Хабарингиз бор, миллий терма жамоамиз ҳимоячиси Виталий Денисов Ўзбекистоннинг 2013 йилги энг яхши футболчиси, деб топилди. Унинг исми-шарифи 70та анкетанинг нақ 53тасида қайд этилди.
Қолаверса, 44 нафар журналист «Локомотив» (Москва) ҳимоячисини 1-ўринга қўйди. Натижада Денисов энг яқин таъқибчиси Жамшид Искандаровни 91 очко ортда қолдирди. Шу билан футболимиз тарихидаги йил лауреатлари сафи яна бир ижрочи ҳисобига кенгайди. Хўш, ортда қолган 22 мавсум давомида неча нафар футболчи умумэътирофга сазовор бўлган? Улар орасида энг фахрийси ким? Энг ёши-чи?
Ҳозиргача 13 нафар футболчига Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси мақомини қўлга киритиш насиб этган, яъни Виталий Денисов рўйхатга 13-рақам остида кирди. Энг ёш лауреатлар икки нафар - Валерий Кечинов ва Александр Гейнрих. Улар 18 ёшда энг яхши футболчи сифатида эътироф этилишган. Энг фахрий лауреат эса 34 ёшида сўров ғолибига айланган Миржалол Қосимовдир. Айтганча, футболимиз фахри юксак унвонни худди Максим Шацких каби 4 марта қўлга киритган. Яна бир эътиборга молик жиҳати, Қосимов илк марта 23 ёшида энг яхши, деб топилган. Бошқача айтганда, 11 йил давомида 4 марта тенгсиз эканлигини исботлаган. Табиийки, бундай барқарорлик жаҳон футболи учун ҳам камёб ҳисобланади. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Миржалол Қўшоқович мамлакатимизда энг яхши футболчи ва энг яхши мураббий мақомига Игорь Шквириндан кейин мушарраф бўлган иккинчи шахслар.
Энг яхши футболчилар орасида барча чизиқ вакиллари - дарвозабондан тортиб, ҳужумчигача бор. Булар - 1 нафардан дарвозабон (Павел Бугало) ва ҳимоячи (Виталий Денисов), 5 нафар ярим ҳимоячи (Миржалол Қосимов, Андрей Акопянц, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов) ҳамда 6 нафар ҳужумчи (Валерий Кечинов, Игорь Шквирин, Олег Шацких, Жаъфар Ирисметов, Александр Гейнрих, Максим Шацких).
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси унвонини ака-ука Олег ва Максим Шацкихлар қўлга киритишганлигини ҳам эътироф этиш зарур. Таъкидлаганимиздек, Кечинов ва Гейнрих 18 ёшда, Олег Шацких 21, Андрей Акопянц 22, Жаъфар Ирисметов 24, Санжар Турсунов ҳамда Виталий Денисов 26, Игорь Шквирин 31, шунингдек, Миржалол Қосимов 23, 28, 31, 34, Павел Бугало 22, 23, Максим Шацких 25, 27, 28, 29, Сервер Жепаров 26, 28, Одил Аҳмедов 22, 24 ёшда энг яхши, деб топилишган. Қизиғи, юртимизда ҳеч қайси ўйинчига 19, 20, 30, 32, 33 ёшида энг яхши бўлиш насиб этмаган.
Тўғри, бизда энг яхши футболчини аниқлаш чоғи номзодларнинг миллий жамоамиз сафидаги ўйинларига кўпроқ эътибор қаратилади. Лекин айрим мавсумларда уларнинг клубдаги фаолиятлари асосий роль ўйнаганини унутмаслик даркор. Қисқаси, лауреатларни жамоалар бўйича олсак, энг кўпи «Пахтакор»га тўғри келади. «Шерлар»нинг 6 нафар аъзоси 8 марта юксак шарафга муяссар бўлган. Максим Шацкихнинг ўзи «Динамо» (Киев)ни 2-ўринга кўтарган - 4 марта. «Дўстлик», «Алания» (Россия) ва «Бунёдкор» вакиллари эса танловда 2 мартадан ғолиб чиқишган.
Икки футболчи - Олег Шацких ҳамда Сервер Жепаров мавсумни 2та клуб таркибида ўтказиб ҳам, энг яхши номини олишган.
Рўйхатдан жой олганларнинг айни пайтда энг ёши каттаси - Игорь Шквирин. У бу йил 51 ёшга тўлади. Энг ёши эса Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов. Улар жорий йили 27 ёшни қаршилайдилар.
Кетма-кет энг яхши футболчи бўлиш - Павел Бугало ва Максим Шацкихга насиб этган, холос. Бугало қаторасига 2, кенжа Шацких эса 3 марта шундай номга лойиқ кўрилган.
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчилари
Йил |
Лауреат (клуби) |
Туғилган йили |
Ёши |
1992 |
Валерий Кечинов («Пахтакор») |
1974 |
18 |
1993 |
Миржалол Қосимов («Пахтакор») |
1970 |
23 |
1994 |
Игорь Шквирин («Маккаби», Исроил) |
1963 |
31 |
1995 |
Олег Шацких («Политотдел»/«Навбаҳор») |
1974 |
21 |
1996 |
Павел Бугало («Пахтакор») |
1974 |
22 |
1997 |
Павел Бугало («Пахтакор») |
1974 |
23 |
1998 |
Миржалол Қосимов («Пахтакор») |
1970 |
28 |
1999 |
Андрей Акопянц («Пахтакор») |
1977 |
22 |
2000 |
Жаъфар Ирисметов («Дўстлик») |
1976 |
24 |
2001 |
Миржалол Қосимов («Крилья Советов», Россия) |
1970 |
31 |
2002 |
Александр Гейнрих («Пахтакор») |
1984 |
18 |
2003 |
Максим Шацких («Динамо», Украина) |
1978 |
25 |
2004 |
Миржалол Қосимов («Алания», Россия) |
1970 |
34 |
2005 |
Максим Шацких («Динамо», Украина) |
1978 |
27 |
2006 |
Максим Шацких («Динамо», Украина) |
1978 |
28 |
2007 |
Максим Шацких («Динамо», Украина) |
1978 |
29 |
2008 |
Сервер Жепаров («Бунёдкор») |
1982 |
26 |
2009 |
Одил Аҳмедов («Пахтакор») |
1987 |
22 |
2010 |
Сервер Жепаров («Бунёдкор»/«Сеул», Ж.Корея) |
1982 |
28 |
2011 |
Одил Аҳмедов («Анжи», Россия) |
1987 |
24 |
2012 |
Санжар Турсунов («Алания», Россия) |
1986 |
26 |
2013 |
Виталий Денисов («Локомотив», Россия) |
1987 |
26 |