Яқинда якунига етган энг яхшиларни аниқлаш бўйича сўровнома якунларига кўра Виталий Денисов энг яхши футболчи номига сазовор бўлди. Ростдан ҳам у бунга арзирди. Мен эса яна бир хулосага келдим, яъни ушбу сўровнома ўзбек футболидаги ачинарли ҳолат, таъбир жоиз бўлса, долзарб муаммони яққол юзага чиқариб қўйди.
Англия, Испания, Италия, умуман, футбол тараққий этган давлатларда аксарият ҳолларда энг яхшилар номинациясининг дастлабки поғоналарини ҳужумчилар забт этишади. Бу йил ҳам шундай, Англияда Суарес, Испанияда Роналду ва ҳок. Боиси бу мамлакат футболида ҳақиқатан ҳам ҳужум ва ярим ҳимоя чизиғи кучайган. Тўғри, ҳимоя ва сўнгги чизиқ ҳам мустаҳкам, аммо бу ерда ҳужум ва ярим ҳимоя чизиғи ҳам кўп нарсани, асосий нарсани ҳал қилишга қодир. Хўш, биздачи?!
Бир нарсани сира тушунмайман, илгари МТЖда Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов ва бошқа ўша пайтда номдор бўлиб улгурган футболчилар орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, керосини ёниб бўлган пиликдай сўниб қолишди. Биз ўзбек футболининг рамзи дея таърифлай бошлаган футболчилар эндиликда ҳатто олқишлашга ҳам арзимай қолишди. Ҳа, арзимай қолишди. Ваҳоланки, Санжар Турсунов ҳали яхши ўйин кўрсатадиган формада, Одил Аҳмедов ҳам кўп нарсага қодир. Аммо буни юзага чиқара билиш керак. Бизда эса...
Виталий Денисов баъзи ўйинларда очиқ дарвозани ишғол қилолмаганида мухлислар ундан ранжишганди. Аммо ҳимоядаги қаҳрамонона ўйини бу айбини ювиб кетди, унинг ҳужумчи эмас, ҳимоячи эканлигини кўрсатиб берди. Хўш, ҳужумчиларимизчи? Кечирасиз-у, Ўзбекистон терма жамоасида тўп сураётган ҳужумчилар-у ярим ҳимоячиларнинг ажратиб кўрсатадиган, мақтайдиган жиҳатини топиб беринг-чи?! Ҳар ҳолда, мен умуман топа олмадим. Тўғри, баъзи бир хусусиятлари бор, лекин бу олдимизга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун урвоқ ҳам бўлмайди.
Рўзиқул Бердиев — энг яхши мураббий. Бу шахс ушбу эътирофга арзийди. Ҳақиқатан ҳам Қаршининг “Насаф”и ушбу мутахассис қўл остида учинчи ўринни эгаллади. Шу ўринда ҳам танганинг иккинчи томони кўп нарсани ойдинлаштириб берди. Гарчи “Бунёдкор” биринчи ўринни эгаллаган бўлса-да, Миржалол Қосимов кўпчиликнинг мақтовига сазовор бўлмади. Сабаби барчага маълум.
Аҳмаджон Мусаев ва Дилшод Нуралиевга “Малибу” автомобиллари топширилди. Бу, албатта, уларнинг хизматларини ўзига хос эътироф этиш. Аммо мен ҳалигача бош қотираман: Аҳмаджон Мусаев нимани қойиллатдики, унга бундай мукофот берилди?! Ўсмирларимизнинг жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиққанини шу қадар мақташга муносиб деб топсак, шу арзимас, ҳа, арзимас натижани шунчалик эътироф этсак, катта-катта мақсадларга қачон эришамиз?! Бу уларнинг кўнглида ўз ишидан қониқиш ҳиссини уйғотмаслигига ким кафолат беради?! Ваҳоланки, ўз ишидан қониққан киши ҳаракатини сустлаштиради, ҳар ҳолда, олға интилишга унчалик ҳам уринавермайди. Олдиндан айтиб қўяй, бу мулоҳазалар замирида ҳеч қандай ғайирлик йўқ, бу, шунчаки, ўзбек футболини тун-у кун ўйлайдиган оддий мухлиснинг фикри.
Аслида, Жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш керак, деган савол анчадан бери олдимизда кўндаланг бўлиб турибди. Энг ажабланарлиси нима, биласизми, биз, мухлислар кўриб-билиб турган ечимни мутахассислар ҳамон излашмоқда. Футболчилар ўз устида ишласин, ҳужумкорлик, тезкорлик кучайсин, ҳозирги ёшларга тажриба оширишга имкон берилсин, уларнинг чет клубларига ўтишларига ёрдам кўрсатилсин, энг асосийси, халқаро футбол тажрибаси, қоидаларидан тўла хабардор мутахассис жалб қилинсин (Сербия, Югославия, ёки шунга ўхшаш футбол у қадар ривожланмаган мамлакатлардаги мутахассисларни чақиравермасдан), ажратилган пуллар чўнтак тўлдириш ёки жин ургур тўймас ошқозонни тўлдириш учун эмас, керакли, ҳосили ижобий бўладиган мақсадларга сарфлансин, энг асосийси, ёшларимизга, МТЖдаги кекса авлоднинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган ёш футболчиларни бошқариш учун яхшигина мутахассис тайинлансин, зафарларни тақдирлаш билан бирга омадсизликларни ҳам жазолаш йўлга қўйилсин (бу қаттиққўллик қилиш маъносида), мен кафолат бераман, биз ана шундагина Россияга борамиз. Акс ҳолда, кўзгуга қараб, “Кўзгу, ким кучли, бизми ёки рақиб?” деб ўтираверамиз. Ана ўшанда, иншооллоҳ йилнинг энг яхши футболчиси номинацияси учун кураш кескинлашиб, ҳужумчи-ю ярим ҳимоячилар ҳам муносиб кураш олиб боришади.
Низомжон Исломов