Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Универсал жангчилар ёки футбол тактикасининг асосий тенденцияси

Баҳо:
+ | -

ESPN ҳамда The Guar­dian таҳлилчиси Майкл Коконинг фикрича, универсаллик 2013 йил футболида бош тактик қурол даражасига кўтарилди. Муаллиф ўз фикри исботи сифатида шу жиҳатнинг энг ёрқин 8 нафар вакилини санаб ўтди.

Тан олиш керакки, тактика нуқтаи-назаридан олганда, 2013 йил футболи бирор янгилик олиб кирмади. Яъни қандайдир янгича ечимлар кўзга ташланмади, эски схемалар ёки услубларга қайтиш ҳоллари ҳам кузатилмади. Шунга қарамай, қайсидир мураббийлар учун йил қизиқарли воқеаларга бой тарзда кечди. Универсаллик йўналиши йилнинг асосий мавзусига айланди. Футболчилар турли позицияларнинг нозик жиҳатларига кўпроқ эътибор қарата бошладилар. Жамоаларда уюшқоқлик даражаси ортиб, ҳужумчилар ҳам ҳимояда фаол ишлашга одатланишди. Шунингдек, ҳимоячилар дадиллик билан ҳужумга ўта бошлашди. Ярим ҳимоячилар эса, шунчаки, ҳимоя ва ҳужум чизиғи ўртасида боғловчилик функцияси билан чекланиб қолмай, вазиятдан келиб чиққан ҳолда ташаббус кўрсатишга ўргандилар.

Хави Мартинес
Конфедерациялар кубоги турнири доирасида Испания ва Италия терма жамоалари ўртасида кечган ярим финал баҳсида қизиқ ҳодисага гувоҳ бўлдик. Асосий ва қўшимча вақтлар нурсиз дуранг билан ниҳоясига етган ва пенальтилар сериясида амалдаги жаҳон чемпионининг қўли баланд келган ўйиннинг 94-дақиқасида Висенте Дель Боске ўз жамоасидаги ягона ҳужумчи - Фернандо Торрес ўрнига таянч ярим ҳимоячиси Хави Мартинесни туширди. Мазкур «юриш» орқали мураббий майдон марказини кучайтиргани йўқ. Аксинча, Мартинес қўшимча вақт давомида асосан олдинги чизиқда тўп сурди. Бу футболчи ҳам комбинацион ўйин, ҳам «иккинчи қават»да самарали ҳаракатланди. Хуллас, Испания терма жамоа­си ярим ҳимоясидан жой ололмаган Хави олдинги чизиқда ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Ке­йинчалик у Гвардиола раҳбарлигидаги «Бавария»да (мавсумолди «Ауди кубоги» турнирида) марказий ҳимоячи сифатида майдонга тушди. Тасаввур қилинг-а, атиги 2та беллашув орасида марказий ҳужумчи марказий ҳимоячига айланди. Ваҳоланки, ҳар икки амплуа ҳам унинг учун бегона эди. Ҳа, Дион Даблин ва Крис Саттон каби футболчилар ўз даврларида шундай қобилиятни намойиш этишганди. Бироқ Хави ҳозирда дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири. Буни у «Барселона» билан баҳсда (4:0) яққол исботлаганди.

Диего Симеоне
Жамоаларнинг салоҳияти ва молиявий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда натижаларга баҳо берилса, 2013 йили Диего Симеоне Испаниядаги касб­дошларидан яққол устунлик қилди. Ла-Лигада телевидениедан тушадиган даромаднинг мантиққа зид тарзда тақсимланишини барчамиз яхши биламиз: «Барселона» ва «Реал» бошқа ҳар қандай жамоадан уч баробар кўпроқ «ош ейди». Шу жиҳатдан олганда, Симеоне қандай қилиб «Атлетико»ни шундай юксакликка олиб чиққанлиги чиндан ҳам ҳайратланарли. Янги йилни «ҳиндулар» «Барселона» билан тенгма-тенг одимлаган ҳолда қарши олишди, боз устига, азалий рақиб ҳисобланган «Реал»ни 5 очко (?) ортда қолдириб. Бундан ташқари, 2013 йили айнан ана шу рақиб ўз уйи ҳисобланган «Сантьяго Бернабеу»да «Атлетико»дан 1:2 ҳисобида енгилиб, «Қироллик кубоги»ни бой берди. Шу тариқа «Реал»нинг «Мадрид дербиси»даги ҳукм­ронлигига чек қўйилди. Буларнинг барчасига жамоа аргентиналик мутахассиснинг доно стратегияси туфайли эришди. Симеоне ўз шогирдларини тўпни рақибдан тортиб олиш пайти уюшқоқлик билан ҳаракат қилишга ўргатди. 2 нафар ҳужумчи рақибларни таъқиб этишни ҳимоя чизиғига қадар давом эттиради. Қанот ўйинчилари ҳам ўз вазифалари билан чекланиб қолмай, марказда фаоллик кўрсатишади. Натижада «Атлетико»га қарши майдонга тушган жамоалар саросимага тушиб, нима қилишни билмай қоладилар.

