Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Баҳром Холмирзаев: «Навбаҳор» стадионига 40 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди

Баҳо:
+ | -

Наманган вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самарасида бир-биридан кўркам иншоотлар қад ростламоқда. Жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган, 22 минг ўринли «Навбаҳор» марказий стадиони ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011-2013 йилларда Ўзбекистонда футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан Наманган шаҳридаги стадионда катта ҳажмдаги қурилиш ва реконструкция ишлари бошланган эди. Режага кўра, «Навбаҳор» жамоаси янги мавсумни муҳташам аренада ўтказиши керак. Бу ҳақда Наманган вилоят футбол федерациясининг биринчи вице-президенти Баҳром Холмирзаев бизга берган интерьюсида маълум қилди.

- Стадионда қурилиш ва таъмирлаш ишлари деярли якунланиб қолди. Шу пайтгача катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Стадион ҳудуди умумий 2,5 гектар ерни ўз ичига олади. Унинг аввалги ҳолати бўйича сиғими 29 минг 700 мухлисга мўлжалланган эди. Янги кўринишдаги стадион эса ўз бағрига 22 минг ишқибозни сиғдира олади. Кўк ва оқ рангдаги пластмасса ўриндиқлар Қарши шаҳридан келтириб ўрнатилди.

- Демак, «Локомотив»га қарши учрашув янги стадионда ўтказиладими. Шундайми?

- Шунга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бир нарсани эътиборга олиш керак, бу йил Наманган вилоятида «Баркамол авлод» ўйинларининг Республика босқич мусобақалари бўлиб ўтади. Балки, стадионнинг ҳолатини яхши сақлаш учун вақтинча «Навбаҳор» жамоасининг уй ўйинларини ўтган икки йилда бўлгани каби Косонсойдаги стадионда ўтказиб турармиз. Аммо бу режа ҳали юз фоиз ўз тасдиғини топгани йўқ. Иложи борича, «Локомотив»га қарши мавсумнинг очилиш учрашувини янги стадионда ўтказишга ҳаракат қиламиз.

- Майдоннинг ҳолати қандай?

- Жуда яхши. Майдонга уч мартадан уруғ сепиб чиқилди. Майдоннинг чими масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ. Португалиядан келтирилган уруғ сепилган. Хорижлик мутахассисларнинг ўзлари бу ишларни амалга оширишди. Майдонга шу кунгача Португалиядан келтирилган тахминан бир тонна уруғ сепилди. Майдонни суғориш учун махсус фавворалар қилинган. Ҳозирда чим парвариши билан ўзимизнинг маҳаллий мутахассислар шуғулланишяпти. Керакли кўрсатмаларни хорижлик мутахассислардан телефон орқали боғланиб олишяпти. Майдон ҳажми 105га 68 кўринишда бўлади. Дарвоза ва унинг тўри эса Тошкентдан олиб келинди. Майдон ва трибунадаги оралиқ масофа олти метр бўлиб, бу ерга резинали югуриш йўлаклари ётқизилади.

- Стадионнинг ёритиш тизими халқаро талабга жавоб берадими?

- Стадионнинг тўрттала томонида ёриткичлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бири 2000 люкс ёриткич кучига эга. ОФК талаби бўйича камида 1200 люкс бўлиши керак. Стадиондаги ёритиш тизими, электрон табло, ОАВ ходимлари учун шароитлар, барча-барчаси ФИФА талаблари асосида амалга ошириляпти. Айниқса, матбуот ходимлари учун аъло даражадаги шароитлар яратиляпти. Шунингдек, стадионга жами 60та карнай ўрнатилган бўлиб, мухлисларга ўйин юзасидан маълумотлар сифатли тарзда етказиб борилади. Стадион биноси уч қаватдан иборат. Унинг биринчи қаватида ҳар бир жамоа учун иккитадан кийиниш-ечиниш хоналари барпо этилди. Ҳакамлар хонасида ҳам барча қулайликлар бор. Бундан ташқари, ҳар бир жамоа учун алоҳида тренажёр зали бўлади. Бинонинг иккинчи қаватида эса учрашув расмийлари ва меҳмонлари учун мўлжалланган иккита буфет, учинчи қаватда ВИП-ложа ва ОАВ ходимлари учун махсус жойлар ажратилган. Ўйиндан сўнг ўтказиладиган матбуот анжуманидан тортиб, WiFi интернет тизимигача эътибор қаратганмиз. Кейинчалик вилоят футбол федерациянинг ҳам стадионга кўчирилиши режалаштирилган.

