Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Янги ёндашув керак

Баҳо:
+1 | -

Мен журналист ёки танқидчи эмасман, балки футбол нонини еб, оила тебратган оддий мураббийман. Ўз футболимизни таҳлил қилиб, маслаҳат беришга ҳаққим борлиги учун ушбу мақолани ёздим.

Ўзбек футболида Рустам Акрамов (назариётчи), Юрий Саркисян (амалиётчи), Ахбор Имомхўжаев (тарғиботчи) ва Миржалол Қосимов (футболчи) кабиларни ғоят ҳурмат қиламан. Ёшлигимда, кўча ўйинини ҳисобга олмаганда, катта футболда ўзимни синаб кўрмаганман. Ҳатто кулгули бўлса ҳам айтаман, тўпни оёқларимда тузукроқ ўйнатолмасдим. Бироқ менда футболга нисбатан иштиёқ, яратувчанлик ва ташкилотчилик кучлилиги боис 4 фарзанднинг отаси, бошқа соҳа мутахассиси, ишлаб юриб, фақат «диплом» учун ўзга юртларда ўқиб келдим. Ҳозир нафақадаман.

Футбол - дунё халқларининг энг севимли ўйини бўлиб, бизгача ўйналган, ҳозир ўйналмоқда, келажакда ҳам ўйналади. Дунё цивилизациясидаги нотекис жараёнлар, давлатларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларидаги тафовутлар, халқларнинг урф-одати, удуми, дунёқараши бўйича хилма-хилликлар жойларда футболнинг бир текис ривожланишига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Келинг, сўзимнинг исботи сифатида Туркистон ўлкасига, икки дарё оралиғи, қолаверса, мозийга бир назар ташлайлик.

Ибн Сино, Беруний, Амир Темур, Навоий, Бобур, ал Хоразмий, Улуғбек каби бобокалонларимиз дунё цивилизациясини олға силжишига самарали меҳнатлари орқали улкан ҳисса қўшганлар...

1917 йилга келиб, Ғарб капиталистик ривожланиш йўлида олға қадам ташлаётган бир даврда, ҳали феодализм қолдиқларидан бутунлай воз кечолмаган Туркистон халқи бундай формацияни четлаб, социалистик тараққиёт тузумига ўтди.

1991 йили биз муҳтарам Президентимиз И.А.Каримов бошчилигида ўзимизнинг ўзбекона давлатимизни барпо этдик. Ҳозирда ўз тараққиёт йўлимиздан оғишмай олға бормоқдамиз. Боболаримиз, оталаримиз, биз маълум давр (70-80 йиллар) ичида феодализм ва социализмда яшадик. Мана, энди кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириб, ҳар соҳада ўз ишимизга ижодий ёндашиб яшамоқдамиз. Аммо ҳали ҳам баъзи оилалар феодализм қолдиқларидан бутунлай воз кечолмаётган бўлсалар, қайсидир оила фарзандлари социалистик тузум руҳи билан яшамоқдалар. Аксарият оилалар эса ақлни ишлатиб, фақат ва фақат ижобий ҳаракатлар, ҳалол меҳнат эвазига мулкдорлар синфини барпо этмоқдалар. Ўтиш давридаги бўшлиқларни билими, ижоди ва ҳалол меҳнати билан тўлдиришни хоҳламаган кимсалар эса бир хил фикрлаб, бошқача иш тутганча, ўзларига берилган ваколатдан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда, керак бўлса, тазйиқ ўтказиб, эгри йўллар билан даромад орттириб, бизнинг ишимиз, эртамиз ва келажагимизни ортга суриб, доимо таҳлика ва аросатда яшамоқдалар.

Изоҳ: мутасадди, мураббий ва футболчиларимиз юқоридаги тарихимизни бевосита бошидан ўтказган оилалар фарзанд ва набиралари бўлиб, футболимиз ҳам шу жараён ривожига қараб, аста-секин олға силжишини тушунтириш мақсадида, узоқ-яқин тарихимизни эслатиб ўтдим.

Спорт мактаби, лицей, коллеж ва академия мураббийлари - ҳаммамиз «оддий футбол яратувчилари»миз. Биз болакайларни яшил майдонга етаклаб, уларга бир неча йил давомида тўп билан муомала қилиш сирларини ўргатдик. Сўнгра иқтидорли футболчиларимизни жамоаларга (олиб кетишмади) элтиб бердик.

Худо берган иқтидорнинг юзага чиқариш нафақат футболчининг ўзи ва жамоасидаги шароит, балки тартиб-интизом ҳамда мураббийнинг маҳоратига ҳам боғлиқдир. Ўзбек футболи савиясини кўтариш, терма жамоани саралаш ўйинларига тайёрлаш, Осиё, жаҳон ва Олимпиада ўйинлари финал қисмига олиб чиқиш учун Голландия, Германия, Россия, Англия ва Бразилиядан ҳақиқий профессионал мураббийларни таклиф этдик. Бироқ улар қисқа фурсатда ёки шартномалари тугаб-тугамасдан ўз ватанларига жўнаб кетдилар. Сабаби оддий: биз футболни уларчалик севолмадик ва тасаввур этолмадик, берган ўгитлари мағзини чақолмадик.

Келинг, ўша голландиялик мутахассисни «Челси» жамоасида ишлатиб кўрайлик. Мураббий машғулот ёки ўйиндан сўнг ҳар бир футболчининг ютуқ камчиликларини бирма-бир кўрсатиб ўтади. Футболчи эса доимо спорт формасини ушлаб, маҳоратини ошириб бориш ва асосий таркибдан муқим жой олиш учун онгли равишда, керак бўлса, хусусий мураббий ёллаб, ўз устида соатлаб, ҳафталаб, ойлаб тинимсиз ишлайди.

Бизда ҳам мураббийлар шу даражадаги футболчиларни кўрмоқчи эдилар. Аммо ўз дунёқарашимиз, футболга нисбатан савиямиз, фикрлашимиз билан уларнинг ўз ишларига бўлган муҳаббатларини сўндирдик. Қисқаси, улар тасаввур қилган футболни ўйнолмадик.

Энди бизни Бразилияга боришдан «озод» этган Жанубий Корея - Ўзбекистон ўйинига яна бир бор қайтайлик. Дарвозабонимиз учрашув давомида 5 марта тўпни юқорилаб тепиб, ўйинга киритди. Тепилган тўпларнинг барчасини рақиб футболчилари эгаллаб олиб, осонгина қайта ҳужумга ўтишди. Шундай вазиятларда дарвозабонимиз тўпни ён томондаги ҳимоячи ёки қулай ҳолатда турган футболчига узатиб, ҳужум ташкил этишга пойдевор қўйса бўлармиди? Майдон маркази атрофида, оддий ҳолатларда, тўп 19 марта рақибларга осонгина бериб қўйилди. Футболчиларимиз вазиятни ўқий олиб, тўпни тезроқ ва аниқроқ узатганларида, биз қўшимча 19та имконият ҳосил қилган бўлардик. Рақиб жарима майдонига қанотлардан тўп 13 марта юқорилатиб узатилди. Шундан 12тасида ҳужум рақиб томонидан бартараф этилди. Шундай ҳолатларда йигитларимиз жарима майдони атрофига жойлашиб, комбинацион ҳаракатлар орқали «девор» усулини қўллашлари ёки рақибларни ёлғончи ҳаракатлар билан чалғитиб, дарвозани узоқроқ масофадан ўққа тутишлари мумкин эди-ку. 4 марта бурчак тўпи тепилиб, 2тасида ҳужумни рақиблар қайтаришди ва 2 марта тўп номаълум томонга кетди. Ягона жарима зарбаси ҳам ноаниқ ижро этилди. Ўйиндаги энг ачинарли ҳолатлардан бири шуки, корейслар бот-бот дарвозамиз атрофини қамал ҳолатда ушлаб турдилар. Кўп вазиятларда тўп рақиб футболчиларидан тортиб олинди ва шу заҳоти дуч келган томонга тепиб юборилди. Ҳимоячимиз тўпни 1-3 сония оёқлари билан ўйнатиб ёки у билан катта тезликда майдон кўндаланги бўйича ҳаракатланса, шу лаҳзада ҳужумчи ва ярим ҳимоячиларимиз тезкор қарши ҳужум уюштиришлари мумкинмиди?

