Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Мираброр Усмонов: У ким? Энди нима бўлади?

Баҳо:
+-5 | -

Мираброр Усмонов Ўзбекистон футбол федерацияси президенти лавозимига қайта сайланди. Янги раҳбар сайланишини кутаётган мухлислар эса “шок”ка тушишди ва ўз эҳтиросларини сайт орқали чиқара бошлашди. Фикр билдирган деярли 95 фоиз ишқибозлар Мираброр Усмоновнинг ўз лавозимида қолдирилганига норози бўлишган. Фикрларни ўқидик, раҳмат барчага. Келинг, энди мен сизларга Мираброр Усмонов ўзи ким, у кетганида нима бўлардию, энди қолганида нималар бўлиши мумкинлигини айтиб берсам.

Мухлислар нима учун Мираброр Усмоновни ёмон кўриб қолишди?
Яқин пайтларгача барча мухлислар Мираброр Усмоновни жуда яхши кўришарди, у кишини қаттиқ ҳурмат қилишарди. Лекин иккита воқеа туфайли Мираброр Зуфаровичнинг мухлислар олдидаги рейтинги тушди.

Биринчиси, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2014га чиқа олмади. Бу нарса ЎФФ раҳбариятию миллий терма жамоамиз мураббийлар штабига бўлган ишончни пасайтириб юборди. Табиий ҳол.

Иккинчидан ва энг ёмони, М.Усмонов август ойида “Спорт” каналининг “Футбол шарҳи” кўрсатуви орқали чиқиш қилиб, аслида терма жамоа бош мураббийи олдига “таркибни ёшартириш” вазифаси қўйилганди, деган мужмал жавобни илгари сурди. Назаримда, ЎФФ раҳбари журналист Зафар Имомхўжаевнинг Миржалол Қосимовни ҳас-пўшлаш борасидаги мақсадига чалғиди ва мухлисларнинг ғазабини қўзғатадиган жавоб унинг оғзидан янгради. Агар ўшанда Мираброр ака “Биз Бразилияга боришни қаттиқ истагандик, аммо кўрдинглар, бироз омад келмади. Корея ўз майдонида ютқазишини кутмагандик, акс ҳолда футбочлилар Қатар дарвозасига яна 2та гол кўпроқ уришга интилишарди. Бу сафар насиб қилмаган экан, келаси сафар албатта Россияда ўтадиган ЖЧга борамиз”, деган мазмундаги жавобни таъкидлаганида, ўйлайманки, буни барча тўғри қабул қиларди.

Гўёки, футболимиз раҳбарининг сўзлари исботлангандек, терма жамоа Иордания тўсиғидан ўта олмади ва ўз олдига ЖЧга чиқа олмади.

Мираброр Усмонов ким?
Мени ҳамиша бир нарса ҳайратлантириб келган. Хабарингиз бор, 2011 йил 19 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011–2013-йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан танишиб чиққанимда, унинг ҳаддан ташқари кенг қамровли эканини ҳис қилганман ва очиғини айтаман, унинг тўлиқ бажарилишига шубҳа билан қараганман. “Кўп бандлари бажарилмай қолиб кетса керак”, деган ўй ўтганини яширмайман. Йўқ, адашибман. Мана шу 3 йиллик қисқа давр ичида юртимизда 10та стадион қайта қурилди. Куни кеча Мираброр Усмонов уларга кетган умумий маблағни эълон қилди — 500 миллион доллар. Айтингчи, давлат фойда келтирмайдиган қайси соҳага бунча инвестиция киритди? Менимча, бундай соҳанинг ўзи бўлмаса керак.

Мираброр Зуфаровичнинг энг катта ютуғи шундан иборатки, у турли йиллар давомида раҳбар лавозимларида ишлаш орқали ҳукуматимиз раҳбариятига яқин бўлиб қолган. Демак, федерацияга раҳбарлик қилиш жараёнида у футбол ривожи учун давлатнинг имкониятларидан максимал фойдалана олди. Бу биринчидан.

Иккинчидан, нима деб ўйлайсиз, сўнгги 8 йил давомида қилинган 132 млрд сўм даромад қаердан келди? Осмондан тушдими? Ушбу сумманинг асосий қисми Ўзбекистонда футболни ривожлантириш жамғармасига маблағлари эвазига шакллантирилган. Жамғарма эса ҳомийларнинг маблағлари эвазига тўлдирилади. Бунда эса Мираброр Усмоновнинг катта хизматлари бор. Буни ҳеч ким инкор этмайди.

6 декабрь куни ЎФФ раҳбари қабулида бўлдик ва унда Мираброр Усмонов бизга иккита нарсани айтди.

“Менинг омадим бор эканки, давлат мени қўллаб-қувватлади, нима десам йўқ демади, бир қатор қарорлар чиқариб берди ва биз футбол инфратузилмасини мустаҳкамладик”.

“Федерация шундай жойки, унинг раҳбари кўзи тўқ инсон бўлиши керак. Менинг ўрнимга келадиган янги одам ҳам шундай бўлиши керак”.

Демак, ҳозирги кунда Мираброр Усмоновдан бошқа “кўзи тўқ” ва “омадли” инсон йўқ эканки, у ўз жойида қолдирилди. Буни тўғри қабул қилишимиз керак.

