Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Осиё кубоги тарихидан: Ўзбекистоннинг БАА-1996даги иштироки

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси олтинчи маротаба Осиё кубогининг финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Эътибор қаратсак, қизиқ статистикага гувоҳ бўламиз: терма жамоамиз дастлабки 2та қитъа чемпионатида (1996, 2000) гуруҳдан чиқа олмаган, кейини 2тасида (2004, 2007) эса жамоамиз чорак финалга чиққан, 2011 йили эса Абрамов жамоаси Осиё кубогининг ярим финалига қадар етиб борди. Ушбу анъана давом этадиган бўлса, терма жамоамиз Австралия-2015да ҳам камида кучли тўртликка кириши керак. Буни эса бир йилдан кейин билиб оламиз. Ҳозирча эса Ўзбекистоннинг Осиё кубокларидаги иштирокига бағишланган дастлабки мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1996 йилнинг 4-21 декабри кунлари БАА мезбонлигида бўлиб ўтган, Ўзбекистон учун дастлабки Осиё кубоги баҳслари олдидан терма жамоамиз фаворитлардан бири сифатида қаралди. Боиси икки йил аввал Хиросимада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ОФКнинг Ж.Корея, Хитой, Саудия Арабистони каби гранд термаларидан устун келиб, бош совринни қўлга киритганимиз ҳамманинг ёдида эди.

Осиё кубогининг саралаш босқичида ён қўшнимиз — Тожикистон терма жамоасига қарши баҳс юритганмиз. Дастлабки баҳсда асосан миллий чемпионат футболчиларидан ташкил топган терма жамоамиз кутилмаганда Душанбеда жуда қашқатқич зарбага учрайди. Майдон эгалари терма жамоамиз дарвозасини жавобсиз 4 бор аниқ нишонга оладилар ва жавоб баҳси олдидан терма жамоамиз имконияти кескин тушиб кетади. Шундан сўнг терма жамоа етакчилари — Қосимов, Шквирн каби футболчилар зудлик билан жавоб баҳсида майдонга тушиш учун Тошкентга етиб келадилар. Жавоб учрашуви жуда кескин руҳда ўтиб, ўйиннинг 8-дақиқасидаёқ вакилларимиз 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олади. Якунда бизга керакли натижа — 5:0 қайд этилади. Эътиборли жиҳати, жавоб баҳсидан кейин Тожикистон бош мураббийи: “Ўзбекистон бу ўйини билан Осиё кубогида узоққа бора олмайди”, деб айтиб ўтади.

Осиё кубоги-1996 саралаш
Тожикистон - Ўзбекистон – 4:0
Голлар: Ҳ.Фузайлов (пен), Ашурмамадов (2та), Аваков
Ўзбекистон - Тожикистон – 5:0
Голлар: Қосимов (2та), Андреев, Шквирин, Мусабоев.

Терма жамоамиз сардори Миржалол Қосимов жароҳати боис финал босқичида қатнаша олмайди. БААда ташкил этилган финал босқичида жами 12та жамоа иштирок этади.

Агуруҳи

Bгуруҳи

C” гуруҳи

БАА

Эрон

Япония

Ж.Корея

С.Арабистони

Ўзбекистон

Индонезия

Ироқ

Хитой

Кувайт

Тайланд

Сурия

Дастлабки турда вакилларимиз Хитой термасига қарши майдонга тушади. Учрашувда хитойликлар кўпроқ устунликка эга бўладилар. Хавфли вазиятларни яратиш борасида ҳам рақибларимиз фаолроқ бўладилар. Айрим вазиятларда Бугало ишончли харакат қилган бўлса, баъзида омад очиқчасига бизга кулиб боқади. Бир вазиятда ҳимоячи Геннадий Денисов очиқ дарвоза кириб кетаётган тўпни дарвоза чизиғи устида қайтариб қолади. Ўйин охирларида кам сонли ҳужумларимиздан бирини Шквирин муваффақиятли якунлайди. Қулай вазиятга эга бўлган ҳужумчимиз тўпни дарвозабон устидан оширган ҳолда моҳирлик билан дарвоза тўрига йўллайди. Учрашувнинг 89-дақиқасида эса Олег Шацких бир неча рақибни ажойиб тарзда ортда қолдириб, дарвозабон билан бирга-бир чиқиб боради ва якуний зарбада адашмайди — 2:0! Шундай қилиб, ҳимояда бир қатор муаммоларга қарамай дастлабки турда ғалаба қозонамиз.

