Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўзбек футболи ҳақида ўйлар: баҳоналар қачон тугайди?

Баҳо:
+ | -

Агар “Э, яна ўша мавзуми?” дейдиган бўлсангиз, яхшиси, бу мақолани ўқимай қўя қолинг. Биз бу мавзуга такрор ва такрор қайтаверамиз, токи футболимиз кўнгилдагидек ривожланмагунча. Демак, бошладик.

Ривожланиш йўли жуда мураккаб. Ҳар қандай соҳада илғор, энг кучли бўлиш учун, албатта, қатор тўсиқларни енгиб ўтиш керак бўлади. Ўзбек футболи ҳозирда айнан ана шундай ривожланиш йўлида. Таъкидлаш жоизки, бугунга қадар анча тўсиқларга дуч келдик. Бу жараёнда эса ўзига яраша ютуқ ва камчиликларимиз кўзга ташланди. Гарчи бу мавзу такрор ва такрор кўтарилган бўлса-да, мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда яна бир бор ўзбек футболининг оғриқли нуқталари ҳақида фикр юритишга қарор қилдик.

ТЕЗЛИК, МАҲОРАТ, ТАЖРИБА...
Бу учала омил футболдаги муваффақиятни таъминлаб бериши ҳеч кимга сир эмас. Дунёнинг энг кучли жамоалари дея эътироф этилаётган «Барселона», «Бавария» ёхуд «Реал Мадрид» каби клубларнинг бугунги даражага етишига ҳам юқоридаги омиллар сабаб бўлган, десак янглишмаган бўламиз. Демакки, ўзбек футболи об-ҳавосига ҳам айнан ана шундай шаббода жуда зарур. Бироқ...

Кейинги йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тактикасида ўзгартириш киритилгани сезилди. Ўзаро тўп узатишлар, тўп билан муомала қилиш борасидаги изчиллик ўйин сифатини бир қадар оширди. Бу тактика, қайсидир маънода, каталонияликларнинг ўйинидан кўчирилган андоза эди. Бу яхши, албатта. Бироқ ушбу тактикани қўллаб, муваффақиятга эришиш учун таркибда Лионел Месси, Иньеста, Хави каби маҳоратли, тажрибали, тезкор футболчилар керак. Бизда эса ҳозирча бундай иқтидорли ўйинчилар йўқ. Шу боисдан ҳам тинимсиз тўп узатаверишлар самара бермайди. Иордания, Ливан, Қатар билан бўлган матчларда юқоридаги фикримиз ўз тасдиғини топди. Бизга тезкор футболчилар етишмаслиги яққол кўриниб қолди. Тажриба борасида-ку гап бўлиши мумкин эмас. Сўнгги ўйинларда мухлисларнинг асабини эговлайдиган «қойилмақом» бурчак тўплари, хавфли вазиятларни ошкора йўққа чиқариш, муҳим вазиятларда масъулиятни ҳис қила билмаслик — бу камчиликларни истаганча давом эттириш мумкин.

ОТ ИЗИНИ ТОЙ БОСАР
Кўнглимизни кўтарадигани Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг жаҳон чемпионатида арзирли ютуқни қўлга киритгани бўлди. Лекин бу борада ҳам айтмаса бўлмайдиган камчиликлар кўзга ташланди. Эсингизда бўлса, Франция ёшларига қарши кечган матчда шарҳловчи мағлубиятимизни «Рақиб футболчиларининг гавда жиҳатидан бизникилардан устун эканлиги» билан изоҳлаганди. Бироқ мамлакатимизда жисмоний жиҳатдан бақувват, қолаверса, футбол деса жонини берадиган ёшлар жуда кўп. Фақат ҳадеб маълум аудитория билан чекланиб қолмасдан, изланиш керак.

Энди масаланинг яна бир оғриқли жиҳатига тўхталсак. Ҳозирги миллий терма жамоамиз сафида тўп сурадиган футболчилар ҳам илгари жуда яхши ўйин кўрсатишганди. Аммо кейинчалик сустлашиб қолишди. Бунинг сабаби нимада?! Ўз устида ишламасликми ёки?..

Бу ёғига ҳозирги ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари футболчиларининг тажрибасини ошириш устида мукаммал даражада фаолият олиб бориш керак. Бу борада юртимизга ташриф буюрган Германия чемпионатининг «Ганновер-96» клуби мураббийларидан бири Андрей Вайбертнинг қуйидаги фикрлари жуда қимматли: «Бундеслига ва иккинчи Бундеслигада қатнашувчи барча клубларга Германия футбол федерациясидан тасдиқланган режали дастур келади ва ёшлар ана шу дастур бўйича тарбияланиб борилади. Албатта, вақти-вақти билан уларни парваришлаётган мураббийлар учун тренинглар, семинарлар ўтказилиб турилади. Уларда қўшимча янгиликлар, юкланмалар муҳокама этилади. Ўзбекистонда ҳам ёшлар футболига айни шундай муносабатда бўлиш керак, деб ўйлайман. Шунинг учун Германия футболида иқтидорларнинг кети узилмайди, барча ёшдаги терма жамоаларга ирқи, миллатидан қатъий назар тажрибали футболчилар етказиб берилаверади.

Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда ишни изчил йўлга қўйиш учун барча шароитлар муҳайё. Кўряпман, стадионлар жуда ажойиб. Жаҳон андозаси даражасида барпо этилган. Давлат томонидан болалар спортига кучли эътибор бор. Энди эса ишни ҳам жаҳон андозаси даражасида ташкил этишга қаратиш керак.

Мен ўзим гувоҳ бўлдим. Вилоятларда жуда кўп иқтидорли ёшлар бор. Уларни тўғри тарбиялаб, тўғри юклама бериб, тўғри парваришлаб борилса, жаҳон миқёсидаги топ-футболчиларни тарбиялаш ҳеч гап эмас. Мен ўзбек ёшларини гавда тузилиши, жисмоний жиҳатдан кореялик, япониялик тенгдошларига қиёслайман. Ана, Бундеслигада жавлон уриб ўйнашяпти-ку осиёлик футболчилар! Нега ўзбек футболчиси ўйнамаслиги керак? Ҳамма гап тарбиялашда, пойдеворда!»

Бу фикрлар замирида ўзбек футболининг келажаги ётибди. Фақат буни ҳис қила билиш лозим. Немис мутахассисининг охирги жумласи, айниқса, бизнинг энг катта нуқсонимизни белгилаб беради. Вилоятларда жуда кўп иқтидорли ёшларнинг борлиги рост гап. Фақат уларда имконият, шароит етишмайди. Уларнинг назарида футбол клубларида ёки миллий терма жамоада тўп суриш осмондаги орзуга айланиб қолгандек. Шу боис орзуни рўёбга чиқариш, ёшларга имконият яратиш лозим. Ана шундагина ўйинчилар борасида муаммо бўлмайди, ана шундагина Франция ва бошқа терма жамоалар билан ўйнаганда баҳона қидириб ўтирмаймиз. Ана шунда биз ҳам жаҳон ареналарида тажрибали жамоалар билан тенгма-тенг беллаша оламиз.

Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги муваффақиятсизликдан кейин кўпчилик бош мураббийнинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Шу ўринда яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш жоиз. Яъни бутун миллий терма жамоани бошқатдан тузиб чиқиш керакка ўхшаяпти. Негаки Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳозирги таркиби билан нафақат Миржалол Қосимов, балки бошқа кучли мутахассислар ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Бунга бир пайтлар «Бунёдкор»га устозлик қилган Луиш Фелипе Сколарининг тақдири мисол бўла олади. Юртимизда арзирли натижани қўлга кирита олмаган мутахассис Бразилияга қайтганидаёқ ўз жамоасини чемпионга айлантирганди. Бу борада унинг Кака, Роналдиньо каби тажрибали, аммо жисмоний жиҳатдан имкониятлари бироз сустлашиб қолган футболчилардан воз кечиб, ёшларни жалб қилгани сабаб бўлди. Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам кексароқ ўйинчилар ўрнига ёшларни жалб қилиш вақти келмадимикин?! Мухлисларни ажаблантирадигани шундаки, ўз жамоаси таркибида Европанинг қатор машҳур клубларига қарши тўп сурган Одил Аҳмедовнинг ўйини ҳам термамизнинг бошқа аъзолариники каби суст ва бесамар бўлмоқда. Ваҳоланки, у бошқалардан ажралиб туриши керак эмасмиди?! Хуллас, яна ўша масалани кўтармасдан бошқа илож йўқ: аксарият футболчилар ўз ўринларини издошларига бўшатиб беришлари лозим.

ҲАММА ГАП ПОЙДЕВОРДА
Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кўриндики, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига маҳоратли, жисмоний жиҳатдан бақувват ўйинчиларни жалб қилиш керак. Тўғри, саккизта кучли терма жамоалар сафига кириш ёмон натижа эмас, аммо шу билан чекланиб бўлмайди-ку! Демак, французларни ҳам таслим этиш йўлларини излаш лозим. Қаерда камчилик кузатилган бўлса, ўша нуқталарни мукаммаллаштириш керак. Буни эса мутахассислар биздан-да яхшироқ билишади.

Хуллас, ҳар қандай сабаб ва баҳоналарни йиғиштириб, янада яхшироқ ишлаш вақти келди. Энди ўтмишни унутиб, келажакка назар солиш лозим. Ўзбекистон миллий терма жамоаси халқаро майдонларда тўп суришга муносиб ва шундай бўлади ҳам.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:11, 05.01.2014.
Ўқилди: 12164 марта.
Фикрлар: 157 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.