1963 йили “Пахтакор” футбол жамоасининг моҳир ҳужумчиси, ўзининг бетакрор зарбалари билан элга танилган Геннадий Красницкий СССР Олимпия терма жамоаси таркибида (айрим манбаларда СССР “Динамо” клублари вакиллари дейилади) Жанубий Америкага боради.
Мазкур жамоага собиқ иттифоқнинг ўша пайтдаги сараланган энг кучли футболчилари жалб қилинган эди: Киевнинг динамочилари — Валерий Лобановский, Олег Базилевич, Виктор Серебряников, Василий Турянчик ва Андрей Биба, Москвалик динамочилар — Георгий Рябов, Виктор Аничкин, Валерий Фадеев, Валерий Маслов, ленинградликлар — Василий Данилов, Николай Рязанов, Тбилиси динамочилари — Сергей Котрикадзе ва Муртаз Хурцилава, куйбишевлик Борис Казаков, москвалик Владимир Пономарев, олмаоталик Владимир Лисицын ва тошкентлик Геннадий Красницкий. Жамоа тренери Вячеслав Соловьев ва унинг ёрдамчиси Евгений Лядин.
У ерда улар Бразилия, Аргентина, Чили, Перу ва Уругвайда кўп йиллардан бери фаолият юргизаётган энг кучли футбол жамоалари билан майдонда курашадилар. Улар жами 8 учрашув ўтказади. Геннадий Красницкий ўшанда 3та бири биридан чиройли голларни киритиб, жаҳонга машҳур голеодор бўлиб қайтади...
Геннадий Красницкий ҳақида туркум материаллар тайёраб чоп этиш пайтида бир веб-сайтга “Голеодор из Ташкента” номли мақоламга Геманияда вақтинча яшаётган ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи олим, ватандошимиз Виктор Арведович Ивонин ўзининг изоҳини юборди. Унда Виктор Арведович, 1998 йили Германияда ёзган янги китобларини нашрга тайёрлаш учун навбатдаги кўп ойлик сафарда эди. Бир кун у киши дам олаётганида Германия марказий телевидениянинг спорт каналида Диего Марадона ҳаётига бағишланган дастурга кўзи тушиб қолади... Шунда у Диего Марадоннанинг бир икки марта “Красницкий, Красницкий”, деган номини эшитиб қолади ва бутун эътиборини шу дастурга қаратади.
Марадона ўз нутқида 1963 йили Жанубий Америкада катта шов-шувга сабаб бўлган сенсацион воқеани, яъни Геннадий Красницкийнинг Перунинг ўша пайтдаги энг кучли жамоаси бўлган, жаҳонга машхур футбол устаси бразилиялик Диди раҳбарлик қилаётган Лиманинг “Спортинг Кристал” жамоаси дарвозасига киритган тўпи қандай қилиб дарвоза тўрини тешиб ўтгани ҳақида катта ҳаяжон билан эслаб тилга олади. Ўшанда Бразилия, Аргентина, Уругвай, Перу, Чили ва жаҳон оммавий ахборот воситалари бу сенсацион воқеани тарқатади.
Марадонна ўша пайтда ёш бўлишига қарамасдан отаси ва катталардан бу воқеа тўғрисида эшитиб, кичкиналигидан Красницкийга ўхшаган машҳур футболчи бўлиш ниятини ўз олдига қўяди. Унинг таъкидлашича, балким айнан мана шу воқеа ва Красницкийнинг зарбаси туфайли дарвоза тўрини тешиб юбориши унда Буюк футболчи бўлишликка туртки бўлгандир...
Диего Марадона кейин журналистларга машҳур футболчи сифатида кўп йиллик фаолияти давомида туморга ўҳшаб ўз ёнида олиб юрган “Ультима Хора” газетаси фото мухбирининг аппаратида олинган Красницкийнинг тарихий, яъни дарвоза тўрини тешган тўпини суратни журналистларга кўрсатади... Кейин эса, у қуйидагиларни айтади: “Менинг бир орзуим бор, агар бир иложисини топиб Россияга (Марадона Ўзбекистонни назарда тутган) бориб қолсам, албатда дунёга машҳур, ХХ асрнинг буюк футболчиларидан бири Геннадий Красницкийнинг қабрини зиёрат қилиб, унинг қабрига устида бош эгиб, ўзимнинг чуқур ҳурматимни бажо келтириб, катта гул дастасини қўйиш ниятим бор, деб ўз сўзини якунлайди...