Неймар
Бразилиялик вундеркинд ниҳоят, Европага келди. Бироқ у бизнинг рўйхатимизга «Барселона»даги ўйинлари эмас, балки Конфедерациялар кубоги турниридаги иштироки туфайли кирди. Мусобақада Неймар энг ёрқин футболчи бўлди, турнирнинг «Олтин тўп» совринига муносиб кўрилди. Шунингдек, қоида бузиш борасида ҳам яққол етакчи бўлди. Аслида мазкур салбий ҳолат ҳам Неймарнинг қанчалик жон куйдириб ўйнаганлигидан далолат беради. Гап шундаки, юксак савиядаги ҳужумчи учун зарур барча фазилатларни мукаммал эгаллаган футболчи ҳимояланиш вақти томошабин бўлиб қолишни истамади. Жамоа манфаати учун ҳимоя чизиғигача ортга қайтишдан ўзини олиб қочмади.

Марио Манжукич
Марио 2012 йили Европа чемпионати тўпурарларидан бири сифатида газеталар саҳифаларидан жой олганди. Бу сафар эса «Бавария» таркибида «требл»ни қайд этиш орқали шуҳрат қозонди. Тўғри, Манжукичнинг шахсий натижалари анчайин юқори бўлсада, ҳайратланарли даражада эмас: 40та ўйинда 22та гол. Чунки бу ҳужумчининг олдига мураббийлар юқори тезлик ва «ақлли» ўйин кўрсатишни вазифа қилиб қўйишди. Бу услубнинг самараси айниқса, ЕЧЛ «плей-офф» босқичларида, «Арсенал» ва «Ювентус»га қарши беллашувларда яққол кўзга ташланди. Манжукичнинг рақиб ҳимоячиларига қарши қўллаган «прессинги» туфайли «Бавария»нинг бошқа ўйинчилари эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўлдилар, Буффондек тажрибали пос­бон хатоларга йўл қўя бошлади, Андреа Пирлонинг узатган тўплари ўз манзилига аниқ етиб бормади. Хуллас, мюнхенликлар таркибидаги ягона ҳужумчи ўша ўйинларда асосий ҳимоячи вазифасини ҳам бекаму-кўст адо этди.

Аарон Рэмзи
Бу футболчи қандай машаққатларни бошдан кечирганини ҳаммамиз яхши биламиз: ўта оғир жароҳат, ўз мухлисларининг ҳуштакбозликлари ва ниҳоят, эртаклардагидек дард­дан тўла-тўкис фориғ бўлиш ва сафга қайтиш. Ўйин услубининг ўзгариши эса янада ҳайратланарли. «Арсенал»га келган 2008 йили у анча хотиржам ва сабр-қаноатли футболчи бўлиб, асосан тўпни жамоадошлари ўртасида тақсимланишига кўмаклашарди. Яъни вазифаси тўпни қабул қилиш, очиқ ҳудудда турган жамоадошига узатиш ва ўзи учун қулай позиция излаш эди. Гарчи бу юмушларни аъло даражада бажарсада, индивидуал маҳорат бобида бироз уқувсиздек туюларди. Лекин универсал хусусиятлар туфайли энди Рэмзи АПЛнинг энг яхши футболчилари қаторига кўтарилди. 13та гол ва 7та самарали тўп узатиш! Бундай натижага ҳатто ҳужумчилар ҳам ҳавас қилишади. Бундан ташқари, Рэмзи ҳозирда тўпни рақибдан олиб қўйиш бўйича ҳам АПЛда етакчилар сафида бормоқда. Бу борада фақат 3 нафар футболчи - Лукас Лейва, Майкл Йединак ва Клаудио Якоб ундан яхшироқ натижага эришишган. Аммо улар - соф таянч ярим ҳимоячилар. Бошқача талқин этсак, фақат ўз вазифалари билан банд эканликлари боис улар ҳисобида атиги 1та гол бор. Самарали тўп узатишлар эса умуман йўқ. Кўриниб турибдики, универсаллиги эвазига серқирра ўйин кўрсатаётган Рэмзининг ўз жамоасига келтираётган манфаати бу футболчиларникидан анча кўп.