- Шу пайтгача стадион қурилишига қанча маблағ сарфланди?

- 40 млрд. сўмдан ошиқ маблағ сарфланди. Қурилиш ишлари якунланмаганини инобатга олсак, бу сумма яна ортиши аниқ.

- «Навбаҳор» жамоасига янги мавсумда ким бош мураббий бўлади, деган савол ҳамон очиққолмоқда. Бу масалага қачон ойдинлик киритилади?

- Тез кунда ойдинлик киритилади. Янги йилгача бўлган илк машғулотларни Мустафо Байрамов олиб борди. Унга Нўъмон Ҳасанов яқиндан ёрдам берди. Иккинчи йиғинимиз бошланиши арафасида бош мураббий ким бўлишини ҳам аниқлаб оламиз.

- Ўтган йилги натижалар «Навбаҳор» учун хос ҳам, мос ҳам эмас. Жамоанинг қониқарсиз иштирокидан тегишли хулосалар чиқариб олиндими?

- Тўғри айтдингиз, «Навбаҳор» учун олий лигада жон сақлаб қолиш учун курашиш ярашмайди. Лекин бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Сўнгги икки йилдан бери уй учрашувларимизни Косонсойда ўтказяпмиз. Стадионга келаётган мухлислар сони ҳам кескин камайиб кетган. Марказдан узоқ бўлгани учун мухлислар бора олишмайди. Бунинг оқибатида томошабинларни йўқотиб қўйдик. Қолаверса, майдоннинг сифати ҳам талабга умуман жавоб бермайди. Нафақат меҳмон жамоалар, балки ўзимизнинг футболчилар ҳам қийналишди. Боз устига Косонсойдаги стадионда ёритиш тизими яхши бўлмаганидан ўйинларни кундузги пайтда ўтказишимизга тўғри келди. Ўйлайманки, янги стадионда учрашувларни ўтказишни бошласак, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Жамоа мухлислари ишдан чиқиб, бемалол кечки пайтда ўйинни томоша қилишлари мумкин бўлади. Томошабинлар учун барча шароитлар яратиб берилади.

- Ўтган мавсум учун футболчилар ва мураббийлардан жамоанинг қарзи йўқми?

- Деярли барча билан ўтган мавсум учун ҳисоб-китоб ишларини амалга оширдик.   

- Матбуотда Туркияда ўқув-машғулот йиғини ташкил этилиши мумкин, деган хабар чиққанди. Бу масала ҳамон кун тартибида турибдими?

- Мураббийлар клуб раҳбариятига шундай таклиф билан чиқишганди. Бу масала кўриб чиқиляпти. «Янги стадионга янги жамоа билан» шиори остида иш олиб бориляпти. Агар ҳаммаси жойида бўлса, Туркияда йиғин ташкил этиш режамиз амалга ошиши керак. Шу масала бўйича ишлаяпмиз.

- «Навбаҳор»нинг янги мавсум учун бюджети тасдиқландими?

- Ҳали тасдиқлангани йўқ. Лекин 2014 йилги мавсумда молиявий томондан муаммолар бўлмаслиги керак. Бюджетимиз ПФЛ талаб қилаётган суммадан асло кам бўлмайди. Олий лигада рақобатбардош жамоа тузишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Мураббийлар штаби ҳам шу мақсадда селекция ишларини олиб боришяпти.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:37, 07.01.2014.
Ўқилди: 7170 марта.
Фикрлар: 28 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.