Футбол оламининг энг муҳим совринларидан бири — «Олтин тўп»нинг ўз эгасини топишига ҳам оз муддат қолмоқда. Табиийки, бу сафар ушбу соврин учун кураш аввалгиларидан ҳам қизғинроқ кечяпти. Боиси, ҳар бир номзод ўз ўйини, маҳорати билан ажралиб туради. Бу галги қаҳрамонимиз ҳам ана шундай тажрибали ўйинчилар сирасига киради. Мазкур саҳифамизни Швеция терма жамоаси ва Франциянинг «ПСЖ» клуби ҳужумчиси, сўнгги вақтларда ажойиб голлари билан футбол ихлосмандларини ҳайратга солиб келаётган Златан Иброҳимовичдир. Қуйида бу футболчи билан уюштирилган интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
«Ўйлашимча, Жерард Европада ўзига хос ҳурматга эга. Қолаверса, у мураббий эҳтиёт бўлишингни тайинлайдиган даражада хавфли футболчи. У майдонда жуда кўп нарса қила олади. Шуни ҳам таъкидлашим керакки, «Ливерпул» қанчалик кучли клуб эканлигига қарамай, Стивен ундан-да машҳурроқ жамоада ўйнаши керак. У бунга муносиб».
Златан ўзи ҳақида қандай фикрда бўлманг, барибир, ўз фикри, дунёқараши билан қолаверади. Шунга монанд ўйин услуби ҳам ўзгача. Хусусан, Швециянинг Англияга қарши ўтказган ўртоқлик ўйинларидан бирида у ҳавода оёқларини велосипед педалини айлантиргандек қилиб тўпни шунақа тепдики, ўйинни шарҳлаб борган журналист беихтиёр «Кўрдингизми, бунақа иқтидорни ўргатиб бўлмайди. Бу туғма», деб юборди.
— Сизнинг ўйин услубингиз шведчами ёки югославча?
— Йўқ... Бу Златан услуби.
— Юзингизда чандиқлар бор. Бунинг сабаби нимада?!
— Билмадим... Бунинг сабабини хотинингиздан сўраб кўринг-чи?! (Златан ўз нуқсонлари ҳақидаги саволларни сира хушламайди. Шу боис бу борадаги ҳар қандай саволга кескин жавоб қайтаради)
— Cупер «Porsche» сотиб олмоқчи экансиз. Ҳар ҳолда, мухлисларингиз орасида шунақа гаплар юрибди.
— Асло ундай эмас. Мен самолёт буюртма қилганман. Чунки у тезроқ.
— Сизнингча, асосий рақиб жамоалар кетма-кет тўққиз очко йўқотиши мумкинми?
— Албатта. Бунинг учун улар «ПСЖ» билан уч маротаба кетма-кет тўқнашишлари лозим. Аммо, афсуски, бунинг иложи йўқ.
— Ўғлингизга нима деб исм қўйишни орзу қилгансиз.
— Кенжа Златан.
— Турмуш ўртоғингизнинг туғилган кунига нима совға қилган бўлардингиз?
— Ҳеч нима. Ахир унинг энг қимматбаҳо совғаси — Златани бор-ку! Унга бундан-да қимматлироқ совға топа олишимга кўзим етмайди.
— Сизнингча, дунёдаги энг чиройли аёл ким?
— Менинг рафиқам. Мабодо сиз ундан ҳам чиройли аёлни учратсангиз, айтинг, уни, албатта, бориб кўраман.
— Машҳурларда ҳеч қандай муаммо бўлмайди, дейишади. Бу фикрга қандай қарайсиз?
— Нега энди? Масалан, мен бирор жойга борганимда вақтинчалик турар жой тополмайман. Баъзида бутун бир меҳмонхонани сотиб олсаммикин, деб ўйлаб қоламан.
— Ўзингизни қайси спортчига қиёслаган бўлардингиз?
— Муҳаммад Алига, чунки у бир жангидан олдин рақибини тўрт раундда нокаутга учратишга ваъда берган ва бунинг уддасидан чиққанди.
— Ўйинингиз қовушмаслиги учун рақибларингиз нима қилишлари мумкин?
