«Динамо» ҳамда Россия терма жамоаларининг ҳужумчиси «Динамо»- «Анжи» ва «Анжи»- «Динамо» йўналиши бўйича сафарни амалга оширганидан бери дурустроқ интервью бермай келаётганди.
Лекин жамоанинг БААдаги йиғини чоғида у «СЭ»нинг махсус мухбири билан бафуржа суҳбатлашишга розилик билдирди.
- Александр, ортда қолган 2013 йил ҳужумчи Кокорин учун ўз клуби ва терма жамоадан мустаҳкам ўрин олган йил бўлди. Сиз ўзингизни етакчи ролида ҳис этяпсизми?
- Очиғини айтганда, йўқ. Мен атиги иккинчи тўлиқ мавсумимни ўтказяпман. Боз устига, жароҳат олишга ҳам улгурдим. Лекин йил мен учун муваффақиятли ўтди: Терма жамоанинг кўпчилик ўйинларида майдонга тушдим, «Динамо»га ҳам қўлдан келганча ёрдам бердим.
- Дан Петреску ўз интервьюларидан бирида сизни Россиянинг энг яхши футболчиси, дея эътироф этганди. Ўқидингизми?
- Йўқ. Мураббий бу фикрни қачон айтганди?
- Сентябрь ойида.- Ҳар ким ўз фикрини билдириши мумкин. Албатта жамоа бош мураббийидан бундай эътирофни эшитиш ёқимли. Аммо у қўшимча масъулиятни юклайди. Бундай вазиятда ҳар бир учрашувда унинг ишончини оқлаш зарур бўлади.
- Ўтган йили «Анжи»га йўл олишингиз жиддий шов-шувларга сабаб бўлганди. Бундай қарор хусусида кўп ўйладингизми?
- Йўқ. Биз атиги 2 марта учрашдик. Сулаймон Керимов билан суҳбатлашганидан кейин мен бир қарорга келгандим.
- «Анжи»даги йўналиш ўзгаришини ким сизга маълум қилди?
- Шахсан Сулаймон Керимовнинг ўзи.
- Ўша пайтда хаёлингиздан нималар ўтди?
- Қарама-қарши фикрлар. Бир томондан, қувонч. Мен тез орада «Динамо»га қайтишимни тушундим. Лекин иккинчи томондан, афсусланиш. Чунки ўзим орзу қилган футболчилар билан битта жамоада ўйнаш шарафига эриша олмадим.
- Ҳеч бўлмаса машғулотлар ўтказишга улгургандирсиз?
- Улгурдим, лекин жуда оз.
- «Динамо» мухлислари мени қабул қилишмаса-чи, деган хавотир сизда йўқмиди?
- Бироз хавотир йўқ эмасди. Ҳозир ҳам мени хоинликда айблаётган мухлислар йўқ эмас.
- Шунга қарамасдан, улар сизни ойнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди...
- Бу - менинг ўйинларимга берилган баҳо. Агарда шундай ўйнашда давом этсам, мухлислар гина-кудуратларни унутишади.
- Петреску диктатор-мураббий сифатида донг таратган. Сиз қандай фикрдасиз?
- Шахсан мен учун ҳаммаси жойида.
- У кийиниш хонасида ҳам худди майдон четидаги каби эҳтирослими?
- Йўғ-ей, нималар деяпсиз? У фақат ўйин пайтида эҳтиросларини жиловлай олмайди. Кийиниш хонасида эса анча вазмин. Овозини баландлатиши мумкин, лекин асабийлашмайди.
- Унинг услубини Капеллоники билан таққослаш мумкинми?
- Машғулотларни ўтказиш бўйича фарқ катта. Жамоанинг кун тартиби эса деярли бир хил: Машғулотлар эрталаб ўтказилади, футболчилар бир хил либосларда келишади. Яна кўплаб жиҳатларда ўхшашликлар етарли.
- Капелло билан Петреску ўз шогирдлари билан тез-тез яккама-якка суҳбатлашиб туришадими?
- Дан Петреску бошланғич таркибини эълон қилганидан кейин ҳар бир ўйинчи билан алоҳида суҳбатлашиб, унинг асосий вазифасини эслатиб ўтарди ёки шунчаки кайфияти билан қизиқиб кўрарди. Фабио ўз шогирдлари билан камроқ мулоқот қилади, албатта.
- Сизнинг «Динамо»даги сафдошингиз Денисовни Капелло терма жамоага сардор этиб тайинлаганди. Бироқ кейинчалик уни чақирмай қўйди. Бу ўзгаришни Игорь қандай қабул қилди?
- Бу ҳақда суриштириб кўрганим йўқ. Лекин Игордаги тушкунлик яққол сезилиб турибди. Шунча йилдан бери бош жамоада юриб кутилмаганда ундан четда қолиш... Ўйлашимча, Денисов жамоага қайтади ва уни сардор сифатида майдонга олиб тушади.
- Смоловнинг иқтидорли футболчи эканлигини Дан Петреску доимо таъкидлаб келарди. Унда нима учун Фёдорни ижарага бериб юборди?
- Бу янгиликдан таътилдан қайтганимда хабардор бўлдим. Дам олиш кўнгилли ўтиши учун барча нарсадан воз кечиб, янгиликларни кузатмай қўйгандим. Федянинг «Анжи»га ўтганини Володя Габуловдан эшитдим.
- Бу сиз учун айни муддао бўлди, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда, ўзингиз ёқтирадиган «9» рақамини қайтариб олдингиз.
- Ҳа, Смоловнинг кетганини эшитгач, жамоа бошлиғига қўнғироқ қилиб, ундан бу хусусда сўраб кўрдим. Унинг айтишича, рақамни қайтариб олиш ҳозирги қоидаларга зид эмас экан.
- Нима учун айнан «9»ни ёқтирасиз?- Ёшлигимдан шу рақамда тўп сураман. Кўпчилик футболчиларда ўзларининг севимли рақамлари бўлади. Қолаверса, мен болалик пайтимдан бошлаб Роналдонинг мухлисиман.
- Бразилияга йўл олиш сиз учун нимани англатади?
- Орзунинг ушалишини.
- Бўлажак рақибларни ўрганишга киришдингизми?
- Йўқ. Бунга ҳали жуда эрта. Бутун эътиборим клубга қаратилган. Мундиалдаги рақибларимизни ўрганиш учун вақт етарли.
- Қандай натижани Россия терма жамоаси учун муваффақият дейиш мумкин?
- Албатта, бу бироз асоссиздек туюлиши мумкин - турнир ғолиблиги.
- Терма аъзолари ичида сиз биринчи бўлиб буни дангал айтдингиз.
- Бунинг ажабланадиган ери йўқ. Гуруҳдан чиқсак, Германия ёки Португалияга дуч келамизми? Нима қипти? Тўғри, иккинчи вариант афзалроқ. Биз Португалияни саралашда мағлуб этганмиз. Демак, улар биздан қўрқишлари керак. Акс ҳолда, Бразилияга боришдан маъни йўқ. Ахир айтишадику: Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди!