналарида ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги спорт кийимлари тақдим этилган.
Турли гимнастика ва бокс анжомлари, теннис столлари, мини-футбол дарвозалари, гантель ва бошқа спорт товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган Самарқанддаги “Стеклопластик” корхонасининг стенди катта майдонни эгаллаган.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ўз таркибига кирадиган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган спорт товарлари билан қатнашмоқда. Велосипед ва бошқа спорт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Автосанкомплект” масъулияти чекланган жамияти, эспандер, бутса, боксчилар капаси, бадминтон тўрлари, спорт оёқ кийимлари ишлаб чиқарадиган “Ўз Донг Жу Пэинт Ко” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти шулар жумласидан.
– Мамлакатимиз автомобиллари учун ёқилғи баки ва кузов панеллари тайёрланаётган корхонамизда спорт инвентарлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган, – дейди “Ўз-СэМюнг Ко” қўшма корхонаси ёпиқ акциядорлик жамиятининг муҳандис-технологи Р.Абдижабборов. – Халқаро кўргазмада олти турдаги велосипедлар, армрестлинг столи ва насосларни намойиш этмоқдамиз.
“Ўз Донг Янг” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти стендлари ҳам меҳмонлар эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Бу ерда баландликка сакраш мосламалари, спорт сумкалари, машғулот манекенлари ва турли бокс анжомлари намойиш этилаётир. “Uz-Koje” масъулияти чекланган жамияти футбол, гандбол, стол тенниси ва катта теннис тўрлари, “Ўз Минда” масъулияти чекланган жамияти секундомер, шахмат соатлари, ҳар хил спорт турлари учун мўлжалланган ҳисоб ва вақтни кўрсатувчи табло, “Ўз Тонг Хонг Ко” қўшма корхонаси турли тўплар, спорт тренажёрлари тўплами ва бошқа товарларни намойиш этмоқда.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, халқаро кўргазма мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига ўз маҳсулотини намойиш этиш, бошқа давлатлар спорт саноатининг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашиб, музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, узоқ муддатли амалий ҳамкорлик ўрнатиш имконини беради.
Халқаро кўргазмада қатор чет эл компаниялари ҳам иштирок этмоқда. Чехиянинг теннис кортлари, футбол майдонлари, гольф, чим хоккейи учун сунъий қоплама ишлаб чиқарадиган “Juta a.s.” (“Juta grass”) улардан биридир.
Кўргазма ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган давлат идоралари, мамлакатимиз ва хорижий спорт клублари, тиббий соғломлаштириш, реабилитация марказлари, болалар спорт-ўқув муассасалари раҳбарлари, мураббий ва спортчилар, спорт маркетинги бўйича мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Мазкур кўргазмада спорт тренажёрлари эътиборимизни тортди, – дейди Ўзбекистон Шейпинг федерацияси президенти Е.Самохвалова.– Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати барча халқаро талабларга жавоб беради. Шу боис федерациямиз учун махсус кўп функцияли тренажёрларга буюртма беришни режалаштирмоқдамиз.
“SportWorld Uzbekistan – 2013” халқаро кўргазмасида намойиш этилаётган кенг турдаги спорт маҳсулотлари ва хизматлар мамлакатимизда спорт билан шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзини юксалтириш учун кенг имкониятлар яратилаётганидан далолат беради. Ўзбекистоннинг ривожланган спорт саноати, шубҳасиз, болалар ва ўсмирлар спортини янада тараққий эттириш, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.