Сочи-2014 Қишки Олимпиадаси очилиш маросимидан ташкил этилган жонли эфир вақтида Россия телевидениесининг «Спорт» телеканали шарҳловчилари Ўзбекистон терма жамоасини Тожикистон дея таништиришди. Бу ҳақда Twitter’даги кўплаб ўзбекистонлик фойдаланувчилар хабар қолдиришган.
Олимпиада очилиш маросими доирасидаги Миллатлар паради вақтида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари давлат байроғи билан саҳнага чиқиб келган вақтда, Россиянинг «Спорт» телеканали шарҳловчиси Дмитрий Губерниев саҳнага Тожикистон термаси чиққани ҳақида маълумот берган.
Сочи Олимпиадаси очилиш маросимини Россиянинг «Спорт» телеканали орқали кузатиб борган ўзбекистонликлар шарҳловчи Дмитрий Губерниевга жаҳон харитасини совға қилиб, унда Ўзбекистон ва Тожикистон бошқа-бошқа давлатлар эканлигини ўргатиш кераклигини, бошқа бир фойдаланувчилар эса шарҳловчига Ўзбекистон ва Тожикистон байроқларини алоҳида-алоҳида кўрсатиш кераклигини маълум қилишган.
Ўзбекистонлик хонанда Динейра: «Ачинарли… Қандай қилиб бундай миқёсдаги тадбирда бундай хато қилиш мумкин», – деб воқеага ўз муносабатини билдирган бўлса, россиялик журналист Андрей Малосолов эса Губерниевнинг қисман ёнини олиб, вақтида АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш Словакия билан Словенияни адаштириб юборганини қўшимча қилган. Фойдаланувчиларнинг қайд этишича, Губерниев адашгани юзасидан эфир вақтида узр сўрамаган.
Қайд этиш жоиз, россиялик энг машҳур спорт шарҳловчиларидан бири ҳисобланган Дмитрий Губерниев 2011 йили августида ҳам, футбол учрашуви танаффуси вақтида, жонли эфирда бўлгани ҳолда, микрофон ўчирилганидан бехабар ҳолда, футбол бўйича Россия терма жамоаси дарвозабони Вячеслав Малафеев ҳақида номаъқул фикрларни билдирган, буни миллионлаб телетомошабинлар эшитган. Малафеев кейинчалик Губерниевни судга берган, бироқ кейинчалик томонлар ярашишганди.
Сочи-2014 Олимпиадаси очилиши Ўзбекистоннинг «Спорт» телеканалида ҳам жонли эфирда намойиш этилди. Намойишни спорт шарҳловчилари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Ғанишер Раҳматуллаев шарҳлаб боришди. Очилиш маросимида Россия тарихи, маданият ва бошқа соҳалари ҳаётидан кўплаб саҳна кўринишлари намойиш этилди. Россия президенти Владимир Путин Сочи-2014 Олимпиадасини очиқ дея эълон қилди. Очилиш маросими айни дақиқаларда давом этмоқда.
Миллатлар паради вақтида Ўзбекистон терма жамоасини тоғ чанғичиси Ксения Григорьева давлат байроғини кўтариб бошлаб чиқди. Сочидаги мусобақаларда Ўзбекистондан жами уч нафар спортчи иштирок этади. Очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этмоқда.