ФИФА футбол бўйича Хорватия терма жамоаси аъзоси Йосип Шимунични 10та ўйинга дисквалификация қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz Reuters агентлигига таянган ҳолда. ФИФА қарори сабаб, Шимунич 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳсларини ўтказиб юборишга мажбур бўлади.
Дисквалификациядан ташқари, Шимуничга 33,8 минг доллар миқдорида жарима ҳам ёзилган. Бундан ташқари, у ўз миллий терма жамоасининг ўнта ўйини вақтида стадионга келиши мумкин эмас. ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси фикрича, Шимуничнинг ҳаракати таҳқирловчи мазмунга эга бўлган.
ФИФА қарори Хорватия ва Исландия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган, 2:0 ҳисобида хорватлар фойдасига ҳал бўлиб, ушбу жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиши учун имкон берган ўйиндан кейинги воқеалар билан боғлиқ. Ўйин тугаганидан сўнг Шимунич микрофонни қўлга олиб, стадиондагиларга: «Ватан учун!», – деб мурожаат қилган, бунга жавобан мухлислар: «Биз тайёр!», – деб жавоб беришган.
1929-1945 йилларда Хорватияда фаолият олиб борган «Усташи» фашистик ташкилотининг ҳайқириғи ҳам айнан шундай эди. Учрашувдан кейин кўп ўтмай Хорватия ҳукумати Шимунични миллатларо низони қўзғатишга уринишда айблаб, 4,4 минг доллар жаримага тортганди.
Футболчининг ўзи ўйиндан кейин баёнот чоп этиб, унда ҳеч қандай ёмон иш қилмагани, бор-йўғи ўз мамлакатини қўллаб-қувватламоқчи бўлганини маълум қилган. Унинг фикрига қўшилмайдиганларга эса Шимунич тарихни ўқиб чиқишни маслаҳат берган.