— Ўзимни идора қила олсам бўлди, мени ҳеч ким тўхтата олмайди. Борди-ю мувозанатни йўқотсам, аниқроғи, сархуш бўлсамгина ўйнолмаслигим мумкин, холос.
— Сиз ҳужум чизиғида ўз жамоангизда тенгсизсиз. Ўзингизни бошқа чизиқда тасаввур қила оласизми?
— Мен 11 та чизиқда ҳам ўйнай оламан. Чунки ҳақиқий футболчи универсал бўлиши керак.
— Сизда собиқ клубингиз «Барселона»дан қандай хотиралар қолган?
— Ҳеч қандай. Фақат клубни тарк этаётган кунимдаги ҳолатим кўз олдимдан кетмайди. Мени асосий таркибдан четлаштирганида Гвардиола билан бир хонада ўтирардим. Ўшанда жаҳлимни зўрға босиб турганман. Энг алам қиладигани, Хосеп менга ҳеч нарса демади, тош девор каби қотиб тураверди. Ундан ҳеч қандай нажот чиқмагач, мен учун ортга йўл йўқлигини тушундим.
— Наҳотки ҳеч нарса демаган бўлса?
— Гапирди. Ўз фалсафасини айтди. Меҳнат қилиш, тер тўкиш ҳақидаги бўлмағур сафсаталарини уқтиришга уринди. Мен эса унинг бу гапларини зўрға эшитиб турардим. Ўзингиз айтинг, нима қилишим керак эди? Ўшанда вақтида хонадан чиқиб кетмаганимда уни бир бало қилиб қўярдим.
— Моуриньо тажрибалими ёки Гвардиола?
— Моуринью Гвардиоланинг тескариси. Агар Жозе хонани чироқ каби ёритса, Хосеп уни парда билан қоронғи қилади. Моуринью олдида Гвардиола ҳеч ким.
— Жароҳатлар сизни қанчалик безовта қилади? Ахир ҳужумда ўйнайдиганлар анчайин кўп зарбаларга учрашади.
— Тўғри. Бироқ яраланган Златан ҳам исталган жамоа учун етарлича хавф туғдира олади. Ҳатто баъзида жароҳат олганимда кучлироқ ўйнашга ҳаракат қиламан.
— Леонель Месси ҳақида нима дея оласиз?
— Месси — бетакрор. Характери ҳақида ҳеч нарса дея олмайман, чунки уни яхши танимайман. Биз умуман бошқа-бошқа ўйинчилармиз. У ёшлигидан «Барса»да ўйнади, шу ерда шаклланди. Месси учун ҳар қандай жамоа оддий бир рақибдек. Унинг кучли эканлигига шубҳа қилмайман, аммо ҳозир мен ундан яхшироқ ўйнаяпман, кўпроқ гол уряпман. Футболда эса энг муҳими шу.
— Каталонияда сизга нима ёқмаганди?
— Бунақа жиҳатлар кўп эди. Масалан, машғулотга шахсий машина миниб келиш тақиқланганди. Мен эса бунга қарши эдим. Ахир ҳар ким машина миниш-минмаслигини ўзи ҳал қилиши керак-ку. Бунинг машғулотга ҳам ҳеч қандай зарари йўқ. Шу боис машғулотлардан бирига «Ferrari Enzo» ҳайдаб келганман. Ўшанда яхшигина томошага сабаб бўлгандим.
Шунингдек, швед афсунгаридан италиялик футболчи Марио Балотеллининг уйини ёқиб юборгани, умуман, пиротехника воситалари билан боғлиқ машмашалари ҳақида сўрашганида у: «Мен ҳам бунга қизиқаман, аммо пиротехника воситаларидан эҳтиёт бўлиб фойдаланаман. Уларни уйга олиб кириш ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас», дея жавоб қайтарган.
Характери қанчалик оғир бўлмасин, Иброҳимович ҳеч қачон ўз мухлисларини йўқотмайди. Чунки унинг фантастик ўйини ва бетакрор голлари бунга асло йўл қўймайди. Златан бошқа футболчилардан фарқли ўлароқ, ёши ўтиб боргани сари ўйини очилиб бораётган ноёб юлдуздир.
Интернет материаллари асосида Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.
"Ҳордиқ плюс"дан олинди.