Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Олтин тўп»га ким муносиб: Роналду ёки Рибери

Баҳо:
+ | -

Ҳозирги пайтда бу мавзу хақида ҳамма гапиряпти. Ҳамманинг оғзида шу гап. “Олтин тўп” кимга насиб этади? 2013 йилнинг энг яхши футболчиси ким?

Бу мавзу хусусида турли хил фикр-мулоҳазалар билдириляпти. Барча-барчанинг диққат эътибори 13 январь куни бўлиб ўтадиган “Олтин тўп”ни топшириш маросимига қаратилган. “Олтин тўп” соврини битта. Даъвогар иккита. Буни ҳаттоки Лионель Мессининг ўзи ҳам таъкидламоқда. Роналду ёки Рибери. Ҳақиқатан ҳам ҳар иккаласи бу совринга муносиб. Қайси бири совринни қўлга киритишидан қатъи назар, иккинчиси тақдирга тан берган ҳолда кумуш тўп билан овунади. Аслида Блаттер ўрнида бўлганимда ҳар иккаласига биттадан олтин тўп ясатган бўлардим. Лекин, келинг, чуқурроқ мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Франк Рибери “Бавария” жамоаси билан бирга деярли барча совринларни ютди. Фақатгина Германия суперкубоги “Боруссия”га насиб этди. Қизиғи шундаки, ўша учрашувда айнан Риберининг йўқлиги дордмундликларга қўл келган бўлиши мумкин. ”Бавария” Бундеслига чемпионлиги, Германия кубоги, Европа чемпионлар лигаси ғолиблиги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблигини қўлга киритди. Мана шу ютуқларда бу футболчининг хизматлари беқиёс бўлди. Қолаверса Франция терма жамоасини жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишида Риберининг ҳиссаси жуда катта бўлди. У “Бавария” ва Франция терма жамоасининг ютуқларида нафақат голлар урди, балки диспетчерлик вазифасини ажойиб тарзда амалга оширди.

Лекин “Олтин тўп” энг яхши жамоа футболчисига эмас, балки энг яхши футболчига берилади. Демак, бу борада шахсий натижаларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман.

Криштиану Роналду мавсум давомида энг кўп 69 та гол урди. Европа чемпионлар лигасида ҳам ўзининг тўпурарлик қобилиятини намойиш этди. Жамоасининг ярим финалга чиқишида катта хисса қўшди. Испания чемпионатида ҳам тўпурарлик махоратини қойилмақом қилиб бажарди. “Реал” жамоасининг иккинчи ўринни эгаллашида ва Испания кубоги финалчиси бўлишида унинг хизматлари жуда катта бўлди.

Яна бир бор таъкидлаб ўтаман, йилнинг энг яхши жамоаси эмас, балки йилнинг энг яхши футболчиси аниқланмоқда. Тўғри, Риберининг асосий вазифаси гол уриш бўлмагандир. Унга асосан яратувчанлик вазифаси юклатилгандир. Лекин “Реал”да ҳам Бензема (у пайтда Игуаин ҳам), Хесе, Мората сингари ҳужумчилари бор. Роналду ҳам номинал ҳужумчи эмас-ку.

Йилнинг энг олқишга сазовор бўлган футболчиси, йилнинг энг фойдали футболчиси аниқланганда мен ҳам Рибери номзодини танлаган бўлардим. Рибери ва Роббенга ҳурматим жуда баланд. Ҳар иккаласи ҳам ўта маҳоратли футболчилар.

Ҳа, Рибери бу йил жуда кўп меҳнат қилди, жуда кўп тер тўкди. Лекин Криштиану кетма-кет беш йилдан бери “Олтин тўп” учун курашиб келмоқда. Агарда бу футболчиларнинг умумий ҳолатига, яъни техника, тактика, зарбалари, жисмоний ҳолати ва бошқа кўрсаткичларига баҳо бериб, тарозининг паллаларига қўядиган бўлсак, палланинг бир томони барибир бироз оғирроқ бўлади. Менимча бу йил олтин тўпга Швеция термаси билан ўйинда ўзининг кимлигини яна бир бор намойиш қилган Криштиану Роналду муносиброқ.

Мураббийлар борасида эса Фергюсон ва Хайнкеснинг имкониятлари юқорироқ. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Вақт эса жуда оз қолди. Ўйлайманки, ФИФА бу борада адолатли қарорларни қабул қилади. Мен эса ҳозир 2014 йилги “Олтин тўп”га яна кимлар даъвогар бўлишлари ҳақида ўйлаяпман. Неймер, Азар, Суарес, Иброҳимович, Роббен...

Мурод Ризаев

Манба: www.stadion.uz.

Сайтимизда "Спорт" канали шарҳловчиси Мурод Ризаевнинг блоги очилиши режалаштирилмоқда.

Киритилди: 09:50, 09.01.2014.
Ўқилди: 10730 марта.
Фикрлар: 120 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.