Кириш Регистрация
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус 2-2 Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Пеле йиғлайдими?

Баҳо:
+ | -

Европа терма жамоалари Жанубий ва Шимолий Америкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида бирор марта ҳам ғолиб чиқишмаган. Бу анъана ЖЧ-2014да ҳам давом этадими? Россиянинг «Спорт Экспресс» нашри мухбирлари европаликларнинг ютишлари мумкинлиги ёки бунинг аксини таҳлил қилиб чиқишди.

Европа ғолиб бўлади

 

Европа терма жамоалари 80 йил давомида бошқа қитъаларда бўлиб ўтган мундиалларда зафар қуча олишмаганди. 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Испания терма жамоаси бу нохуш анъанага чек қўйди. Висенте дель Боске жамоасининг бир устунлиги бор эди. Чунки «Қизил фурия» бир йил олдин Конфедерациялар кубогида иштирок этиб, тажриба тўплаганди. Аниқроғи, испанлар Жанубий Африка иқлими, вувузеллар овози ва бошқа жиҳатларга кўникишганди. Бир йилдан сўнг эса тўрт йилликнинг энг муҳим турнирида барқарор ўйин намойиш этишди.

 

1930, 1950 ва 1962 йилларда европаликлар Жанубий Америкага параходларда боришган. Қитъага борганда эса бутунлай бошқа дуёга бориб қолгандек бўлишган. Энди эса турнирнинг қаерда ўтказилиши унчалик муҳим эмас. Ҳарҳолда бу Боливия тоғлари эмас. Демак, европаликларнинг Америка қитъасида чемпион бўлиш вақтлари келди. Ҳар сафар Бразилия, Аргентина ва Уругвай терма жамоалари ғолиб чиқаверишмас?

 

Испания шубҳасиз Европанинг Жанубий Америка қитъасида ғолиб чиқишга асосий даъвогар жамоасидир. Бу терма жамоа қаторасига учта йирик мусобақада зафар қучди. Шунингдек, таркибда ЖЧ-2010 ва Евро-2012 қаҳрамонлари деярли сақлаб қолинган. Касильяс, Пуйол, Хаби Алонсо, Хави, Давид Вилья ва Фернандо Торреслар учун бу сўнгги жаҳон чемпионати бўлади. Албатта, улар барчасини юқори нотада якунлаш учун қўлларидан келганини қилишади.

 

ЖЧ-2006да ғолиб бўлган Италия терма жамоасига Бразилияда фаворит сифатида қарашмаяпти. Бироқ Чезаре Пранделли қўл остида «Скуадра адзурра» барқарор ўйин кўрсатмоқда. Германия терма жамоасининг имкониятлари эса юқори баҳоланмоқда. Улар Испания, Бразилия ва Аргентина сингари асосий даъвогар саналмоқдалар.

 

Умумий ҳисоблаганда европаликлар фаворит ҳисобланишади. Франция терма жамоаси «плей-офф»да Украинага қарши қандай ўйнаганини ўзингиз кўрдингиз. Англия ҳам муваффақиятларни соғиниб қолган. Аввалги жаҳон чемпионатида финалга қадар етиб борган Голландия ҳам кучсизланиб қолмаган. Криштиану Роналдуга қараб, Португалия терма жамоасига ҳурмат билан қарашга мажбурмиз. Шунингдек, ҳар қандай рақибга қаршилик кўрсата оладиган Бельгиядек терма жамоа ўсиб келмоқда.

 

Испания «почин»и давом этадими?

 

Бу сафарги жаҳон чемпионати умумий ҳисобда 20-дир. Европадан ташқарида бўладиган 10-чемпионат. Олдинги тўққиз мусобақада «кўҳна қитъа» вакиллари бир марта ғолиб чиқишган. Олдинги саккизта турнирда жанубий америкаликлар ғолиб чиқишганди. Европадан ташқарида бўлган тўққизинчи мундиалда эса испанлар ғолиб чиқишди. Эътиборли томони, ЖАРдаги мусобақада америкаликлар ҳаттоки финалга ҳам чиқа олишмаган.