Суаресдек футболчини Тошкентда «мастер-класс» кўрсатишидан бенасиб этган Ўзбекистон - Иордания ўйинини ҳам қисқача таҳлил қиламиз. Дарвозабонимиз томонидан тўп 9 марта ўйинга киритилиб, шундан 7тасида у рақиб ўйинчиларига насиб этди. Рақиб жарима майдонига қанотлардан 32 марта тўп юқорилатиб узатилди. Шундан атиги 3тасида тўп футболчиларимиз томонидан эгаллаб олинди. Рақиб дарвозаси томон 9 марта зарба берилди ва шундан 7тасида тўп дарвоза ёни ёки устидан ўтиб кетди. Энг қизиғи, ўйин давомида тўп 49 (!) марта рақиб футболчиларига «инъом» этилди. Шу 2 ўйин таҳлили футболчиларимизнинг жисмоний, техник-тактик ҳаракатлар (биринчи ўйинда 39, иккинчисида 92 ҳолатда), руҳий тайёргарлик томонидан ҳали жаҳон ареналарида бир маромда тўп суришга тайёр эмасликларини кўрсатиб турибди.

И.Нестеров, С.Жепаров, Т.Кападзе, М.Шацких, У.Бақоев, А.Гейнрих, О.Аҳмедов, Ж.Ҳасанов ва С.Турсунов (футбол учун уларга катта раҳмат)нинг издошлари Ш. Мақсудов бошчилигида Уммон давлатига йўл олишди. Мўъжиза рўй бериб, Хитой устидан ғалаба қозонилди ...ва ҳаммаси ўз ўрнига тушди. Мутасадди ва мураббийларимиз «U-22 терма жамоамизнинг ўзагига айланиб, вақти келиб, бу йигитлар Олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпионати саралаш босқичларида қатнашадилар», деб ният қилдилар. Бироқ улар масаланинг иккинчи томонига эътибор бермадилар. Зеро, ёшларимиз жаҳон чемпионати финал қисмига боргунча асосан фақат бир мураббий қўл остида шуғулландилар. Мундиалдан сўнг истаймизми-йўқ, турли тоифадаги жамоаларда турлича шуғулланиб, ўз фао­лиятларини давом эттирмоқдалар.

Диего Армандо Марадона - Марадона бўлиб, дунёга танилгунча жамоасидаги доимий машғулотлардан таш­қари, ҳар куни хусусий мураббий қўл остида ва тиббий ходимлар назоратида мустақил ишлаган, индивидуал маҳоратини тинмай ошириб борган. Шунинг натижасида дунёнинг тенги йўқ футболчисига айланган. Ҳозирги кунда олий лига жамоаларида камида 5 нафар мураббий фаолият олиб боради. Кунлик машғулотлар охирида мураббийлардан бири дарвозабон ва ҳимоячилар иштирокида тўпни ўйинга киритиш комбинацияси, ҳужумга пойдевор қў­йишни, иккинчиси макетдан «жонли» (жонсиз) девор ўрнатиб, жарима тўплари тепишни, учинчиси турли вазиятлардан дарвозага зарба беришни, тўртинчиси бурчак тўпи ижросини ва бешинчиси вазиятларни голга айлантиришни машқ қилдирса (ҳар куни15-20 дақиқа) бўлмайдими? Нима, футболчилар чарчаб қолишадими? Ёки юқоридаги ҳолатлар футболчи ва мураббийлар учун арзимас жиҳатми?