Агар унинг ўрнида бошқа одам бўлганида мазкур ишлар амалга оширилишига катта шубҳа билан қарайман. Балки адашаётгандирман, балки футболнинг битта инсонга боғлиқ бўлиб қолаётгани тўғри эмасдир. Аммо бу фақат менинг фикрим эмас, жуда кўпчилик мутахассис ва журналистларнинг фикри бир жойдан чиқмоқда.

Энди нима бўлади?
Федерация маблағ томонлама муаммога дуч келмайди. Молиялаштириш шу тарзда давом этади. Демак, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз хорижда йиғин ўтказишда, кучли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишда давом этади. Хуллас, ЎФФ аввалги режимда ишлайди. Мираброр Усмонов пайтида Ўзбекистоннинг ОФКдаги ўрни анча мустаҳкамланди ва бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонаман.

Нималар қилмоқ керак?
Юртимизда 10та янги стадион қурилишига қарамай, ўйингоҳларга мухлисларнинг оқими деярли йўқолиб кетди. Бу энг катта камчилик. Йилдан-йилга ОЧЛ учун йўлланмаларимиз сони камайиб бормоқда. Яна бир жиддий камчилик. Ҳар иккала ҳолат ҳам бевосита ЎзПФЛ билан боғлиқ. Демак, ЎзПФЛ энг ислоҳотга муҳтож жой бўлиб қолмоқда. Назаримда, ушбу жойга қаттиққўл ва талабчан раҳбар керак. Клублар ушбу раҳбарга бўйсунишсин ва ОФК ва ЎзПФЛ талабларини бекаму-кўст бажаришсин. Оддий мисол, ўз олдига жиддий мақсадлар қўяётган “Локомотив” клубини олиб қарайлик. Клуб чиройли стадионга эга. Аммо унда камчиликлар етарли. Клуб келаси мавсумда ОЧЛда иштирок этаётгани учунгина ОФКнинг стадионга қўйган талабларини тўлиқ бажаришга энди киришди. Ваҳоланки, журналистлар ўтган йиллар давомида стадиондаги камчиликларни тўғрилаш борасида клуб раҳбариятига бир неча марта мурожаат қилишимизга қарамай, ҳеч нарса қилинмаганди. Бу нарса ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магометовнинг хаёлига ҳам кириб чиқмаганди. Ваҳоланки, Фарҳод ака “Локомотив”нинг деярли ҳар бир ўйинини стадионда ўтириб томоша қилади ва ОФК талаблари бажарилмаганини ўз кўзи билан гувоҳ бўлади. Ишончим комил, Олий лиганинг аксарият клубларидаги аҳвол шунақа.

Энг қизиғи шундаки, ЎзПФЛ 2013 йилдан бошлаб лицензиялаштиришни йўлга қўйди. Барча талабларни бажармаган клубга Олий лигада иштирок этиш ҳуқуқи берилмаслиги лозим. Демак, лицензиялаштириш масаласи ҳам номигагина йўлга қўйилган. Барчаси сохта. Оддий мисол, Олий лиганинг бирорта клуби бўлмадики, “Гулистон” стадиони майсаси борасида эътироз билдирмаган бўлса. Ушбу клубга қарши бирорта чора қўлланилдими? Клуб бирорта ўйинини нейтрал майдонда ўтказдими? Йўқ, албатта.

Олий лигада келишилган ўйинлар, “саҳналаштирилган театрлар” ҳаддан ташқари кўплиги учун ҳам мухлислар стадионлар бормай қўйишганини Усмонов ҳам, Магомедов ҳам жуда яхши билади. Лекин бу билан ҳеч ким курашмаяпти, ҳеч қандай чора қўлланилмаяпти. Ваҳоланки, 6 декабрь кунги журналистлар билан учрашув чоғида ЎФФ раҳбари клубларимиз халқаро мусобақаларда яхши иштирок этиши учун аввало чемпионатимиз кучли бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтганди. Демак, бу йўналишда ҳам енг шимариб, шиддат билан ишлаш лозим, аста-секинлик билан эмас!

Мен терма жамоаларимиз кияётган беўхшов ва қопсифат формаларга алоҳида тўхталиб ўтмайман. Ҳар ҳолда халқаро ўйинлар пайтида “пул топиб, ақл топмаган” мақомда бўлишимизни истамаган бўлардим. Бундайин эътиборталаб жиҳатлар кўп. Улар ҳақида жуда кўп мақолалар ёзилган ва бундан кейин ҳам ёзилади.

М.Усмонов футбол пойдевори яратилганини таъкидлаб, терма жамоаларимиз олдига энг катта мақсадлар қўйиш пайти келганини таъкидламоқда. Умид қиламан, ушбу талаб вақти келиб яна “таркибни ёшартириш”га ўзгариб қолмайди. Пойдеворни Мираброр аканинг ўзи қўйдими, демак, “мева”сини ҳам ўзи ейиши лозим. Бунинг учун эса Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2016 йилги Рио-де-Жанейро олимпиадасига, миллий терма жамоамиз эса Россия-2018га бориши шарт! Ана шунда ўзбек мухлислари Мираброр Усмоновнинг ўз лавозимига қайта сайлангани нотўғри бўлмаганига ишонч ҳосил қилишади. Ана шунда қилинаётган катта-катта харажатлар, меҳнатлар бесамар кетмайди, ўзбек халқи ўзининг азалий орзусига эришади.

Мухлис учун бошқаси бир тийин. Ишқибоз эса фақат Мундиалга рози бўлади, асло бошқасига эмас!

Олимхўжа Бўронов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:50, 11.12.2013.
Ўқилди: 18034 марта.
Фикрлар: 106 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.