Бу футбол тарихида ягона сенсацион ва тарихий воқеа бўлиб қолди. Кейинчалик футбол мутахассислари дарвоза тўрини тешиб ўтиш учун Красницкийнинг тепган зарбасининг тезлиги ва кучини аниқлашга киришадилар. В.Ивонин билан бўлиб ўтган қисқача суҳбат давомида у киши аспирантурада ўқиётган даврида Москвадаги марказий кутубхонада хорижий газета ва журналларни ўқиб, унда Красницкий ҳақида айрим мақолаларга кўзи тушади. Унда айтилишича, Красницкийнинг ўта кучли зарбасини ҳисобга олган холда, ва у СССР миллий терма жамоаси аъзоси бўлганлиги сабабли кўпгина дарвозабонлар ўз суғурта компанияларига мурожаат қилишиб суғурта-молия масалаларини қайта кўриб чиқишга киришган экан.
Геннадий Красницкийнинг хотираларидан (“От Рио-Де-Жанейро до Монтевидео” номли китобидан):
“Бизникилар бутун ўйин давомида ягона тўпни қуйидаги вазиятда киритишди. Учрашувнинг 83-дақиқаси кетаётган эди. Ҳисоб 0:0 бўладиганга ўхшаб турибди. Лекин шу пайт дарвозадан 20-25 метрча нарида Лобановскийни йиқитишгани учун штраф тўпи берилди. Шунда Лобановский “қонга қон” деб ўтирмай, олдимга югуриб келиб: — Гена, бопла! — дея илтимос қилди. Эртаси куни таржимонимиз шу тепган тўпим ҳақида маҳаллий газеталар нима ёзганини ўқиб берди. “Коррео” газетасида шундай дейилибди: “Агар тўп дарвозабонга келиб текканида команда бўлак голкипер излашига тўғри келарди, “Кристалл” нокаутга учради”.
Перу журналисти киритган тўпим ҳақида муболағали ёзган, албатда. Аслида эса оддийгина бир иш бўлди. Оёққа ўнг келиб қолган тўп зарб билан дарвозага кирганича тўрни тешиб ўтиб, томошабинларнинг олдига бориб тушади. Лекин менда нима гуноҳ, тўп бориб теккан жой бўшроқ тўқилган бўлса керак.
Тўпнинг кирган-кирмаганлиги ҳақида майдонда тортишув бошланиб кетди. Диди дарвозага тўп кирганини йўқ, деб қатиқ туриб олди. Хакам Альмейда узоқ иккиланиб турмади. Тўрдаги тешик мана мен деб турганди. Одил томошабинлар ҳам ўз ҳукмларини чиқариб қўйишган эди. Ўйин тугаганидан кейин улар мени қўлларида кўтариб кетишди. Кийимхонада эса биз шу муносабат билан янги танишларимиз даврасида чойхўрлик қилдик. Кейинчалик матбуотда йўл-йўлакай уюштирилган бу қабул маросими жуда яхши ўтди, деб ёзиб чиқишган.
Эрталаб чиқадиган газеталар арбитр тўғри ҳукм чиқарганлигини тасдиқлади. Перунинг энг обрўли газеталаридан бири “Ультима Хора” газетаси фото мухбирининг одил аппарати тўрдан бир сантиметр нарида турган тўпни суратга туширибди.
Бизнинг маълумот: Виктор Арведович ИВОНИН. 1946 йили туғилган. Иқтисодчи олим. Иқтисод масалалари бўйича кўп йиллар илмий изланишлар олиб борган. 200дан ортиқ йирик илмий мақолалар ва 6 монографиялар (ҳамкорликда) муаллифи. Унинг 20 дан ортиқ бадиий публицистик ҳикоялари чоп этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ташкил қилинган махсус ишчи гуруҳлари раҳбари ва гуруҳ аъзоси сифатида иқтисод, молия ва банк тизимлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиб келмоқда. Бундан ташқари В.Ивонин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошида тузилган иқтисодиёт масалалари бўйича турли махсус гуруҳларда ҳам иштирок этиб ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда. В.Ивонин бугунги кунда гомотанголог сифатида Ўзбекистонда гомотангистика фанини ривожлантириш борасида фаол ишлар билан шуғулланмоқда.
Фото: Перунинг энг обрўли газеталаридан бири “Ультима Хора” газетаси фото мухбирининг сурати.
Мавлон Шукурзода, журналист