Келинг, шу ўринда бир масалага ойдинлик киритиб олайлик. Мураббий аслида ким? Наҳотки, у футболда шунчалар муҳим роль ўйнаса? Нега унда Пеле, Марадона (эплолмадилар), Зидан ва Платини футбол юлдузлари бўла туриб, бу йўлни танлашмади? Шахсий тасаввуримдаги мураббий - она ватан ҳиссини қалбига жо қилган, ўзгалар бахти учун ҳаловатини йўқотган, ғояси йўлида жонини фидо этган, ўз футболини кашф этиб, хаёлидаги фантастик жараённи футболчиларнинг яшил майдондаги ижобий ҳаракатлари орқали кўрсатган инсон. Кечаги футболчи (М.Қосимов, Ш. Мақсудов, А.Абдураимов, И.Шквирин, М.Байрамов, У.Тошев, Б. Ашурматов)лар ўз фаолиятларини якунлаб, Европа ва жаҳон тажрибасидан андоза олган курсларда ўқиб, бугун жамоаларда мураббий сифатида ишламоқдалар. Юқоридаги мураббийларнинг ҳаёт йўлига бир назар ташлайлик. Улар мактабнинг бошланғич синфига ўқишга бордилар. Футбол устунлик қилиб, кейин махсус мактаб ва билим юртида алоҳида таҳсил олганча, ўз фаолиятларини жамоаларда давом эттирдилар ва миллий футболимиз ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Бироқ 20 йилдан ортиқ устозларидан олган сабоқлари ва курсларда эгаллаган билимларига таянган ҳолда мураббийлик қилмоқдалар. Агар улар футболчи, футбол ва мураббий тушунчаларининг ҳар бири бошқа - бошқа олам эканлигини юракдан ҳис қилган ҳолда, қишлоқларга бориб, ер (кўрпача)да чордона қуриб ўтириб, қўлда палов еб, ер (кўрпа)да ётиб - улғайган болакайлар билан ишлаб, «ўз футболлари»ни кашф этгачгина, камида 50 ёшдан сўнг лицензия олиб, катта футболга қайтганларида, вақти келиб, ўзбекнинг Гвардиоласи, Бенитеси, сэр Алекс Фергюсони бўлардилар. Қуйидаги икки ҳикоя шояд сизга илҳом бериб, футболга нисбатан қарашларингизни тубдан ўзгартириб юборса.
 
Жарангдор овоз
Ўз ишининг устаси, 7 иқлимга донғи кетган кулол ҳунарини кейинги авлодларга қолдириш мақсадида бир ўспирин йигитни шогирдликка олибди. Шогирд устаси қўл остида оддий лойдан мўъжизалар яратишни ўрганибди. Вақти келиб, уста шогирдига юзланибди:

- Энди сен ҳам уста бўлдинг, бор маҳоратингни ишга сол, ақлингни ишлатиб, ҳалол меҳнатинг орқали мўъжизалар яратгин.

Аммо шогирд устаси ёнидан ҳеч қаёққа кетмаслиги, унга доимо ҳамроҳ бўлишини айтибди. Улар биргаликда ёнма-ён ишлай бошлашибди. Кунларнинг бирида уста тайёр бўлган косани қўлига олиб, айлантириб кўрибди. Ўз меҳнати маҳсулидан завқ олибди. Сўнг­ра косани чертибди. Ундан жарангдор овоз келибди. Шогирд ҳам уста ҳаракатини такрорлабди. Аммо унинг косасидан ғайритабиий «пўх-пўх» овози янграбди. Сезгир ва моҳир уста бу ҳолни кўрибди. Бироқ шогирдига ҳеч нарса демабди. Шогирд эса устадан сўрашга истиҳола қилибди. Шогирд бор маҳоратини ишга солиб, ҳар бир жараёнга меҳр билан ёндашиб, лойга «жон» ато этибди. Лекин косадан яна олдинги овоз чиқибди, холос. Охири шогирд бу ҳол сирини устасидан сўрашга жазм этибди. Уста эса лом-мим демай, ярим тайёр бўлган косани қўлига олиб, «пуфлаб», уни чанг ва ғубордан тозалабди. Жараённи кузатиб турган шогирдига «шундай қилгин», деб ишора қилибди. Маҳсулот тайёр бўлибди. Уста ўз косасини чертибди. Ундан жарангдор садо келибди. Шогирд ҳам ўз косасини ишониб-ишонмай қўлига олибди, айлантириб, разм солибди, сўнгра чертибди. Шогирдининг косасидан ҳам жарангдор овоз эшитилибди. Шунда уста шогирдига яна бир бор оқ фотиҳа берибди:

- Тиришқоқ ва жонкуяр шогирдим, менинг ҳаёт давомчим. Мана, бир неча йилдан бери ўзимда бор ҳунаримни меҳр билан ўргатдим. Аммо сенинг «Пуфлаш ҳам иш бўптими?» деб, эътиборсизлик қилганинг ва ишга лоқайдлик билан ёндашганинг оқибатида азият чекканинг гувоҳи бўлдим...
 
