Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

«Нефтчи»: кеча, бугун, эртага

Баҳо:
+ | -

Футболда фаолияти мобайнида бир жамоа шарафини ҳимоя қилган ўйинчилар камдан-кам учрайди. Бундайлар бармоқ билан санарли, десак ҳам муболаға бўлмайди. Масалан, Паоло Мальдини фаолияти давомида фақат “Милан” сафида тўп сурган.

Футболда шунингдек, алмаштириб бўлмас ўйинчилар бўлмайди. Футболчиларнинг у жамоадан бу жамоага ўтиши бу “миллионлар ўйини”нинг бир қисмидир. Шундай экан, бундай жараёнга оддий ҳол сифатида қараш лозим.
 
Футболчиларнинг кетиши
Сўнгги кунларда “Нефтчи”ни бир неча футболчиларнинг тарк этгани мухлислар орасида кўп муҳокама қилинмоқда. Айтиш жоизки, жамоа мухлислари бироз хавотирга тушишган. Тўғри, мухлисларни ҳам тушуниш мумкин. Кўп йиллар давомида “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган футболчиларнинг аксарияти бугунги кунда жамоани тарк этишди. Лекин шуни унутмаслик лозимки, “Нефтчи” клуби ўзини бошқа жойда синаб кўрмоқчи бўлган ўйинчиларни ушлаб турмайди! Бу одат илгари ҳам бўлган. “Нефтчи”дан Сергей Ни, Акмал Холматов, Ислом Тўхтахўжаев сингари тажрибали ўйинчилар кетишган. Лекин жамоа бу билан тўхтаб қолган эмас. Энг қувонарлиси шундаки, бу йил жамоадан кетганларнинг аксарияти янги мавсумда ОЧЛда иштирок этаётган клублар билан шартнома имзолашди. “Нефтчи”нинг шонли тарихига назар ташласангиз, фақатгина Асад Дўрмонов фаолияти давомида Фарғонада ўйнаганига гувоҳ бўласиз.

Бир нарсани ҳам таъкидлаш лозим, “Нефтчи”дан кетаётган футболчилар ўз хоҳишига кўра, бу ишни амалга оширишди. Шукурали Пўлатов, Сардор Мирзаев сингари ўйинчиларга янги битим таклиф этилди. Бироқ, улар бошқа жамоага ўтиши афзал билишди. Буни клуб раҳбарияти тўғри тушунган ҳолда уларга оқ йўл тилашди.
 
Амет Мемет қандай мураббий?
Тўғрисини айтиш жоиз, бугунги кунда мухлислар орасида “Нефтчи” устози Амет Меметга ишончсизлик билан қараётганлар ҳам учраб турибди. Хўш, аслида Амет Мемет қандай мураббий? Амет Абдуллаевич ҳар доим профессионал бўлишга интилади. Фарғонада олиб борган қисқа фаолияти давомида Амет Мемет кўп нарсаларни ўзгартириб юборди. Масалан, футболчиларга рақиб жамоа ҳақидаги видеоёзувлар кўрсатилиб, бўлиб ўтган учрашувлар таҳлил этилмоқда. Бу ўзгаришларни футболчиларнинг ўзлари ҳам тан олишди. Машғулотлар жараёнида ранг-баранглик кузатилди. Иккинчи давра бошида жамоа юқори спорт формасига чиқди.

Амет Мемет ўн кун олдин бўлажак рақиб ҳақида маълумот тўплайди. Ҳатто рақибнинг сўнгги учрашувлардаги таркибини ҳам назардан қочирмайди. Барчасини таҳлил қилган ҳолда, футболчиларга турли кўрсатмаларни беради. Рақибнинг кучли ва кучсиз томонларига алоҳида урғу беради. Хуллас, замонавий мураббийдан талаб этилган барча вазифаларни бажаришга ҳаракат қилди. Тўғри, қаердадир Амет Мемет ҳам хато қилган бўлиши мумкин. Буни инкор этиб бўлмайди. Қолаверса, Амет Мемет қаттиққўл мураббийлар тоифасига киради. Шунинг учунмикан, у киши билан ишлай олмаган инсонлар Амет Мемет хусусида турли хил бўҳтон ва сафсаталарни ўйлаб топишади.