 

Шу ўринда айтиш жоиз, ҳозирга қадар «Жанубий Америка - Европа» финаллари тўққиз марта бўлган бўлса, шундан еттитасида америкаликлар зафар қучишган. Ниҳоят 1990 йилга келиб Германия термаси бу анъанага чек қўйган. Ўшанда немислар финалда Аргентинани 1:0 ҳисобида мағлуб этишганди. Орадан саккиз йил ўтиб эса Франция ўз майдонида Бразилия (3:0)ни доғда қолдирганди.

 

Жанубий Америка

 

ғолиб бўлади

 

Фактлар қайсар нарса бўлади: Жанубий Америка терма жамоалари ўз қатъаларида ўтказилган барча турнирларда ғолиб чиқишган. 1930 ва 1950 йилларда уругвайликлар (аввал ўз юртларида, кейин Бразилияда) ютишган. Чили-1962да бразилияликларга тенг келадиган топилмаган. Ниҳоят 1978 йили Аргентина ўз майдонида зафар қучган. Ҳар сафар улар ўз кучларини намо-йиш қилишган.

 

Иқлим ва вақт тафовути таъсир қилиши турган гап. Бу икки омил шундайки, Испания ва Германия термалари қанчалик буюк бўлишмасин, бу уларга салбий таъсир кўрсата олади.

 

Айтганча, Бразилиянинг иқлими унчалик ёмон эмас. Европаликлар Боливиянинг Ла-Пасида 3600 метр баландликда ўйнамаётганлари учун раҳмат айтишлари керак. Жанубий Американинг олти жамоасидан тўрттаси ҳужумида «махлуқлар» тўп суради. Кўпдан буён бунақаси бўлмаган. Чили ва Эквадорни ҳисобга олмаганда, қитъанинг бошқа жамоаларига қараш ҳам даҳшатли.

 

Бразилиялик Неймар ва Халк, аргентиналик Месси ва Игуаин, колумбиялик Фалькао ва Мартинес, уругвайлик Суарес ва Кавани. Европаликлар бу йигитларга Испания, Италия, Англия, Франция, Португалия ва Россия чемпионатларида ҳимоячиларни довдиратишларига ҳасад билан қарашади. Юқорида санаб ўтилган футболчиларнинг барчаси ҳозир ўзининг юқори спорт формасида. Фақат Мессида жароҳат бор. Биргина Суаресни олсак, у ноябрь ва декабрнинг ҳозирига қадар ажойиб ўйин намойиш қилди.

 

Бўлажак чемпионатнинг асосий фаворити бразилияликлардир. Турнир нафақат ўз майдонларида, балки Антарктида ўтганида ҳам шундай бўларди. Ҳозир улар сафида сўнгги етти йилнинг энг кучли таркиби бор. Бўш ҳудуднинг ўзи йўқ. Тўғри дарвозада озгина муаммо бор. Ҳимоя - ҳаттоки ҳужумчилардан кам эмас. Ҳалигача Бразилия термаси сафида бунчалик кучли марказий ҳимоячилар бўлмаган. Германия чемпионатида ўзини кўрсатаётган Данте ҳам асосийга кира олмаяпти. Ажойиб таркибга замонамизнинг энг яхши мураббийларидан бири Луиз Фелипе Сколарини қўшишни унутманг. Айнан у 2002 йили бразилияликларни чемпионликка етаклаганди.

 

Жаҳон чемпионатига қуръа ташланиши билан футбол қироли Пеле қуйи-даги гапларни айтиб ўтди. «Бу ҳақда кўп гапирганман. Лекин бу воқеа ҳеч қачон хаёлимдан кетмайди. 1950 йили финалда Уругвайга мағлуб бўлганимизда отам ва унинг дўстлари қандай йиғлашганини кўрганман. Фарзандларим менинг қандай йиғлаётганимни кўришларини истамайман».
Лекин Пеленинг йиғлашига ҳожат қолмаса керак.

 

Европадан ташҚарида бўлган 9та мундиал

 

Йил     Мезбон            Чемпион

 

1930    Уругвай           Уругвай

 

1950    Бразилия        Уругвай

 

1962    Чили               Бразилия

 

1970    Мексика          Бразилия

 

1978    Аргентина       Аргентина

 

1986    Мексика          Аргентина

 

1994    АҚШ                Бразилия

 

2002    Япония|Корея Бразилия

 

2010     ЖАР                Испания

 

Ж. БОБОХОНОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:59, 29.12.2013.
Ўқилди: 4227 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.