ВАТАНИГА СОДИҚ ФУТБОЛЧИ
Гарет Бэйл 1989 йилнинг 16 июлида Уэлснинг Кардифф шаҳрида туғилган. Ундаги қобилият, истеъдод амакиси Крис Пайкдан ўтган. Бэйл «Whitchurch» мактабида таҳсил олиш кезларидаёқ синфдошларига қараганда тиришқоқ, айниқса, футбол ўйнаш маҳорати борасида тенгдошларини анча ортда қолдирарди. Шундай йилларнинг бирида мактабида ўтказилган мусобақада унинг синфи ғолиб бўлади ва Бэйл мусобақанинг энг яхши ўйинчиси сифатида мукофотланади. Тўққиз ёшидан бошлаб эса футбол билан фаол шуғуллана бошлайди. Унинг дастлабки клуби «Саутгемптон»дир.
Гарчи келиб чиқиши англиялик бўлса-да, Бэйл Уэлс терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Буни эса ўзи қуйидагича изоҳлайди: «Уэлс учун тўп суриш мен учун шараф. Мен бундан бахтиёрман». Бэйл миллий терма жамоа сафидаги дастлабки ўйинини Тринидад ва Тобаго жамоасига қарши ўтказади. Бу пайтда у ўн етти ёш эди.
ҲАЗИЛДАН ЯРАЛГАН МУҲАББАТ
Гарет Бэйлнинг рафиқаси Эмма-Ройс Жонс бўлиб, улар бахтли ҳаёт кечиришяпти. 2012 йилнинг 21 октябрида туғилган жажжигина қизалоқ эса уларнинг бахтини янада мустаҳкамлади. Бэйл қизалоғига Альба Виолет Бэйл деб исм қўйди.
Эмма-Ройс Жонс Бэйлнинг мактабдаги севгилиси бўлиб, айни дамда 21 ёшга тўлган. Унинг ўзи Бэйл билан танишувини шундай изоҳлайди: «Биз болалигимиздан бирга ўсганмиз. Мактаб даврида бир-биримизга жуда кўп ҳазиллашардик, мен ҳатто Бэйл дарсдалигида ҳам унга қўнғироқ қилиб, тинчини бузардим. Бора-бора ана шу ҳазилларимиз муҳаббатга айланди».
Футболчи оиласига садоқатли ва турмуш ўртоғини жуда яхши кўради.
«Мен оиламдан узоққа кетишни ёқтирмайман, — дейди Бэйл интервьюларидан бирида. — Борди-ю, бирор мусобақада қатнашиш учун олисроқ жойга кетадиган бўлсам, оиламни ҳам ўзим билан бирга олиб кетаман».
«ОТА-ОНАМ — МЕНИНГ БРИЛЛИАНТЛАРИМ»
Гаретнинг отаси Франк Бэйл ҳам ёшлигида маҳоратли футболчи бўлган ва ўғлининг етакчи ўйинчи бўлиб шаклланишида унинг ўрни катта. Буни футболчининг ўзи ҳам тасдиқлайди.
«Ота-онам — менинг бебаҳо бриллиантларим. Айниқса, отам жуда меҳрибон ва қаттиққўл. Илгарилари ишдан келганида, ўйинларим қандай кечаётганлигини сўрарди. Ҳозир ҳам шу одатини канда қилмайди. Шу пайтгача нимагаки эришган бўлсам, барчаси меҳрибон ота-онам туфайли», дейди уэлслик юлдуз.
Гарет Бэйлнинг янаги мавсумда қайси жамоада тўп суриши номаълум. Аслида, бу футболчи ҳар қандай жамоада ўзини кўрсата оладиган ўйинчилар сирасига киради. Демакки, келаси мавсумда ҳам барчани фантастик ўйини билан лол қолдирган Гарет Бэйлни кўра оламиз. Умид қиламизки, ушбу маҳоратли чарм тўп устасининг ҳали очилмаган
ҚИСҚА САТРЛАРДА:
Гарет Бэйл дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Новак Жокович ва уэлслик регбичи Рейс Прейсланднинг ашаддий мухлиси.
Футболчи 100 метр масофага 11, 4 секунд вақтда етиб келади (Бу борадаги дунё рекорди югуриш бўйича жаҳон чемпиони Усайн Болтга тегишли).
Бэйл телевизор томоша қилишни ва оиласи билан бирор ресторанда овқатланишни ёқтиради. Кўпинча кечқурунлари бирга сайр қилишади. Бу Бэйлнинг энг ёқимли машғулотларидан бири.
«Арсенал» футболчиси Тео Уолкетт билан яқин дўст. Футболчининг таъкидлашича, у «Саутгемптон» клубида ўйнаган даврларида улар бир хонада туришган. Демак, бу икки футболчи ёшликдан қалин дўст.
Гаретнинг, футболдан ташқари, сузиш, стол тенниси ва гольф ўйнашга иштиёқи баланд. Гольф ўйнашда у футболчи — Жермен Женасга ҳавас қилади.
Ҳаётда иккинчи бўлишни ёқтирмайди, айниқса, футболда. Шу боис, ўз устида тинимсиз ишлайди. Ошхонага деярли кирмайди. Таом тайёрлашга эса хоҳиши ҳам, уқуви ҳам йўқ. У учун кимдир, албатта, овқат пишириб бериши керак.
Спиртли ичимликларни инсоннинг соғлиғига зарар етказувчи энг хавфли душман дея таъкидлайди.
Португалиялик Криштиану Роналдуни идеалидаги ўйинчи, деб ҳисоблайди.
«Ҳар бир футболчи Криштиану ва Мессидек ўйнашни хоҳлайди. Бироқ ҳеч ким уларнинг ўйинини такрорлай олмайди. Криштиану менинг идеалимдаги ўйинчи. Мен худди у каби ўйнашни истайман, лекин Роналдунинг услубини такрорлаш қийин. Кимки мендан «Сен учун дунёдаги энг кучли ўйинчи ким?» деб сўраса, шубҳасиз, унинг исмини айтаман. Ҳар йили ўз ўйинимни такомиллаштираман ва унга қандайдир янгилик кирита оламан», дейди Бэйл.
Низомжон ИСЛОМОВ
«ҲОРДИҚ ПЛЮС»дан олинди.