“С” гуруҳи. 1-тур
Ўзбекистон - Хитой - 2:0
Голлар: И.Шквирин (80), О.Шацких (89).
Япония – Сурия – 2:1.

Иккинчи турдаги рақиб Япония олдида терма жамоамиз бутунлай ожиз қолади. Тўлиқ устунликка эга японлар ҳимоядаги барча муаммоларни очиб ташлайди ва Бугало дарвозасига жавобсиз 4та тўп киритилади.

2-тур
Япония - Ўзбекистон – 4:0
Голлар: Нанами (8), Миура (38), Маезона (86, 88).
Хитой – Сурия – 3:0.

Ҳал қилувчи 3-тур баҳсида гуруҳ аутсайдери сифатида қаралган Сурияга қарши майдонга тушамиз. Бу баҳсда камида дуранг натижа қайд эта олишимизга ҳамма ишонар эди. Чунки гуруҳда 2-ўринни эгаллашимиз учун Сурия билан дуранг ҳам бизга кифоя қилар эди. Боиси нариги жуфтликда муддатидан олдин кейинги босқичга чиқиб бўлган Япония Хитойни ҳам таслим этади. Дастлабки икки баҳсда мағлубиятга учраган сурияликларда ҳам оз бўлсада гуруҳдан чиқиш учун назарий имконият сақланиб қолганди. Деярли тенг курашлар остида ўтган баҳсда кутилмаганда Сурия 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Бизнинг ягона голимизга муаллифлик қилган Лебедев асабларини жиловлай олмайди ва ўйин охирларида қўполлиги учун майдондан четлатилади. Шундай қилиб, турнирдан олдин фаворитлардан бири сифатида баҳоланган терма жамоамиз ўз гуруҳида Сурия билан бир хил натижа қайд этади. Ва ўзаро ўйин натижасига кўра гуруҳда сўнгги поғонани эгаллаб турнирдаги иштирокини муваффақиятсиз якунлайди.

Сурия – Ўзбекистон – 2:1

Голлар: Жоҳадар (49), Диб (74) – Лебедев (54-пен)
Япония - Хитой – 1:0

Якуний жадвал эса қуйидагича кўриниш олади.

1.

Япония

7-1

9

2.

Хитой

3-3

3

3.

Сурия

3-6

3

4.

Ўзбекистон

3-6

3

Турнир давомида терма жамоамиз шарафини Бугало, Г.Денисов, Магометов, Давлетов, Лебедев, Атоян, Мамотов, Н.Ҳасанов, Бозоров, Шквирин,О.Шацких, Д.Назаров, Шарипов, Ширшов, Рўзимов, Семёнов, Абдураимов каби футболчилар ҳимоя қилган. Бош мураббий — Юрий Саркисян. 5 футболчи — Бугало, Магометов, Шквирин, Денисов, Атоян ҳар уччала баҳсда тўлиқ 90 дақиқадан майдонда тўп сурган.

Дастлабки Осиё кубогидан ишқибозлар терма жамоамиздан катта натижалар кутишганди. Айниқса, 1994 йилги Осиё ўйинларидаги ғолиблик ва кучли таркиб билан БААга борганимиз бунга замин яратганди. Муваффақиятсизлик эса барчани шокка туширган. Айниқса, гуруҳнинг 3-турида аутсайдер билан дуранг ўйнай олмаганимизни кўпчилик ҳазм қила олмаганди. Лекин кейинчалик аниқ бўлдики, бу Ўзбекистон термасининг ортга қараб ташланган илк қадамлари экан. Айниқса, Ливан-2000даги шармандалик олдида буниси ҳолва бўлиб қолди. Бу ҳақда эса кейинги мақоламда тўхталаман.

Дарвоқе, Осиё кубоги-1996 финалида БАА ва Саудия Арабистони терма жамоалари тўқнаш келишган ва унда саудияликлар ғалаба қозонишганди.

Дилшод Нурматов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:35, 17.12.2013.
Ўқилди: 8181 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.