Устоз ва шогирд
Устоз шогирдларининг дунёвий ва диний билимларини синаш мақсадида уларнинг 10 нафарига биттадан хўроз ва пичоқ бериб, топшириқ юклабди:

- Мана шу хўрозларни ҳеч кимга кўрсатмай сўйиб келинглар.

Бир фурсатдан сўнг талабаларнинг 9 нафари ўз хўрозлари бошини танасидан жудо қилиб, қайтиб келишибди. Аммо бир талаба анча ҳаяллабди. Бир пайт ҳалиги талаба минг хижолатга ботиб, устозининг айтганини қилолмаганидан уялиб, хўрозни қўлтиқлаганча қайтиб келибди ва дебди:

- Устоз, ҳеч ким йўқ жойни топдим. Аммо уялиб кетдим. «Хўрозни ҳеч кимга кўрсатмай сўйиб келинглар», деган гапингиз хаёлимдан ўтиб, Худо шоҳид, у ҳаммасини кўриб турибди-ку, деганча қайтиб келдим. Устоз, олдингизда хижолатдаман ва минг бор узр сўрайман...

Устоз иймонли, инсофли ва берилган ўгитларни мустақил фикрлаб, ҳаётга татбиқ эта олган шогирдига билим ўргатишда давом этибди. Устоз изидан борган шогирд унинг барча топшириқларини ақл ва идрок билан ўрганибди. Келажакда эса улуғ донишманд­лар қаторига қўшилибди.

Кулол йигит ўз ишига эътиборсиз, бефарқ бўлганида, хато ва камчиликларини вақтида тузатмаганида, «пўх-пўх» овозли косасини кимга сотарди?

Талаба йигит устози берган ўгитлар мағзини чақмасдан, «Устоз айтди - қўйди-да, ўз билганимдан қолмай», деб фаросатсизларча фикр юритганида, ундан улуғ донишманд чиқармиди?

Ҳурматли мутахассис, мутасадди, мураббий, футболчи ва ҳакамлар. Халқ - футболимиз бош ҳомийси. Футболдан чарчаб, стадионларни тарк этган халқ яна энг кечиримли ва истиҳолали ҳам. Сабр-косаси тўлганида эса энг қизиққон халқ. ПФЛдан тортиб, 2-лига футболигача, биз билмайди, кўрмайди, эшитмайди, сезмайди, деганимиз билан у (халқ) билади, кўради, эшитади, сезади. Аммо фаросатини ишлатар, лоқайдлигини ташлар, вақти келиб, инсоф берар, деганча, юзимизга солмайдиган халқ.

Йиллар ўтиши билан фан ва техниканинг жадал ривожланиши ҳисобига халқ хўжалигининг барча соҳалари такомиллашиб бораверади. Биз учун замонавий стадионлар қурилади, ўзгача майдонлар барпо этилади, футболчиларнинг кийим - кечаклари бошқача тус олади, улар учун ажойиб тренажёрлар ўйлаб топилади. Аммо 50, 100, ҳатто 1000 йилдан сўнг ҳам тўп оёқнинг ички қисми билан оҳиста «силаб эркалансагина» у ўз эгаси қулига айланиши ўзгармай қолаверади.

Давлатимиз томонидан футболга катта эътибор берилиб, клублар ҳукуматимиз қарорига кўра, ҳомийлар ҳисобига кун кўриб келмоқдалар. Энди футболмизни хусусийлаштириш жараёнини ҳам бошлайлик. Демоқчиманки, футболимизни, клубларимизни соҳани севадиган чин фанат ёки ундан фойда кўришни (албатта, ижобий маънода) кўзлайдиган кишиларга бериш энг тўғри йўл бўларди. Чунки бундайлар ҳар бир сўмни қаерга, кимга ва нимага сарфлашни яхши биладилар. Тўғри ҳозирча бизда футболни яхши кўрадиганлар кўп, аммо сарфлашга пуллари йўқ. Пули бор «амаки»нинг эса футболдан фойда олишга кўзи етмайди. Шунинг учун «Навбаҳор» мисолида клубни бошқариш ва маблағ билан таъминлашнинг учинчи йўлини ҳукмингизга ҳавола этаман. Эслатиб ўтай, улкан бойлик илинжида ёки катта амал орзусида юрганлар учун бу йўл тўғри келмайди.

