Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) 2013 йилнинг энг яхши клублари рейтингини эълон қилди.
IFFHS томонидан эълон қилинган топ-200 жадвалида Ўзбекистоннинг битта жамоаси ўрин олган. Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси 172-ўринни банд этган. "Қалдирғочлар" ҳисобида 97.5 балл тўпланган.
2013 йилнинг энг яхши жамоаси сифатида "Бавария" эътироф этилди. IFFHS 1991 йилдан бери бундай рейтингни юритиб келаётган бўлса, илк марта немис жамоаси йилнинг энг яхши жамоаси деб топилди. Мюнхенликлар бир йил давомида 5та совринни қўлга киритишганидан хабарингиз бор. Рейтинг жадвалида "Бавария" ҳисобида 370 балл тўпланган ва у яқин таъқибчиси "Реал" (Мадрид)ни 80 баллга ортда қолдирган. Учинчи ўрин эса "Челси"га насиб этган (273 балл). Тўртинчи ва бешинчи ўринларни "Атлетико" (251) ва "Барселона" (247) банд этган.
Шунингдек, кучли ўнликка "ПСЖ" (Франция), "Базель" (Швейцария), "Атлетико Минейро" (Бразилия), "Тоттенхэм" (Англия), "Бенфика" (Португалия) жамоалари киришган. Қозоннинг "Рубин"и эса 11-ўринда қайд этилган.
Осиёнинг энг яхши клуби — "Гуанжоу Эвергранд" эса 34-ўринни эгаллаган (178,5 балл). ОЧЛ финалчиси "Сеул" эса 51-ўринни банд этган бўлса, Эроннинг "Истиқлол"ига 67-поғона насиб этган. "Бунёдкор" эса 172-ўрин билан Осиёнинг энг яхши жамоалари ўнлигига кира олмаган.
IFFHSнинг клублар рейтинги билан қуйидаги саҳифада танишишингиз мумкин.