Айтганча, ПФЛ томонидан мураббийлар ўртасида ўтказилиб келинаётган “Ойнинг энг яхши мураббийи” сўровномасида Амет Мемет “Сентябр ойининг энг яхши мураббийи” деб тан олингани ҳам унутмаслик лозим. 
 
20 кун ичида қилинган ишлар
Ёдингизда бўлса, ушбу мутахассис жамоани қабул қилиб олганида “Нефтчи” атиги 7 очко билан 12-ўринга тушиб қолганди. Мураббийлар штабининг саъй-ҳаракатлари эвазига жамоа мавсумни тўққизинчи ўринда якунлади. Агар бироз омад кулиб боққанида натижа бундай ҳам яхшироқ бўлиши мумкин эди. Фарғоналик мухлислар ҳар доим юқори натижаларни талаб қилишини тушунамиз. Лекин кучли жамоани шакллантириш учун бир неча йил керак бўлишини дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири Моуриньо ҳам бот-бот такрорлаб келади. Шунинг учун қисқа фурсат ичида жамоадан юқори ўринларни талаб қилиш бироз мантиқсиз эмасми?

Ўшанда “Нефтчи” клуби раҳбарияти ва мураббийлари штаби олдида вазиятни ўнглаш учун атиги 20 кун вақт бор эди. Яъни 14 июлдан 4 август кунига қадар. Аксига олиб давралар оралиғида Амет Мемет ўзи истаган футболчини жамоага таклиф эта олмасди. “Нефтчи” жамоаси қизиқиш билдирган футболчиларнинг ўз клуби билан шартномалари мавжуд эди. Шундай бўлса-да, ёзда жамоа сафига тажрибали футболчиларни, айримларини ижара асосида жамоага жалб этишга муваффақ бўлинди. Энди эса мураббийнинг олдида етарлича вақт бор. Хулоса чиқаришга шошилмаслик лозим.

Статистик маълумотларга қараганда, ўтган мавсумда мураббийлари ўзгартирилган жамоалар орасида “Нефтчи” маслаҳатчи мураббийи энг яхши натижа кўрсатган. Бу эса мураббийнинг ишига шубҳа билан қараётганлар учун муносиб жавоб деб айтиш мумкин. Айтганча, ёзги танаффус пайтида энг катта харидларни айнан “Нефтчи” клуби амалга оширганини ҳам унутмаслик лозим.
 
Энди нима бўлади?
Хавотирга ўрин йўқ. Русларда бир мақол бор. “Эгаси бор жой бўш қолмайди”. Шундай экан, “Нефтчи” жамоаси ўз олдига юқори мақсадларни қўйган ҳолда янги мавсумга тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоада кенг кўламли селекция ишлари олиб борилмоқда. Шу кунга қадар бир қатор футболчилар билан келишувга эришилди. Айрим ўйинчилар билан музокаралар давом этмоқда. Янги йилдан кейин ҳам “Нефтчи”дан катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Тўғри мухлислар учун суюкли бўлган ва “Нефтчи” рамзига айланган футболчилар жамоадан кетишди. Лекин ҳаёт давом этади.

“Нефтчи” ўз аъанасига эга жамоа саналади. Ҳозирги кунда таркибни шакллантириш борасида ишлар бошланиб кетган. Ўтган мавсумни ўринбосарлар сафида ўтказган бир қатор футболчилар асосий таркибга қўшилишмоқда. Жамоада авлодлар алмашинуви бошланди, дейиш мумкин. Ахир қачондир бу ишни амалга ошириш керак эди-ку? Янги мавсумда “Нефтчи” сафида янги номлар учраб қолса сира ажабланманг. Жамоанинг эртгани куни порлоқ. Фақат бироз сабр керак. Сабр таги эса олтин деб бекорга айтишмайди.
 
Пиёла ичидаги футбол
Бир пиёланинг ичидан чиқолмаган жонзод пиёланинг ичида кўрганларидан хулоса чиқарган ҳолда «дунё - шу экан», деган таассурот билан яшайди. Қозонни ичида катта бўлгани бирмунча кенгроқ мушоҳада юритади. Биз ҳам худди пиёла ичида яшаб ўтган жонзод қатори ёндашмасдан футболга бошқача нигоҳ билан қарашимиз керак. Футбол биз ўйлаган каби пиёла ичида эмас.
 