Фараз қилинг, мен кўп тармоқли, хусусий «Навбаҳор» концерни бош директориман (хўжайиниман). Шундай экан, хўжалигимни тиклаб олгунимча, клуб ҳозиргидек ҳомийлар ҳисобига ўз фаолиятини давом эттириб туради. Менинг асосий вазифам: ташкиллаштириш, уюштириш ва назорат қилиш. Икки нафар ўринбосарим бўлиб, бири клуб ишларини юритади, иккинчиси қишлоқ хўжалик ва бизнес ишлари билан шуғулланади.

Энг аввало, бош мураббий билан 5 йиллик шартнома тузаман. Мураббий билан келадиган ёрдамчилар ва 5-6 нафар «саёҳатчи» футболчилар хизматидан воз кечаман. Клубга бошқа жамоалар ва четдан футболчи таклиф этмайман. Бош мураббийга асосий таркибда 3 ва ўринбосарлар таркибида 2 нафар мутахассис ёрдам беради. Улар бош мураббийдан футболни бошқариш сирлари (санъати)ни ўрганишади. Бош мураббий 4 кун асосий таркиб ва 2 кун ўринбосарлар билан ишлайди. Бундан ташқари, бош мураббий (ёрдамчилари билан) ҳафтасига 2 соат вақтини жойларда болалар футболи (машғулот ўтайди)га бағишлайди.

Наманган шаҳри атрофи, туманлар ҳудудидан 50 гектардан жами 250 гектар ер майдони «Навбаҳор» фермер хўжалиги ихтиёри (менинг номимга расмийлаштирилади)га ҳокимлик қарори билан берилади. Биринчи йили 250 гектар ерга пахта уруғи қадалиб, 160 нафар ишчи ўрни ташкил этилади. Гектаридан 30 центнердан жами 750 тонна ҳосил олинади. Пахтадан бўшаган 50 гектар ерга буғдой сепилади. Баҳорда 5 гектар ерга олма, ўрик, шафтоли, беҳи ва хурмо кўчатлари экилиб, ораларида помидор, карам, қалампир, нўхат ва ловия етиштирилади. 200 туп лимон ва апельсин кўчатлари тувакларга ўтқазилади. Кейинги мавсум 195 гектар ерга пахта экилади. Буғдой ўриб олиниб, дони давлатга сотилади. Сомони бир жойга босиб қўйилади. Ке­йинги йилларда иссиқхона (теплица), бўрдоқичилик, товуқ, балиқ боқиш хўжалиги, сўнгра мева ва гўшт маҳсулотлари ва пахтани қайта ишлаш, йигирув-тўқув фабрикалари ишга туширилади. Кейинги 8-10 йил ичида «Навбаҳор» хусусий концернида пахтачилик, боғдорчилик, резавор экинлар, цитрус мевалар, гўшт, сут, тухум, балиқ маҳсулотлари етиштирилиб, тайёр маҳсулотлар билан Наманган бозори тўлдирилади. Туман ҳокимликларининг холисона ёрдамларига таянган ҳолда, ер, ўғит ва техникадан унумли фойдаланиб, ҳар бир сўм тежаб-тергаб ишлатилса, қисқа фурсатда намунали фермер хўжалиги бунёд этса бўлади. Ишлаб топилган соф фойда футболимиз равнақига сарфлангани боис хўжалик маълум муддат барча турдаги давлат солиқларидан озод этилади. Йиллик соф фойданинг 10-20 фоизи концерн хўжайини ва ишчиларга тегади ва қолган қисми болалар футболини ривожлантиришга сарф қилинади.

Мамадали МЎМИНОВ, "Халқ таълими аълочиси", 1-тоифали мураббий

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 08:59, 12.02.2014.
Ўқилди: 7252 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.