Пеп Гвардиола
Бу мутахассиснинг антиқа ислоҳотлари ҳақидаги ҳикояни нимадан бошласак экан...? Филипп Лам таянч ярим ҳимояси чизиғида, Тони Кроос ярим ҳимоя чизиғининг барча позицияларида. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Хави Мартинес «Боруссия» (Дортмунд)га қарши кечган ўта муҳим баҳс­да ҳам таянч ярим ҳимоячиси, ҳам марказий ҳимоячи ролида. Диего Контенто ҳимоя марказида, Марио Гётце эса ҳужум чизиғининг олдинги сафида, Томас Мюллер майдоннинг исталган нуқтасида. Гвардиола учун ўз шогирдларининг қайси позицияга кўпроқ ихтисослашганлари аҳамиятсиз. Унинг учун муҳими - ўз ғояларини яшил майдонда намойиш этиш. Пеп сўнгги 10 йил ичида футболнинг равнақи йўлида бошқа касб­дошларидан кўра, кўпроқ хизмат қилди.

Уго Льорис
Камдан кам ҳолларда мураббийларни қайсидир тактик схемага ёпишиб олганликлари учун истеъфога чиқаришади. Бироқ Андре Виллаш-Боашга айнан шу одати бир неча марта панд берди. Яъни у ўз жамоаларида ҳимоя чизиғини марказга яқинроқ ҳудудда ташкил этишга уринди. Бунинг устига, шогирдларидан рақибга «прессинг» уюштиришни талаб қилмади. Бундай вариант ўзига суиқасд қилишдек гап. Мураббийнинг ана шу услуби Уго Льорисни дарвозабонликдан ташқари, бошқа юмушларни ҳам бажаришга мажбур этди. Франциялик пос­боннинг жуда кўп ҳолларда ҳимоячилар йўл қўйган хатоликларни тўғрилаш мақсадида жарима майдончасини тарк этишига тўғри келди. Лекин ўз ҳудуди ташқарисида майдон ўйинчисига айланиб қолган дарвозабон қўл билан ўйнаш ҳуқуқидан мосуво-ку. Бундай вазиятда юқоридан узатилган тўпларни қайтариши анча қийин, айниқса. Дарвозабоннинг майдондаги ўн биринчи ўйинчи сифатида ҳаракатланиши балки Тим Шервудга маъқул тушмас. Ҳар ҳолда, дарвоза дахлсизлиги учун асосий жавобгар саналган футболчининг жарима майдончаси ташқарисида тўп суриши тез-тез учрайдиган ҳодиса эмас. Лекин Льорис шундай услубда ўйнайдиган дастлабки кипер бўлмасада, сўнгги пайтларда кўплаб хатоларга йўл қўйди. Аммо шу мисол орқали ҳатто дарвозабонлар ҳам универсаллик томон интилаётганликларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.

Артуро Видаль
Қайсидир маънода Артуро Видални дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида таърифлаш мумкин. Том маънода эмас, албатта - бу футболчи Месси ёки Роналду каби рақиблар дарвозаси олдида хавфли вазиятларни вужудга келтиролмайди. Шу сабабли уларнинг ёнидан ўрин олиши ҳам қийин. Лекин Видалнинг ўзига яраша устунлик жиҳатлари бор. Уни дунёнинг энг универсал футболчиси десак бўлади. Артуро майдоннинг исталган нуқтасида бир текис тўп суради, ҳар қандай кўрсатмани уддалайди, турли стратегияларда жамоанинг илҳом манбаи бўлишга ярайди. Миллий терма жамоасида эса «ўнинчи рақам», ҳатто «сохта тўққизинчи рақам» позициясида ҳаракатланишга қодир. Унинг асосий вазифаси - Санчес ва Варгас билан ҳамкорликда ярим ҳимоя чизиғи яхлитлигини таъминлаш. Лекин яқинда футболчи «Ювентус»нинг марказий ҳимоячиси ролида майдонга тушди. Бир вақтлар Марсело Бьелса уни Чили терма жамоасида айнан шу позицияда синаб кўрганди. Худди Хави Мартинес сингари Видаль ҳам марказий ўқнинг исталган позициясида бемалол ўйнай олади. Боз устига, жисмоний қувват билан техник маҳоратнинг ажойиб уйғунлигига эга. 90 дақиқа давомида тиниб-тинчимайдиган футболчи ҳайратланарли тезлик ва чидамлиликни намойиш этади. Баллак услубидаги дадил интилишлари орқали ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғи ўртасида муҳим кўприк вазифасини бажаради. Юқори техника соҳиби сифатида тўпни қулай нуқталарга аниқ етказиб беради ёки ҳужумни самарали якунлайди. Пенальтини амалга оширишда муаммоларга дуч келмайди. Ҳар 2та ўйинда ўртача 1та гол урадиган Артуро тўпни рақибдан тортиб олиш бобида «А» сериясининг етакчилари қаторида бормоқда. Йил якунларига кўра, ягона футболчини танлаш масаласи қўйилса, кўпчилик иккиланмай Артуро Видалга овоз берса, ажабмас.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:39, 24.01.2014.
Ўқилди: 4346 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.