Кечувда отни алмаштирмайдилар
Кўпчиликнинг фикрича, янги мавсум арафасида “Нефтчи”га янги бош мураббий олиб келиш керак. Лекин мантиқан олиб қаралганда, Фарғонага бошқа мураббий олиб келишга ҳожат йўқ. Чунки, Амет Меметга имконият бериш лозим. Ахир “Нефтчи” ўз тарихига ва анъанасига эга бўлган жамоа. Ҳар йили мураббий алмаштириш фарғоналикларга хос одат эмас.

Европада ҳам мураббийга ўз ишини якунлаш учун имконият беришади. Негаки, янги мураббий келиб, барчасини бошидан бошлаш учун вақт талаб этилади. Амет Мемет эса жамоага мослашиб бўлди. Кечувда отни алмаштирмайдилар, деган таъриф бежиз айтилмаган. ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳам буни тўғри англаган ҳолда Миржалол Қосимовга ўз ишини давом эттириш имкониятини берганини унутмаслик лозим. Ўйлаймизки, Амет Мемет янги мавсумда қандай савиядаги мураббий эканлигини исботлай олади.
 
Хулоса ўрнида
Мақоламиз сўнггида бироз лирик чекиниш қилган ҳолда битта ривоятдан парча келтирамиз. Ундан қандай хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола.

“Ўтган замонда тоғ бағрида жойлашган қишлоқда бир қассоб ҳар куни икки уч қўйни сўйиб, тирикчилик қилар экан. Кунларнинг бирида у хотинига: “Кўриб турибсанки, сўйилган қўйларнинг калла-поччасига деярли харидор йўқ. Шу боисдан уларни уйимиз орқасидаги майдонга ташласак, маҳалламиздаги жониворларга озуқа бўлади. Акс ҳолда улар хонадонлардаги молларга ҳужум қилишади”, дебди. Хотини ҳам қассобнинг фикрини маъқуллагач, ҳар куни калла-поччалар майдонга ташланаверди. Бутун маҳалладаги жониворлар тайёр овқатдан фойдаланиб бир неча йиллар давомида ҳузур ҳаловатда ҳаёт кечиришибди. Аммо дунё уткинчи деганларидек бир куни қассоб оғир дардга чалиниб, ётиб қолибди. Маҳалла жониворлари эса оч қола бошлашибди. Бунга чидай олмаганлар қассобнинг хонадонига келиб битта қўйини еб кетишибди.

Орадан икки кун ўтиб, жониворлар майдонга келишса, яна ҳеч нарса йўқ. Шунда улар шовқин-сурон кўтариб, қассоб ётган хонага бостириб киришибди ва шундай дейишибди: “Эй қассоб, кўп йиллар давомида сенинг қарамоғингда яшадик. Сенга ишониб тирикчилик ташвишларини ўйламадик. Қиладиган ишимиз майдонга келиб кетиш, тайёр овқатни ёйиш бўлди. Бошқа вақт жонимизни койитмай, ёзда соя-салқин, қишда иссиқ жойларда дам олиб ётдик. Бошқа маҳалла жониворларини назар писанд қилмай, мағрурландик. Бугун эса очликдан ўзимизни қаерга қўйишни билмай қолдик”.
- “Ишга ярамайдиган бўлиб қолдим. Менга умид боғламай, ўз овқатларингни ўзларинг топинглар бошқа иложи йўқ”, деди қассоб.
- “Бундай қила олишга қурбимиз етмаса керак, текин овқат ейишга кўникиб кетган эканмиз” дейишди жониворлар.

Бироз муддат ўтиб қишлоқ жониворлари ўзларига овқат излашга тушишди. Ахир энди улар учун майдонга тайёр таом ташлаб берувчи қассоб йўқ эди-да.
Ривоят шу жойда якун топади.

Шунақа гаплар, хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола.

Аброр Деҳқонов

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 08:00, 27.12.2013.
Ўқилди: 3830 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.